21:53 14 Декабр 2019
Эфир
  • RUB149.88
  • EUR10545.67
  • USD9537.55
Официальный визит президента РФ В. Путина в Париж

Ўлик мия билан юбилей. Россия НАТОдаги келишмовчиликлардан наф кўрадими?

Алексей Никольский
Аналитика
Ҳавола олиш
84410

НАТОнинг юбилей саммитида байрамона муҳитни сақлаб қолиш мумкин ёки йўқ, айтиш қийин. Қарама-қаршиликлар кўплигидан тадбир кўзлардан анча йироқда - Лондон марказидан 30 километр нарида ўтказилмоқда. Юбилей таъзияга айланиб кетмасмикин?

ТОШКЕНТ, 3 дек - Sputnik, София Мельничук. Эммануэль Макрон сўзлари билан айтганда, "мияси ўлган" Шимолий Атлантика альянси рахбарлари ҳаётий зарур масалаларни муҳокама қилишади. НАТОнинг 70 йиллигига бағишланган саммитда байрамона муҳитни сақлаб қолиш мумкин ёки йўқ, айтиш қийин. Қарамақаршиликлар шунчалик кўп йиғилганидан тадбир кўзлардан йироқроқда - Лондон марказидан 30 километр узоқда ўтказилмоқда. Юбилей таъзияга айланиб кетмасмикин, бу ҳақда РИА Новости материалида ўқинг.

Еттинчи ўн йилликда мия ўлими

"Хартфордшир графлигининг 300 акр майдонга эга хушманзара қишлоқ ҳудудида жойлашган Grove Resort курорти – бу 5 юлдузли, юқори сифатли ҳордиқ": Лондондан 28 километрда жойлашган, НАТО давлатлари раҳбарлари йиғиладиган отель расмий сайтида шундай реклама сўзлар келтирилган.

Энг яхши курорт мажмуалари, гольф майдончалари ва ресторанлар - улар хизматида. Аммо, вақтичоғлик қилишга вақт қолмаслиги мумкин – муаммолар бир талай тўпланиб қолган, уларни шу бугун ҳал қилиш амримаҳолдир, ҳеч бўлмаса муҳокама қилиш зарур.

"Европа тубсизлик ёқасида турибди ", деган эди сал олдин Франция раҳбари Эммануэль Макрон, Евроиттифоқ ўзини нафақат иқтисодий, балки геосиёсий куч сифатида қабул қилиши кераклигини таъкидлаб. Акс ҳолда "ўз тақдири устидан назоратни бой бериши мумкин".

У, шунингдек, НАТО хартиясининг бешинчи моддасига шубҳа билдирди, унга кўра "Европа ёки Шимолий Америкадаги бир ёки бир неча иттифоқдошнинг давлатга қуролли ҳужуми – бутун блокга ҳужум сифатида баҳоланади". 70 йил давомида ушбу норма бир маротаба – 2001 йилда АҚШга қилинган террорчилик ҳужумидан сўнг қўлланилган.

Иттифоқчилар Макронга қарши кескин эътироз билдирдилар: альянсда ҳали ҳаёт. Шундай бўлса-да, ҳамма муаммо етарли эканлигини ҳам тушунадилар.

"Бу – юбилей саммит, аммо у жиддий келишмовчиликларни бартараф этишга ёрдам бермади, аксинча, улар жуда зиддий тус олди", деди РИА Новости билан суҳбатда МГИМО профессори, Россия Фанлар Академияси Европа институтининг Европа хавфсизлиги бўлими бошлиғи Дмитрий Данилов.

Кўтарилган масалалар принципиал жавобларни талаб этади. Яқинда Брюссельдаги НАТО вазирларининг йиғилишида Макроннинг сўзларига ўта ноаниқ муносабатлар янгради, дейди Данилов.

Юбилейдаги ғаройиботлар

Британиянинг "The Economist" нашрига берган интервьюсида Макрон Европанинг асосий трансатлантик шериги АҚШни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, альянс "фақат охирги имконият кафолати" туфайли мавжуд. "Америка Қўшма штатларининг альянсга мавҳум содиқлиги ҳолатида, биз НАТО ҳақиқатларини қайта баҳолаб чиқишимиз керак ", деди у.

Бешинчи республика раҳбари Дональд Трампга ўтган йили шерикларга мудофаа ҳаражатлари бўйича танқидий ҳужум қилиб ёпирилгани ва шу туфайли саммит бузилишига бир баҳя қолгани ҳақида эслатиб ўтди. Трамп устига-устак ташкилотни бутунлай тарк этиш билан барчани қўрқитган эди.

АҚШ ОАВлари Пентагон манбаларига таяниб, Трамп альянс бюджетига бадалларни 22 фоиздан 16 фоизгача қисқартиришни режалаштираётгани ҳақида хабар бердилар. Тежалган маблағларни Грузия ва Украинага йўналтириш кўзда тутиляпти, айтганча, бу ҳам блок манфаатларига жавоб беради.

Шунга қарамай, Макрон сўзларига кўра, Трамп "Европа лойиҳаси" ғоясини хазм қилолмаган биринчи Америка раҳбаридир. Макронга кўра, буларнинг барчаси Европа Хитойнинг юксалишига, Россия ва Туркияда юз берган авторитаризмга қаршилик кўрсатаётган ва ички беқарорликка қарши турган бир вақтда юз бермоқда. Беш йил олдин бу ақлга сиғмайдиган ҳолатдай туюлар эди, дейди Макрон.

Бирлик тобора шубҳа остига олинмоқда ва хавфсизликни таъминловчи ташкилот сифатида альянс йўқлик қаърига кетмоқда, дея таъкидлади РИА Новостига сиёсий фанлар доктори, Санкт-Петербург давлат университети профессори Наталья Ерёмина.

"Бир томондан, НАТО дунёдаги энг йирик ҳарбий-сиёсий блок сифатида сақланмоқда, аммо ташкилот ичида турли манфаатлар кесишуви рўй бермоқда", - дейди эксперт. Бир хил ташқи-сиёсий, геосиёсий ҳолат, икки хил мафкуравий лагерлар қарама-қаршилиги бор вақтида альянсда бирлик ҳукмрон эди, молиявий ресурслар борасида суришувлар йўқ эди, вазифалар бўлинмасди, ва бунда Қўшма Штатлар сўзсиз раҳбар эди". Энди ҳаммаси бошқача.

Турк омили

Саммитнинг асосий мавзуларидан бири бу Туркия. Туркия раҳбари Ражаб Тайип Эрдўған оловга бензин сепди. "НАТО учун Франция нималигини билмадим-у, лекин Туркия альянс учун жуда муҳим, - деди у. Макрон НАТО мияси ўлгани хақида гапирди. Ҳурматли Макрон, сен аввал ўзингни миянгни текшириб кўр, чунки бундай сўзларни сендақа мияси ўлганлар гапиради”.

НАТОга ўз арзини билдирган Макрон АҚШнинг Сурия шимоли-шарқий қисмидан ўз ҳарбийларини чиқариб кетгани ва Вашингтоннинг минтақадаги қурд иттифоқчиларидан деярли воз кечганини назарда тутган эди. Ахир бу европалик шериклар билан келишилмасдан амалга оширилди ва Сурия шимолига турк қўшинлари босқинига сабаб бўлди.

Анқара иттифоқчиларнинг турк армияси ҳаракатларига ҳалал беришга уринишларига жавобан, токи улар Туркияга қурдларга қарши операцияларни амалга оширишга рухсат бермас экан, Польша ва Болтиқбўйи давлатларини Россиядан ҳимоя қилиш режасини ҳам Туркия қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Вашингтонда Америка "Патриот"лари ўрнига Россиянинг С-400 ракеталарга қарши мудофаа тизимини сотиб олгани қандай ғазабга сабаб бўлгани барчага маълум.

Дмитрий Даниловнинг сўзларига кўра, Туркия ташкилот ичидаги келишмовчиликларнинг муҳим тугунидир. “Турклар НАТО ўз миссиясини бажара олиши ва коллектив мудофаани бажариши керак, деган фикрни билдирдилар. Бунда фақатгина шарқий фланг эмас, балки барча иттифоқчилар хавфсизлиги назарда тутилган эди”. Анқара иттифоқнинг Шарқдаги салоҳиятини кучайтириш ва операцион фаолияти борасидаги сайи-ҳаракатларини блоклаб ташлашга тайёр.

"Бу жуда жиддий, чунки бу ерда жуда кўплаб муаммолар мавжуд: Россия билан муносабатлар, Европа-АҚШ-Туркия учбурчаги ва умуман олганда НАТОнинг ҳарбий жиҳатдан режалаштирилиши, фақат Анқара иттифоқнинг ажралмас бўлаги бўлиши шарти билан", - дейди агентлик суҳбатдоши, бу жумбоқни қандай ечиш кераклиги ҳали аниқмаслигини таъкидлаган ҳолда.

Хитой, фазо ва терроризм

Шимолий Атлантика альянсига аъзо давлатлар раҳбарлари фазони янги операциялар майдони сифатида тан олишлари кутилмоқда.

Бу нафақат ҳарбий-техник соҳага тегишли. Гап шунчаки, - дея аниқлаштиради Данилов, - космик тизимлар ҳозир ҳам, келажакда ҳам АҚШ томонидан таъминланади. “Жиддий трансатлантик қарама-қаршиликлар фонида, бундай қарорнинг қабул қилиниши Европа учун Вашингтон стратегиясига янада кўпрок боғлиқ бўлиши мумкин”, дея таъкидлайди эксперт.

Хитойнинг юксалиши - стратегик масала бўлиб, у ҳам эътибордан четда қолмайди. Пекиннинг дунё саҳнасидаги мустаҳкамланган позицияси Атлантика океанининг иккала томонидаги НАТО мамлакатларини ҳавотирга солмоқда. Америка Қўшма Штатлари Хитойни асосий хавфсизликка таҳдидлар рўйхатига киритди ва Европа Иттифоқи ХХРни стратегик ва иқтисодий рақиб сифатида тан олди.

Саммит олдидан халқаро терроризм ҳам ўзини ёдга солди. 29 ноябрь куни Кембриджнинг икки битирувчиси Лондон кўпригида пичоқ билан қуролланган экстремист қўлидан халоқ бўлишди. Йигирма саккиз ёшли қотил терроризмда айбланиб, бир йил олдин муддатидан аввал озод қилинган эди.

"Бир қарашдан бундай жиддий таҳдидга қарши бирлашиш мумкиндек туюлиши мумкин. Бироқ, сайи-ҳаракатлар бирлашишига Москвага қарши мафкуравий зиддиятлар тўсқинлик қилмоқда", - деб таъкидлайди Наталья Ерёмина.

Россия - ҳамон хатарли

"Айнан Россия исломий радикализмга қаршилик кўрсатмоқда, мисол учун Сурияда. Ўзидан хавф таратаётган давлат билан хоҳлайдими-йўқми вақти-вақти билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлишмоқда", дейди агентлик суҳбатдоши. Аммо НАТОни ўраб турган мафкуравий қолиплар бунга ҳалал бермоқда.

Бундан ташқари, блокнинг ўзи ранг-баранг тус олди. "Альянс таркибидан ўзларининг тарихий тажрибаларига эга бўлган ва кўп ҳолларда ғарбий Европа мафкурасига зид бўлган собиқ социалистик лагерь мамлакатлари ўрин олган", дейди Ерёмина. Бундай давлатлар Вашингтон билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга мойил бўлиб, Европа раҳбарлари эса аксинча, хавфсизлик борасида кўпроқ мустақилликка интилишади.

Дмитрий Данилов бу фикрга тўлиқ қўшилади. "Мафкура Россиянинг таҳдид эканлиги тўғрисидаги фикрни ўзгартиришга имкон бермайди, сабаби, қарор умумий бўлиши керак, шу жумладан, амалий ҳамкорлик нуқтаи-назаридан ҳам”, дейди у.

Эксперт шунингдек, охирги саммитда Америка раҳбари НАТО ташкилот сифатида аксилтеррор коалицияга қўшилиши кераклигини талаб қилганини эслатди. Энди эса Франция раҳбари Россиянинг таҳдидлиги муболаға эканлигини таъкидлади. Ахир ундан жиддийроқ муаммолар мавжуд, дейлик, терроризмга қарши кураш. Макрон сўзларига кўра, бу ҳолда, Россия ҳамкорлик қилиб бўлмайди.

Юзага келган вазият Москва учун ноаниқ. Бир томондан, қарама-қаршиликлар Россияга қарши талвасага сабаб бўлмоқда. Бошқа томондан, агар альянс муаммоларга дуч келаётган экан, демак, Россия қайсидир йўналишларда дунё сиёсатининг асосий ўйинчиси - акторига айланиб бормоқда.

Асосий мавзулар