14:09 12 Декабр 2019
Эфир
  • RUB149.88
  • EUR10545.67
  • USD9537.55
Встреча президентов стран ЦА в Ташкенте

"Маслаҳатли ош тарқамас": МО етакчилари Тошкентда нималарга келишдилар?

Sputnik / Дильшода Рахматова
Аналитика
Ҳавола олиш
119530

2017 йил Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатда асосий эътибор - минтақага қаратилиши, республика биринчи галда Марказий Осиё давлатлари билан ахил қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор беришини қатъий таъкидлаган эди.

Шу билан бугунги кунда Марказий Осиёни янгича қиёфада бутун жаҳонга қайтадан кашф қилаётган "илиқлашув" жараёнига тамал тоши қўйилди.

Марказий Осиё - умумий уйимиз

Марказий Осиё раҳбарлари иштирокида 2018 йилнинг март ойида Қозоғистон пойтахти - Нур-Султонда биринчи маслаҳатлашув форматидаги норасмий саммит ўтказилган. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари бунга қадар тўққиз йил муқаддам - 1998 йилда Ашхобод шаҳрида учрашганлар.

Президенты стран СНГ

Тошкент шаҳридаги иккинчи маслаҳатлашув учрашуви бугун, 29 ноябр куни Қозоғистоннинг биринчи президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков иштирокида бўлиб ўтди. Норасмий саммитга қоидага кўра, мезбон мамлакат раҳбари - Шавкат Мирзиёев раислик қилди.

Мирзиёев ҳамкасбларни ташриф билан самимий қутлар экан, ушбу учрашувга эҳтиёж катталигини, бу норасмий саммит - Марказий Осиё халқларининг ҳамкорликни кенгайтириш, минтақада ишонч ва ахил қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган самимий интилишлари ва қатъий сиёсий иродаси далилидир, деди.

Учрашувдан мақсад - янги ташкилот яратиш эмас

Шу билан бирга, Ўзбекистон президенти, бу форматдаги учрашувдан бошқа маъно излаш керакмаслиги борасида ҳам алоҳида тўхталди.

Шавкат Мирзиёев
Sputnik / Дильшода Рахматова
Шавкат Мирзиёев

"Эътиборингизни муҳим бир масалага қаратмоқчиман, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви формати қандайдир янги минтақавий ташкилот тузилаётгани ҳақида гапиришга асос бўла олмайди. Биз Маслаҳат кенгашимиз. Бир-биримиз билан учрашиб, ҳозирда мавжуд муаммоларимиз, келгуси режаларимиз ҳақида маслаҳатлашамиз. Масалалар кўп. Улар қачон ечилади? (Қачонки) бир-биримиз билан муносабатларимиз яхши бўлса, қўшничилигимиз яхши бўлса",- дея тушунтирди Мирзиёев.

Назарбоевга юксак унвон

Норасмий саммитда Қозоғистонни тақдим этган Элбоши Нурсултон Назарбоев тор доирада ўтган музокаралар натижасига кўра, Марказий Осиё раҳбарлари Маслаҳатлашув учрашувининг Фахрий раиси этиб сайланди. Ўзбекистон президенти бу ҳақда эълон қилар экан, Назарбоевнинг 30 йиллик раҳбарлик фаолиятини алоҳида эътироф этиб ўтди. "Марказий Осиё масалалари, муаммолари ва ечимлари борасида Нурсултон Абишевич ўз фикрига эга, мен ўйлайманки, биз бундан тўғри фойдаланишимиз керак", - деди Ўзбекистон етакчиси.

Аввал иқтисод - кейин сиёсат - Мирзиёев таклифи

Марказий Осиё  давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз ҳамкасблари эътиборини иқтисодий ҳамкорликка қаратди. Хусусан, қўшни давлат раҳбарларига биринчи навбатда иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди.

Катта бозор, хом ашёлар захираси ва инсон ресурсларига эга бўлган минтақа ичида савдо муносабатлари ривожланиши ва қўшилган қиймат занжири шаклланиши лозим, деди Мирзиёев.

Иккинчи муҳим йўналиш сифатида, минтақада замонавий транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришни, транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузилишини ва ушбу соҳада битим имзолашни тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Учинчи ўринда, Мирзиёев Марказий Осиёда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш ҳамда замонавий энергетика инфратузилмасини яратиш борасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди. 

Тўртинчи навбатда, Ўзбекистон президенти – Марказий Осиёда ягона, кўпчилик танийдиган туризм бренди ташкил қилишни, ушбу мақсадда "Марказий Осиё бўйлаб саёҳат" халқаро туризм конференциясини ўтказиш таклифини билдирди. 

Дўстлик - абадий. Лекин битим ҳам керак - Назарбоев таклифи

Нурсултон Назарбоев музокаралар давомида бир йил олдин Қозоғистонда бошланган мулоқот Марказий Осиё тарихида янги саҳифани очиб берганини қайд этиб ўтди. "Учрашув ҳамкорлик картинасини яхшилади. Мулоқот бешта мамлакатга дўстлигимиз абадий яшаши ҳақида сигнал берди", - деди у.

Қозоғистоннинг биринчи президенти сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари халқлари фаровонлигини ошириш мақсадида иштирокчи-давлатлар салоҳиятини бирлаштириш лозим. Бунинг учун аввало "Марказий Осиёни XXI асрда ривожлантириш мақсадида ахил қўшничилик ва ҳамкорлик мақсадлари тўғрисидаги битим"ни қайта имзолаш керак бўлади. Ушбу ҳужжатда беш мамлакат ўзаро ҳамкорлигининг асосий базавий тамойиллари ва мақсадлари ўз аксини топиши керак. Шунингдек, мамлакатлар суверенитети, мустақиллик ва территориал яхлитлиги ҳақидаги низомлар ҳам.

Бундан ташқари, минтақада хавфсизликни таъминлаш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари Хавфсизлик Кенгашлари котиблари учрашуви ўтказилиши лозим. Назарбоев, шунингдек, МО мамлакатлари ўртасида товарлар, хизматлар ва капитал ҳаракатланишида чеклов бўлмаслиги кераклиги ҳақида гапирди. Ҳамда ҳар йили 15 мартда МО давлатларида янги айём - Марказий Осиё кунини нишонлаш таклифини ўртага ташлади.

Иқлим ўзгаришлари ва сув ресурслари - Эмомали Раҳмон таклифлари

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон МО етакчилари эътиборини иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хатарини камайтириш сингари масалаларга қаратди.

"Тожикистон Мустақилликка эришган биринчи кунлардан бошлаб мамлакатларимиз ўртасидаги кўпқиррали шерикликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш тарафдори бўлган", - деди Раҳмон.

Тожикистон раҳбарининг таъкидлашича, бу сингари конструктив руҳдаги маслаҳатлашувлар натижалари минтақавий интеграллашувга қаратилган ва мамлакатларнинг янада яқинлашишига хизмат қилади. Бу орқали иштирокчи-давлатлар халқлари ҳаёт шароитлари ҳам яхшиланади.

Раҳмон сўзларига кўра, савдо ва иқтисод, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт ва коммуникация инфратузилмаси ривожи, сув ресурсларидан рационал фойдаланиш сингари соҳалар Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасида ҳамкорликнинг муҳим омиллари бўлиши мумкин.

Сув учун компенсация - Жээнбеков таклифи

Музокаралар давомида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков минтақада юзага келиши мумкин бўлган экологик муаммолар хусусида тўхталди.

"Бизнинг тоғларда минтақадаги барча сув ресурсларининг 45%и шаклланади. Табиийки, тез орада дарёларда сув сатҳи пасайиши муаммосига дуч келамиз. Натижада, бу Марказий Осиё экологиясига, ҳамкорликдаги иқтисодий фаолиятга таъсир кўрсатади, йирик ГЭСлар салоҳияти пасаяди", - деди Қирғизистон раҳбари.

Бошқача қилиб айтганда, Қирғизистонда музликларнинг кескин пасайиши бутун минтақа учун ижтимоий, иқтисодий ва экологик оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳозирдан музликларни сақлаб қолиш бўйича халқаро ҳамкорликни бошлаб, сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш керак.

"Шу муносабат билан Марказий Осиёда сув захираларини тўплаш учун компенсацияга оид ўзаро манфаатли механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни таклиф қиламан, умид қиламизки, сувни тўплаш, сақлаш, бошқариш ва етказиб бериш борасидаги ҳаражатларимиз тегишли тарзда ўзини оқлайди", - деди Жээнбеков.

Қирғизистон етакчиси ўз чиқишида йўллар бўйича энг йирик лойиҳа ҳисобланган - Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг қурилиши - бутун минтақа транзит салоҳиятини сезиларли яхшилаши, темир йўл Европа ва Осиё ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўташига умид билдирди.

МО тараққиёти учун "5+" формуласи - Бердимуҳамедов таклифи

Туркменистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 5+ формуласида ҳамкорликни жадаллаштириш таклифини илгари сурди.

"Бизнинг вазифамиз - минтақа соғлом иқтисодий рақобатнинг замонавий талабларига жавоб бериши, дунёда рўй бераётган жараёнларнинг тўлақонли ва самарали шеригига ва ажралмас қисмига айланиши учун қўлдан келганча ҳаракат қилиш. Бунинг учун Марказий Осиё мамлакатларига минтақада замонавий энергетика ва траспорт-транзит тузилмасини вужудга келтириш сингари ташаббус зарур. Бу мақсадларга етишиш учун йирик хорижий инвесторларни жалб этиш лозим бўлади. Шу боис минтақа мамлакатлари ташқи шериклар билан ўзаро манфаатларга асосланган узоқ истиқболга эга ҳамкорлик стратегиясини қуришлари талаб этилади", - деди Туркманистон президенти ва бунда 5+ формуласи бўйича анча жадаллашган ҳамкорликни қайд этиб ўтди.

Бу ерда Марказий Осиё давлатларининг ЕИ, АҚШ, Россия, Япония, Жанубий Корея билан ҳамкорлик форматлари назарда тутилмоқда. Бундай форматдаги ҳамкорликка дунёнинг бошқа етакчи мамлакатларида ҳам қизиқиш бор. Бундай учрашувлар кун тартиби жуда кенг ва ранг-баранг бўлади, бироқ асосий эътибор иқтисод, энергетика, транспорт ва логистика масалаларига қаратилади.

Бердимуҳамедов Тинч океанига тўғридан-тўғри чиқишга эга бўлмаган минтақа давлатлари шарқий Каспийнинг порт инфратузилмаси салоҳиятидан максимал фойдаланишлари кераклигини қайд этди. Бу орқали маҳсулотларни Европа, Россия, Кавказ орти, Яқин ва Ўрта Шарқга экспортини амалга ошириш мумкин. Туркманистон бу мақсадлар учун ўз портларини қулай шароитларда тақдим этишга тайёрлигини билдирди.

Келажак кўчатлари 

Норасмий саммит сўнгида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ОАВ вакиллари билан учрашди ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича баёнот берди.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, бугун МО мамлакатлари олий даражадаги минтақавий мулоқотни ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичига кўтарилди. 

"Ҳеч шубҳасиз, биргаликдаги интилишларимиз билан олдимизда турган барча мақсадларга албатта эришамиз. Марказий Осиёни хавфсиз ва барқарор тараққиёт минтақасига, кўпқиррали шериклик маконига айлантирамиз. Муҳими биз ҳамфикрмиз, режаларимиз ҳам бир, барча муҳокама қилинган масалалар бўйича якдиллигимиз бор", - деди Ўзбекистон президенти.

Самарали музокаралардан кейин Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчатлар ўтқазди.

Главы государств СНГ высадили деревья
Главы государств СНГ высадили деревья

Бу дарахтлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистоннинг мустаҳкам дўстлиги ва ҳамкорлиги рамзи сифатида ёнма-ён ўсади.

Навбатдаги Маслаҳат учрашуви эса 2020 йили Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади.

Асосий мавзулар