18:23 18 Сентябр 2019
Эфир
  • RUB146.51
  • EUR10421.13
  • USD9411.30
Дильноза стоит у окна

Эримни қарзини тўлаш учун Америкага кетгандим, у эса ўғлимдан айирди – ўзбек аёли ҳикояси

Sputnik / Дильшода Рахматова
Аналитика
Ҳавола олиш
750560

Ўзбекистон аҳли шу кунларда туркча "Гулпери" сериалини ўзбекона талқинда томоша қилдилар, десак муболаға бўлмайди. Собиқ эрининг каттагина қарзини тўлаш учун Америкага кетган Дилнозага "Грин карта" бахти ҳам таътимади. "Орзулар мамлакати"га кетгач бир йил ўтмай, собиқ эри суд орқали ўғлини тортиб олаётганини эшитиб, шу заҳоти ортига қайтди.

- Дилноза, ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг? Қачон турмушга чиққансиз?

- Бундан ўн йил олдин турмушга чиққанман. Аввал бошидан ҳаётимиз бўлмади, ҳисоб. Ҳали чиллам чиқмасидан қайнонам тинч яшашимга кун бермаган. Ҳам ўқирдим, ҳам уй ишларини қилар эдим. Битта уйда икки келин яшардик. Қайнонам қайн укамни мисол келтириб, келинни адаси уй-жой қилиб берди, ўғлимни ҳам ишли қилди, қолаверса ҳар тарафлама моддий ёрдам бераяпти, сени ота-онанг ҳам эрингга ёрдам берсин, бирга яшашингларга уй олиб берсин, мени бунга кучим ҳам қурбим ҳам етмайди, мен ўз вазифамни бажардим, энди менга тинчлик керак, қачонгача ҳаммамиз бир уйда тиқилиб ўтирамиз, деб ота-онамга ҳам айтмай икки ойлик келинлигимда эрим билан уйдан ҳайдаворишди.

- Қаерга бордиларингиз?

- Квартирада ижарада турдик. 7-8 ой шу тахлит яшадик. Бу орада ҳомиладор бўлдим, жуда оғир ечди. Сиқилишлар, камқонлик, оч қолиб кетишларим ўз таъсирини кўрсатди. Шукрки, ота-онам хабар олиб турди: озиқ-овқат, дори-дармон… Турмуш ўртоғим томондан эса ҳеч ким ҳатто эсламади. Эрим ҳеч қаерда ишламагани етмагандек, ичкиликка берилган эди. Мен ҳомиламдан айрилдим…

Эр ишламагач, ижара пули масаласи муаммо бўла бошлади. Шунда ота-онамдан пул беришларини илтимос қилишга ўтдим. Турмуш ўртоғим иш топишни хаёлига келтирмагач, ижарада турган жойимиздан яна қайнонамни уйларига қайтиб келдик. Эрим ота-онасига энди иш топишини, бундан буёғига ҳаракат қилишини айтиб, ваъдалар берди.

- Сиз бу ваъдаларга ишондингизми?

- Ҳаммаси яхши бўлади, биринчи фарзандимиз нобуд бўлди, энди ақлим кирди, деганида ишонибман.  Бу орада яна ҳомиладорлигимни билдим. Қайнонам, эринг ишламаганига яраша, сен қимирла, деб туртавергач, поликлиникада акушерка-ҳамшира бўлиб ишга ўтдим. Ойлигимни олиб келиб қайнонамни қўлларига тутқазардим. Озиқ-овқат ҳам менинг бўйнимда эди. Эримни сигаретигача кўтариб келган кунларим бўлган. Бу одам бир йилда бир ой одамларни «Грин карта» ўйнатиш билан шуғулланар эди. Лекин менга бирон маротаба ишлаган пулларини олиб келганини билмайман. Пулдан гап очилса, тўйга ва иш бошлашига олган қарзларини ёпиш билан оворалигини айтарди.

2015 йил, ўғлим тўрт ёшга тўлганида, қонуний ажрашдик.

- Демак, ўғлингиз тўрт ёшга тўлганида ота-онангизникига қайтиб келдингиз, шундайми?

- Йўқ, аслида ўғлим 9 ойлигида ўзинг ҳам керак эмассан, боланг ҳам керак эмас, деб мени уйдан ҳайдаб юборишган. Отамникига келганман. Тўрт ёшгача фарзандимни ота-онамни уйида катта қилганман. Ўртада, 2014 йилда фарзандимнинг отаси ва адамлар тенг миқдорда пул қўшиб, мени номимга икки хонали уй сотиб олишди.

Оиламизни тиклаш мақсадида тўрт ойгина муддат бирга яшадик. Аммо эрим яна уйдан чиқишни хаёлига келтирмаётганини кўриб, «боламиз оч, нон, овқат деяпти, ишламайсизми», деганимда ҳали сен мени нафсониятимга тегадиган бўлдингми, деб дўппослаган.

Бу ҳам майли. Тез орада уйимизга мен умримда кўрмаган шахслар кела бошлади. Улар «Эринг биздан 12 минг доллар олган. Қайтармасанг, мол-мулкингни мусодара қилдирамиз», - деб қўрқитарди. «Булар ким? Мендан нима истайди?», деб сўраганимда, жавоб ўрнига мени уриб, ўғлим иккимизни кўчага ҳайдаб чиқарган.

«Айтган пулларини адангга айтиб, топиб келмасанг, бу уйга кирмайсан. Уйни ҳам, ўғлимни ҳам сенга бермайман» деган.

Шундан сўнг у билан қонуний ажрашишга қарор қилдим. Ажрашишим билан, менга «Грин карта» ютуғи чиққан. Ақш элчихонасига фарзандим билан бирга келганимда, фарзандимга суд орқали отаси томонидан таъқиқ қўйилганини билдим.

Аммо ўғлимни оёққа турғазиш учун, ишлагани кетишим керак эди. Қолаверса, собиқ эрим «мен бу пулларни шахсан олмаганман, бу пуллар сенинг номингда бўлган уй учун сарфланган» деб бўйнимга катта қарз қўйиб қўйган. Иложсиз эдим. Нотариал ишончнома орқали ўғлимни ота-онам қарамоғида қолдириб, Америкага ишлагани кетдим.

Бир йилча ишлаганимдан сўнг, бу вақт оралиғида собиқ турмуш ўртоғим суд орқали болани ўзига олишга ҳаракат бошлаганидан хабар топдим.

Дильноза и ее сын раскрашивают картинки
Sputnik / Дильшода Рахматова
Дильноза и ее сын раскрашивают картинки

Тасаввур қилаяпсизми? Мени иложсиз аҳволда қолдириб, яна юрагимга зарба беришга ўтганди у. Ахир мен дам олгани кетганим йўқ. Боламни детдомга ташлаб кетмаганман. Фарзандим учун жонимни беришимни билган ҳолда, у энг нозик жойимга зарба беришга ўтган эди.

- Фарзандингизни тортиб олаётганини эшитгач нима қилдингиз?

- Бир кунда етиб келганман. Мен қайтиб кетмас эдим, лекин ишхонам билан тузилган шартнома бор эди, қолаверса номингга очилган ҳисоб-рақамларни ёп, дипломларингни олиб, кейин кетасан, деб ёзма равишда Америкага чақириб олишди. Бир ярим йилдан сўнг батамом қайтиб келдим. Собиқ эрим аллақачон яна уйланган эди. Судга мурожаат қилиб, фарзандимни қайтариб олишга ҳаракат қилдим. Наркология диспансеридан тортиб, руҳшунослар кўригидан-да ўтдим.

Суд қарори мени фойдамга ҳал бўлди. Суд қарори билан белгиланган кун фарзандимни олиш учун собиқ турмуш ўртоғим яшайдиган мени номимдаги квартирага кириб борганимда, биринчи қаватдаёқ мени қўлларида телефон билан кутиб турган қўни-қўшниларга дуч келдим. Ҳаммасини камераси мен томон қаратилган эди. Нима қилишни билмай, тепага, хонадонга чиқдим. Ичкарига кирсам, бир уй одам ҳамма ҳар тарафдан мени телефон камерасига съемка қилишни бошлашди. Ўғлим кутилмаганда бақириб йиғлашга тушди.

Қандай қилиб, уни қўлидан тортиб, қочиб чиққанимни билмайман. Ортимдан ёғилган ҳақоратлар, қўшниларни бақир-чақири… Эсласам, ҳали ҳам титраб кетаман.

Пастда мени кутиб турган ота-онамнинг олдига келгач, ўғлимни бағримга босиб, "болам, мен нима қилсам ҳам сени деб қилдим-ку, сени яхши кўраман, ўғлим", деб йиғлаб юбордим. Дилбандим эса: «Ойижон, мен ҳам сизни кутиб яшадим. Менга сиз ҳақингизда ёмон гаплар айтишарди. Мени ҳеч қачон ташлаб кетманг», -деди, холос…

Мен онаман, қандай қилиб тирик бўла туриб ўз фарзандимни ўгай онани қўлига топширишим мумкин!? Илгарилари, ўғлимни қайтарса бўлди, ўша квартирани ҳам унга ташлаб чиқиб кетаман, дердим. Энди билдим, инсон ўз тақдири, ўз шаъни учун курашиши керак экан. Мени пулимга келган мол-мулкни ҳам тез орада қайтариб оламан. Ҳаёт синовлари туфайли кучли бўлишни ўргандим.

Асосий мавзулар