19:54 13 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB148.82
  • EUR10455.03
  • USD9490.77
Выставка Бал Роботов

Мен “катта ака” эмас, “катта қулоқман” - сунъий онг бўйича мутахассис

© Sputnik / Владимир Астапкович
Аналитика
Ҳавола олиш
45720

Интернетда шахсий маълумотларни ким ва нима учун тўплайди – сунъий онг бўйича мутахассис энг замонавий ахборот технологиялари ҳақида ҳикоя қилиб берди.

ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Биз телефон ва ноутбук камерасини ёпиб қўй, эҳтиёт бўл ўзинг ҳақида ҳамма нарсани ошкор қилаверма, бизни “катта ака” (большой брат) кузатаяпти, деган гапларни кўп эшитганмиз.

- Мен “Катта ака” эмас, “катта қулоқман”, ҳеч кимни атайлаб кузатмайман, мен фақат сиз ўзингиз очиқ манбааларда, ижтимоий тармоқларда айтган гапларингизни эшитиб сиз ҳақингизда хулоса чиқараман, - дейди Россияда "сунъий онг" бўйича етакчи мутахассислардан бири Артур Хачуян.

Хачуян, дастлаб, интернетда кимлар ва қандай мақсадларда одамлар ҳақида шахсий ахборот ва бошқа маълумотларни тўплаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда одамлар ҳақида батафсил маълумот тўпловчи энг йирик восита бу – ижтимоий тармоқлардир. Масалан, Facebook, Instagram ва бошқалар.  Улар барча фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжлари ҳақида батафсил маълумот жамлаб, уни бизнес вакилларига сотади. Бўлмаса кимга керак сизнинг пляжда, ўрмонда ёки итингиз ёнида тушган фотосуратларингиз? Ахир миллион-миллион гигабайт маълумотларни сақлаш учун қанча сервер, инфратузилма керак. Буларнинг ҳаммасига улкан маьлағлар сарфланади, - дейди мутахассис.

Иккинчи йирик ахборот тўпловчи бу давлат бўлади – давлат томонидан ахборот тўплаш, биринчи навбатда, хавфсизлик муаммоларини ҳал қилса, ундан сўнг - жиноятчилик билан кураш, солиқ ва турли тўловларни ўз вақтида йиғиб олишни таъминлаш ва ижтимоий ёрдамни керакли фуқарога етказиб бериш каби мақсадларда амалга оширилади. Иккинчидан, давлатнинг ўзида ҳам биз ҳақимизда жуда кўп маълумот бор. Масалан, палончи 5йилдан бери алимент ёки солиқ тўламайди, лекин қандайдир йўл билан у янги машина сотиб олган ёки хорижга дам олишга отланмоқда. Давлат бундай маълумотдан қандай фойдаланишни билиши керак.  

Учинчи тоифа ахборот йиғувчилар – булар хакералар. Дарров хавотирга тушманг, аксарият ҳолларда уларни оддий одамлар қизиқтирмайди. Улар кўпинча йирик сиёсатчилар ёки бизнесменлар, шунингдек шоу юлдузларининг ҳаётни кузатиб турли маълумотларни йиғиб боришади. Баъзан бундай фаолият рақиб томон буюртмаси асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Жамланган маълумотлар шантаж, ўғирлик ва бошқа ғаразли мақсадларда ишлатилиши мумкин.

Жамланган маълумотдан қандай фойдаланилади

Тасаввур қилингки, қўлингизда бутун Россия аҳолиси ҳақида улкан ҳажмда маълумот жамланган, хўш уни нима қилиш мумкин? Биринчидан – чакана савдо, маркетинг ёки реклама компанияларига сотиш мумкин. Иккинчидан – уни таҳлил қилиб таҳлил натижаларини сотиш мумкин. Бунинг учун бизга “Сунъий онг” керак бўлади.

Бугунги кунда “Сунъий онг” тушунчаси матбуотда тез-тез тилга олинмоқда. Аслида у бир ёки бир неча алгоритмлар мажмуасидир холос. Сунъий онг оммавий тадбирлар ўтказишда хавфсизликни таъминлаш учун катта ёрдам бермоқда. Масалан, 2018 йилда Москвада бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Россия  хавфсизлик хизматлари “Сунъий онг”дан унумли фойдаланишди. Ўзининг агрессив “ўтмиши” билан машҳур бўлган кўплаб футбол мухлисларига билет сотиш босқичидаёқ рад жавоби берилди. Иккинчидан, футболдан сўнг мухлислар жамланадиган жойлар прогноз қилиниб, у ерларда керакли хавфсизлик чоралари кўрилди.

Сунъий онг билан бирга “Скоринг” тушунчаси ҳам кириб келмоқда. Скоринг деганда, инсоннинг сўнги бир неча йилдаги фаолияти - ўзини тутиши, солиқ ва жарима, қарзларни вақтида тўлаши, судланганлиги, катта ва кичик безорилик ёки автобусда билетсиз юриш каби барча фактлар қайд этиб борилади. Керак бўлганда, масалан, у банкка кредит олиш учун мурожаат қилса, скоринг тизими бир сонияда кредит бериш ёки бермасликни ҳал қилади. Айтишларича Хитойда ана шундай тизим бир неча йилдан бери ишлаб турибди. У ерда скоринг тизими мамлакат ичида ўзини “яхши тутмаган” фуқароларга хорижга чиқиш паспорти бермас экан.

Умуман сунъий онгни жорий этиш бўйича Хитой дунёда биринчилардан бўлган десак хато бўлмайди. У ерда иқтисод ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари рақамлаштириш 15 йил олдин бошланган ва ушбу соҳага улкан сармоялар киритилган.

Ҳа айтмоқчи, биз яқинда сунъий онгдан фойдаланишнинг яна бир муваффақиятли услубини топдик. Тажриба тариқасида онлайн никоҳ агентлиги ташкил қилдик. У ерда сунъий онг ёрдамида бир бирига мос келадиган жуфтликларни танладик. Бу ишда бизга 10дан ортиқ профессионал руҳшунослар ва бошқа мутахасислар ёрдам беришди. Натижада сунъий онг ёрдамида танланган 100та жуфтликдан 87та жуфтлик бир бирига мос тушди. Албатта, сунъий онг сизнинг юрагингизга севги туйғусини жойлаб қўя олмайди, лекин миллионлаб одамлар орасида айнан сизга имкон қадар кўпроқ хусусиятлари билан мос келадиган кишини танлаб бериши мумкин.

Умуман олганда, агар ўзингиз қонунга зид иш қилмаётган бўлсангиз, сунъий онгдан ёки кимдир сиз ҳақингзда ахборот тўплашидан қўрқмаса ҳам бўлади, чунки аксарият ҳолларда улар айнан сизга мос келадиган маҳсулот ва хизматларни таклиф қилмоқчи холос, деб хулоса қилди мутахассис.  

Асосий мавзулар