05:19 26 Апрел 2019
Эфир
  • RUB131.78
  • EUR9493.15
  • USD8441.36
Совместные военные учения Узбекистана и Таджикистана

Юмшоқ тажовуз: АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик Ўзбекистонга қандай хавф туғдиради

© Министерство обороны Узбекистана.
Аналитика
Ҳавола олиш
Александр Хроленко
627641

Sputnik ҳарбий шарҳловчиси Александр Хроленко АҚШ ва Россия ўртасидаги Ўзбекистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик учун рабоқат тўғрисида

Ўтган йил мудофаа соҳасидаги ҳаражатлар миқдори ЯИМнинг 4%ини ёхуд 1,4 миллиард долларни ташкил этган. Ўзбекистон билан дўстлик ва ҳарбий-техник ҳамкорлик учун АҚШ ва Россия ўртасида геосиёсий кураш давом этмоқда. АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел сенатнинг ҳарбий масалалар бўйича қўмитаси эшитувида Тошкентнинг Америка қуролларини олиш бўйича билдираётган қизиқишлари ҳамда диверсификация борасидаги режалари "Ўзбекистонни Россиядан ҳарбий харидларни амалга оширишдан узоқлаштиришнинг ноёб имконияти”ни яратишини бежизга айтиб ўтмади. Шу билан бирга, генерал, Америка қурол тизимлари Россиядаги муқобилидан кўра қимматроқ туришини айтиб нолигандай бўлган эди.

Тошкент ўз армиясини 2020 йилга қадар энг янги қуроллар билан қайта таъминлашни ва модернизациялашни режалаштирган. Қўшинлар ўта қимматбаҳо Ҳавога қарши мудофаа воситалари, вертолётлар, бронетанк техникаси, артиллерия тизимларига эга бўлади. Қайта қуролланиш учун йилига ажратиладиган 1 миллиард доллардан зиёд маблағлар – Қўшма Штатлар ҳарбий-саноат мажмуаси учун жозибали ютуқдир. Россияни Марказий Осиё қурол бозоридан сиқиб чиқариш – америкаликларнинг устувор вазифаси экани ҳеч кимга сир эмас ва АҚШ Конгессида юқорида келтирилган генерал Вотел баёноти янграши, яъни бу қадар очиқлик – камдан-кам юз берадиган воқелик саналади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг фармони билан ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларини тасдиқлаган эди. АҚШ билан ҳарбий-техник ҳамкорлик, ҳарбий таълим ва кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.

Бундан олдин (2012 йил) Ўзбекистон КХШТ(ОДКБ)ни тарк этган ва Қуролли кучларнинг жадаллаштирилган модернизациясини эълон қилган ҳамда ҳарбий соҳада НАТОнинг қатор мамлакатлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган эди.

Модернизация хусусиятлари

Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон мудофаа имконияти сезиларли даражада ўсди. Дунёнинг энг кучли армиялари рейтингини тузадиган Global Firepower рейтингида Ўзбекистон армияси 136 давлат ичидан 39-ўринни (Руминия ва Беларусдан юқори) эгаллаб келмоқда. Ўйлайманки, 56,5 минг нафар ҳарбий хизматчиси бор ихчам армия учун бу жуда яхши натижа (қиёслаш учун - ўша Руминия армиясида 73 минг нафар аскар бор).

Ўзбекистон қуруқликдаги қўшинлари таркибида 420 дона танк, 715 дона пиёдалар учун жанговар ҳарбий машина, 143 дона ўзи юрар артиллерия қурилмалари, 880 дона артиллерия қуроллари ва 109 дона залп билан ўқ отувчи қуроллар мавжуд. Мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари эса 69 дона қирувчи, 89 дона фронт-бомбардимонлари, 88 дона транспорт самолётлари, 73та вертолётлар, шу жумладан, 25 дона зарба берувчи вертолётларга эга. Рақамлар зўр таассурот уйғотади, бироқ, миллий хавфсизлик манфаатлари ва Афғонистон билан умумий чегара кўп нарсага масъул этади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев армияни модернизация қилиш ва миллий мудофаа-саноат мажмуасини шакллантириш учун хориж давлатлардан кўмакни фаол жалб этмоқда: бир вақтнинг ўзида ҳарбий-техник ҳамкорликни назарда тутувчи 13 та "йўл харитаси" амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик узоқ вақтдан буён "Стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартнома" ва "Иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғридаги шартнома" асосида ривожланиб келмоқда. Ўзбек армияси исломий-жангариларга қарши контртеррористик операцияларни кўп жиҳатдан Россия билан стратегик шерикчилик туфайли муваффақиятли якунлаган ва Марказий Осиёда энг кучли армия, деб тан олинган эди.

Россия, асосан, самолётлар, Ҳавога қарши мудофаа мажмуалари, зирхланган техника етказиб беради. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий техник ҳамкорлик 2019 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик режасига кўра ривожланмоқда.

Модернизациянинг устувор йўналишлари ҳақида хусусан, яқинда Ўзбекистонга 10 донадан зиёд зарба берувчи Ми-35 вертолётларини етказиб бериш тўғрисидаги шартномани мисол келтириш мумкин. Бу винт-қанотли машина Марказий Осиёда юз бераётган ҳарбий амаллар учун яратилган бўлиб, бошқа соҳаларда жанговор қўллашда қайта қуролланиш учун технологик намунадир. Ми-35нинг ўт қудрати асосий рақибларига қараганда 140 фоизга ортиқроқ. Вертолёт кабинаси ичида 8 нафаргача қуролланган ҳарбий хизматчиларни, 1,5 тоннагача ўқ-дориларни ёки бошқа юкларни ташишга қодир.

Диверсификация шеваси

Шу билан бирга, сўнгги йилларда Тошкентда НАТОнинг минтақавий ваколатхонаси пайдо бўлди ва республика: Франциядан Airbus Helicopters компаниясининг 14 дона ҳарбий вертолётлари, Испаниядан - 4 дона енгил турбовинтли С-295W ҳарбий-транспорт самолётларини, Чехиядан эса - авиацияга оид радиоэлектрон асбоб-ускунани олди.

Болгария гранатомётлар учун зарба зарядлари билан таъминламоқда ("Arsenal JSCo" компанияси). Исроил учувчисиз учиш аппаратларини модернизациялашда ёрдам бермоқда. Тошкент Жанубий Кореянинг ҳарбий-саноат мажмуасига қизиқиш билдирмоқда. Қозоғистондан бронетехника келтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Озарбайжон ва Беларус билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ривожланмоқда. Хитой билан ҳарбий таълим соҳасида алоқалар муваффақиятли йўлга қўйилган. Табиийки, америкаликлар ҳам ўзбек ҳарбий ислоҳотида кўмаклашишга, ўзларининг қуролларини кўпроқ сотишга ҳаракат қилишмоқда. АҚШнинг Марказий Осиёга юмшоқ экспансияси - сиёсий кенгайишга интилиши тинмаябди.

ХТҲ бўйича ҳамкорларнинг мўллиги Ўзбекистонга ўз ҳарбий қудратини янада самарали кучайтиришга ва дунё "марказий кучлари"дан тенг масофада бўлишга имкон бераётгандек. Аммо ҳар қандай ҳарбий мутахассисга яхши аёнки, қуролланишнинг байналмилал "коктейли" қўшинларга зарба қудратини оширишдан кўра, жангаворликни қўллаш ва эксплуатация қилишда катта муаммо туғдиради. Хусусан, америка қуроли, Жанубий Корея тактик қуроли "қоришмаси" ва Хитой методикалари бирикмасини тасаввур қилиш жуда мураккаб.

Кадрларни тайёрлаш тизими, қурол-аслаҳа арсенали, стратегия ва тактика – бу ягона технологик жараённинг алоҳида қисмлари бўлиб, уларнинг пировард мақсади қўшиннинг жанговар тайёргарлиги ва ниҳоят, жангда ғолиб чиқишга мўлжалланган. Технология бўғинларидан бирини бошқаси билан алмаштириш бутун ҳарбий организмнинг трансформациясига олиб келиши муқаррар. Мисол учун, ўзбек ҳарбий мутахассисларининг Пентагон инструкторларидан қайта таълим олишлари америка қурол ва жанговор қўллаш стандартларидан фойдаланишга, АҚШ қурол ва тактикаларини дўстона воситалар, алоқа ва ахборот узатиш тизими ҳамда стандартлари билан биргаликда қўллашга олиб келади. Бу каби диверсификация - Вашингтонга тобеликка олиб борувчи тўғри йўлдир. Америка санкцияларини НАТОнинг барча давлатлари салютлар билан қарши олар экан, демак Ғарбий Европадан қурол етказиб берилиши ҳам Оқ уйнинг биргина гажак имзоси билан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Пировардида, американинг халқаро терроризмга қарши кураш тажрибаси (хусусан, АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги бесамар кечган 18 йиллик уринишлари) Марказий Осиёда илғор тактика борасида ёхуд бирор кишини жанг санъатига ўргатишда намуна бўлиб хизмат қилолмайди.

Асосий мавзулар