04:54 17 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB148.82
  • EUR10455.03
  • USD9490.77
Нефтяные станки-качалки

Дунёда қанча нефть қолган ва у қачон тугайди?

© Sputnik / Максим Богодвид
Аналитика
Ҳавола олиш
105620

Буюк Британиянинг BP Statistical Review of World Energy йиллик ҳисоботига кўра, жорий йил бошига келиб дунёда нефтнинг ўрганилган умумий ҳажми 1,7 триллион баррелга тенглашди.

ТОШКЕНТ, 14 окт — Sputnik, Александр Лесных. IHS Markit таҳлилларига мувофиқ, дунёда янги анъанавий нефть конларини ўрганиш 70 йил илгариги кўрсаткичларгача тушди. Ҳудди шу замон, Американинг сланец қазилмасининг ўсиш суръатлари биринчи яримйилликда рамзий 1% гача қисқарди. Бу 2018 йилги ҳудди шундай муддатлар билан солиштирганда 7 баравар кам.

РИА Новости тадқиқоти бўйича, яқин йилларда қора олтин қазилмаси ўз рентабеллигини йўқотади ва бутун инсоният энергиянинг муқобил манбаларига диққатини қаратишга мажбур бўлади.

Дастлабки ҳисоботлар

Британиялик BP Statistical Review of World Energyнинг йиллик ҳисоботларига кўра, жорий йил бошига келиб дунёда нефтнинг ўрганилган умумий ҳажми 1,7 триллион баррелга тенглашади. Қора олтиннинг энг йирик заҳиралари Венесуэлада бўлиб, улар 303 млрд баррелни ташкил этади. Саудия Арабистони 297 млрд баррель билан бу навбатда бир оз орқада қолади. Кейинги ўринларда – Канада (167 млрд), Эрон (155 млрд), Ироқ (147 млрд) ва Россия (109 млрд). Шу орада АҚШнинг қора олтин заҳиралари анча паст кўрстакичга эгалиги (61 млрд баррель) қайд этилган.

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг ўзидаёқ жаҳон бозори нефть танқислиги билан юзлашди. Ер остидан кунига 94,7 млрд баррелни қазиб чиқариш орқали бутун дунёда нефть 5,5 %га кўпроқ (99,8 миллион) ёқиб юбормоқда. Бу ОПЕК мамлакатларининг мақбул нарх-наволарни сақлаб қолиш учун қазилмаларини сунъий қисқартиришни бошлагани билан боғлиқ.

Бу каби кўрсаткичлар давом этиши билан нефть бутун инсониятга яна 50 йилга етади. Аммо муаммо шундаки, аниқ ўрганиб тасдиқланган заҳиралар ҳеч нарсага кафил бўла олмайди, чунки қазилмалар ҳар доим ҳам ҳаражатларни оқламайди. Жорий йил октябрь бошидаги кўрсаткичларга кўра, Россия ер ости заҳиралари инвентаризация қилиниб, мавжуд маҳаллий нефть конларининг 67%и даромадли деб топилди. Нефтнинг тахминан учдан бир қисми уларни ишлаб чиқилишига кетадиган ҳаражатларни оқламаётганлиги ҳам таҳлил ҳисоботида қайд этилади.  

Хитойда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Бир ҳафта илгари PetroChina (Хитой миллий нефть ва газ корпорацияси - CNPCнинг шўъба корхонаси) мамлакат шимоли-ғарбида жойлашган Сичуан чуқурида углеводородларнинг улкан заҳираларини аниқлади. Хусусан, у ерда 358 миллион тонна нефть (2,6 миллиард баррель) ва 740 миллиард кубометр сланец гази топилди.

Аммо экспертлар бу заҳиралар ер қаръидан ташқарига чиқишига шубҳа билдирмоқда. Уларнинг қазиб чиқарилиши нафақат транспортировка учун қуриладиган инфраструктурага, шу билан бирга ёқилғини қайта ишлашга ва қазиб олиш технологияларига сарфланадиган каттадан-катта сармояларни талаб қилади. Заҳираларнинг асосий қатламлари 3,5 километр чуқурликда жойлашган.

Гидроёрилишга (сув насослар орқали қудуқларга қуйилиб, у босим остида қатламларни ёриб чиқаради ва ёқилғининг ташқарига чиқишига олиб келади) ўхшаган усуллар бундай чуқурликда самарасиз бўлибгина қолмай, ҳалокатли ер силкинишларига ҳам олиб келиши мумкин. Ушбу маънода ХХР учун нефть, трубопровод гази ва қуйилтирилган табиий газни импорт қилиш арзонга тушади ҳамда бу хавфсизроқ деб ҳам топилади.

Сланец барчасидан бардошлими?

IHS Markit таҳлилчиларининг ҳисоботига қараганда, 2014 йилда нефть нархларининг тушиши нефть ва газ соҳаси инвесторлари анъанавий лойиҳаларга эмас, балки сланец нефтни қазиб чиқаришдаги истиқболли технологияларга маблағ ажратишни афзал кўрдилар.

Сланец конларида қазилма ишларини олиб бориш чуқур сув остида олиб бориладиган қазилма ишларидан камроқ вақт талаб қилади ва пировардида, инвестицияларнинг қопланишини тезроқ таъминлайди. 

Шундай бўлишига қарамасдан, АҚШ саноати статистик маълумотларига кўра, сланец нефти фақатгина вақтинча ечим бўлиб чиқди. Жорий йилнинг биринчи яримйиллигида ўтган 2018 йилги кўрсаткичлар билан солиштирганда, мамлакатда ер остидан бор-йўғи 1% га кўпроқ нефть қазиб чиқарилди, ваҳоланки ундан олдинги 2017 йилда ўсиш 7%га тенг эди.

Бундай ҳолат асосий конларнинг тугалланганидан далолат беради. Августнинг ўзидаёқ, Wood Mackenzie таҳлилчилари АҚШнинг сланецга бой минтақаси – Перм бассейнида (Permian basin) қазиб чиқарилаётган нефтнинг таркибида сув ҳажмлари сезиларли даражада кўтарилаётганига эътиборини қаратганди.

Жорий йилнинг биринчи яримйиллигида Перм бассейнидаги янги аниқланган қудуқлардан 2018 йилга қараганда 12% га, 2017 йил билан солиштирганда эса 16% га камроқ сланец қазиб чиқарилган. Бундай шароитларда нефтчилар янада кўпроқ қудуқларни қазиб чиқаришга мажбур бўляпти. Ҳатто бир баррелнинг нархи 60 долларга тенг бўлган бир пайтда, яъни тадбир ўта даромадсиз ҳисобланган тақдирда ҳам бу фаолият тўхтатилганича йўқ. Экспертлар таъкидлашича, агар қора олтин 10 долларга қимматласа ҳам, АҚШда сланец қазиб чиқариш кунига 200 минг баррелга ўсади, бу ҳам ўтган йилги кўрсаткичга қараганда анча паст.

Натижада, сланец ишлаб чиқарувчиларининг ваъдаларига қарамасдан, инвесторларнинг ҳаражатлари қопланганича йўқ: сўнгги 10 йил мобайнида улар даромад кўрган нархдан 200 млрд АҚШ доллардан зиёд маблағ сарфлаганликлари аниқланди.

Вақт оз қолди

Камайиб бораётган нефть муаммоси, табиийки, Россияда ҳам ўтказилаётган таҳлиллар диққат-эътиборида. “Агар ҳеч нима қилмасак, салбий оқибатлар билан эрта юзланишимизга тўғри келади. 2018 йил кўрсаткичлари бўйича 553 миллион тонна қазиб топилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 570 миллионга чиқиши кутилмоқда. Бундан кейин кўрсаткичлар аста-секин пасая бошлайди ва 2035 йилда қазилмалар 310 миллионгача тушиши мумкин бўлади, яъни 234 миллион тонна - умумий қазиб чиқариш ҳажмидан салкам 44% йўқотилади”, - деб сентябрь ўртасида Россия энергетика вазири Александр Новак эълон қилганди.

Россиянинг 2035 йилгача энергетик стратегияси лойиҳасида вазирлик вакиллари томонидан 2030 йилга келиб, қора олтинга бўлган эҳтиёж бутун дунё бўйлаб туша бошлайди, дея прогноз қилган. Халқаро энергетика агентлигида ҳам ҳудди шундай ғоя қўллаб-қувватланмоқда. Агентлик экспертларининг фикрича, бутун дунё бўйлаб нефтга бўлган эҳтиёж ўз чўққисига 2025 йилга келиб етади, ундан сўнг бозор “иштаҳалари” пасая бошлайди. Бунинг сабаби этиб муқобил энергетика манбалари – газ, шамол генерацияси, атом ва гидроэнергетикага ўтиш кўрсатилмоқда.

Асосий мавзулар