11:01 04 Июл 2020
Эфир
  • RUB145.97
  • EUR11411.48
  • USD10173.38
Аналитика
Ҳавола олиш
87430

АҚШ ва Эрон ўртасида 2020 йил бошида авж олган ҳарбий зиддият АҚШ ва НАТО юқори технологияли душманга қарши курашишга тайёр эмаслигини кўрсатди.

Эрон генерали Кассам Сулаймонийнинг 3 январга ўтар кечаси Ироқ ҳудудида ўлдирилиши америкаликларнинг минтақадаги ҳарбий-сиёсий таъсирини камайтирди. Эрон жавоби АҚШнинг Яқин Шарқдаги бир қатор рақибларини жипслаштирди ва Европадаги НАТО бўйича иттифоқчиларни тушкун кайфиятга солди.

Эрон томонидан АҚШнинг Ироқдаги иккита ҳарбий базасига ракета зарбасини амалга ошириши бу шунчаки ўзини ҳимоя қилиш ёки ақлдан озиш арафасида тажовузкордан ўч олиш эмас эди. Исломий инқилобий соқчилар корпуси (ИИСК) қўшинлари совуққон профессионализм ва аниқ нишонга олувчи қуролларнинг самарадорлигини намойиш этдилар. Америка ҳаво мудофаа тизимлари, биринчи навбатда, Patriot зенит ракета мажмуаси Эронда ишлаб чиқарилган ракеталарга қарши ожизлиги аён бўлиб қолди. Фикримча, бу Пентагон учун ёқимсиз янгилик бўлди, негаки, улар Теҳрон томонидан ҳарбий жавоб бўлишини билган ва кутган ва ракеталарнинг учирилишини аниқлаган бўлишса-да, аммо зарбаларни қайтара олмадилар.

Можаро томонлари ва уларга мойиллиги бор экспертлар Ироқ ҳудудидаги Айн ал-Ассад ва Эрбиль Америка базаларига ИИСК ракета зарбалари натижаларини турлича баҳолашмоқда. Теҳрон бир нечта жанговар самолётлар ва 80 га яқин АҚШ ҳарбийларини йўқ қилганини эълон қилди. Президент Дональд Трамп ўз Твиттерида вазиятни қуйидагича изоҳлади: "Ҳаммаси яхши! .. Бизнинг қуролли кучларимиз дунёда энг кучли ва жуда яхши қуролланган". Сунъий йўлдош ёрдамида олинган суратлар эса Эрон ракеталари томонидан Американинг йирик Айн аль-Ассад ҳарбий базасининг саккизта объекти йўқ қилинганидан далолат бермоқда, яъни нишон Эрон ҳудудидан 300 км масофада жойлашганлигига қарамасдан ўта юқори аниқлик билан мўлжалга олинган.

Жанговар фойдаланиш

Исломий Инқилобий Соқчилар Корпуси (ИИCК) АҚШнинг иккита ҳарбий базасига 35 та ҳужум уюштирилганини маълум қилди. Шу билан бирга, ИИCК: "Қўшма Штатларнинг барча иттифоқдошлари, яъни террористик-давлат базалари жойлашган мамлакатлар, Эрон Ислом Республикасига қарши тажовузкор ҳаракатлар учун асос бўладиган барча ҳудудлар бизнинг нишонимизга айланади", - дея огоҳлантирди.

Эроннинг Тасним ахборот агентлиги берган хабарга кўра, Эрон ҳарбий кучлари зарбалар учун янги авлод баллистик ракеталари, хусусан, Fateh- Fateh-313 ҳамда боеголовкаси ажралувчи ва радарларни чалғитувчи тўлқинлар тарқатувчи Qiam ракеталаридан фойдаланишган.

Ироқ армияси матбуот хизмати Ироқ ҳудудига 22 та ракета учирилганини эълон қилди. Шулардан 17 таси Айн ал-Ассад ҳарбий базасига (иккитаси портламаган) йўналтирилган, бешта ракета Эрбил ҳудудига тушган. Ироқ ҳарбийларининг таъкидлашича, барча ракеталар коалиция кучлари объектларига зарба берган (Ироқ қўшинлари жабрланмаган).

Ғарб экспертлари ва Вашингтондаги расмий манбалар эса 15 та Fateh-1 ва Zulfiqar баллистик ракеталарни санаб чиқишди, улардан ўнтаси Айн ал-Ассад базасидаги нишонларга етиб борди, бир донаси эса Эрбил базасида объектни забт этди (гўёки тўртта ракета нишонга етиб бормади). Эҳтимол, ҳақиқат рақамларнинг ўртача ҳисобида бўлса керак.

Шуни ҳисобга олиш керак-ки, ҳатто ажраладиган калла қисмига эга Qiam-1 ракетаси советларнинг суюқ ёнилғи билан ишлайдиган бир босқичли баллистик Р-17 ракетасининг Эрон бошқарув тизимига эга, оғирлиги 750 кг ва учиш масофаси 800 км бўлган мукаммаллаштирилган вариантини эслатади.

Ўзи бошқариладиган қаттиқ ёқилғида ишлайдиган Zulfiqar операцион-тактик ракетаси - Эрон мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган ва 2016 йилда фойдаланишга топширилган. Унинг жанговар қисми тахминан 500 кг оғирликка эга, нишон масофаси 700 кмгача. Агар Эрон ҳақиқатдан ҳам ушбу баллистик ракеталарни ишлатган бўлса (Ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа тизимлари учун у қадар мураккаб бўлмаган нишон), у ҳолда Американинг Patriot ЗРМ тизимлари қаерда эди, нега базаларга яқинлашиб қолган Qiam-1 ва Zulfiqarларни тўхтатиб қололмади? Заифлик аён.

Американинг NPR нашри сунъий йўлдош фотосуратлари орқали ИИCКнинг жанговар амалиётлари натижаларини ўрганиб чиқди ва умидсиз хулосаларга келди: "Жабрланган баъзи объектларда ракеталар нишоннинг энг марказга тушганига ўхшайди ... Эроннинг ракета зарбаси Ироқдаги Айн ал-Ассад авиабазасига жиддий зарар етказди." Ҳайратланарли аниқлик Эрон нафақат баллистик, балки қанотли ракеталардан ҳам фойдаланган деган тахминга олиб келади".

"Қаттиқ ёнғоқ" ҳаракатда

Пентагон стратеглари Global Firepower томонидан эълон қилинадиган дунё ҳарбий қудрати рейтингида  Эрон Ислом Республикаси 14-ўринни эгаллаши ва Покистон, Исроил, Шимолий Корея, Австралия, Испания ва Канададан юқорида туришини яхши билишса керак. Мамлакат аҳолиси 83 миллиондан ортиқ, бу ниҳоятда катта чақирув ресурсларидир (таққослаш учун, қўшни Ироқнинг аҳолиси - 38 миллион).

Америкаликларнинг Яқин Шарқдаги нефт қазиб олувчи давлатларни ўз ихтиёрига бўйсундириш истаги тушунарли, аммо реаллик билан алоқани йўқотмаслик керак. Эрон ИИCК ва дунёвий қўшинларга бўлинган ярим миллион қуролли кучларга эга (вазифаларнинг такрорланиши жанговар барқарорликни оширади). Эрон ракеталарни учириш ускуналари (1900 дона) америкаликларникига қараганда ҳам коинотда анча кўп. Шунингдек, 1600 та танк, уч мингга яқин артиллерия мосламаси, бир юз етмишдан ортиқ ҳужум учар аппаратлари, яхши ривожланган ҳаво мудофаа тизими(июн ойида Эрон ҳудудида RQ-4A Global Hawk Америка разведка учувчисиз аппаратини йўқ қилган эди)ни ҳам ҳисобга олиш керак. Ғарб таҳлилчилари фикрича, Эрон денгиз кучлари кемалар сони бўйича дунёда тўртинчи - АҚШдан кейинги ўринда туради (398 дона).

Пентагон баёнотига кўра, генерал Кассам Сулаймонийга қилинган ҳужум АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан "хориждаги АҚШ ходимларини ҳимоя қилиш" мақсадида санкцияланган. Америка генераллари ва президент Эрон сиёсий иерархиясида учинчи шахсни йўқ қилиш тўғрисида буйруқ бера туриб, бунга қандай муносабат билдиришларини кутишганини тушуниш қийин. Шубҳасиз, улар Теҳрон АҚШ армиясини расман террористик ташкилот деб эълон қилиши ва уни ортидан қандай номақбул минтақавий оқибатлар келиб чиқишини тасаввур ҳам қилишмаган.

Қуролли можаро кучайиши фонида Америка иттифоқчиларининг муносабати қизиқ.

Эрон махсус бўлинмаси бўлмиш "Ал-Қудс" қўмондони - генерал Кассам Сулаймонийнинг ўлдирилишини НАТО дарҳол АҚШнинг мустақил қарори, деб атади. Бундан ташқари, ИИCК ракета зарбаси арафасида НАТОдаги Америка иттифоқчилари Ироқдан деярли қочиб кетдилар: Испания, Канада ва Хорватия ҳарбий қисмлари Қувайтга йўл олишди. Бағдоддаги "Қатъий журъат" операцияси штаби ҳам шу томонга йўл олди. Эрон зарбасидан бир неча соат олдин ҳатто оз сонли Литва ҳарбий хизматчилари ҳам Америка базасини тарк этишди. Латвия эса, агар мамлакат ҳукумати НАТО қўшинларини олиб чиқиш тўғрисидаги парламент резолюциясини қўллаб-қувватласа, Ироқни бутунлай тарк этишга тайёрлигини билдирди. Аввалроқ, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Ироқ парламенти АҚШни мамлакат ва минтақадан қувиб чиқариш йўлини тайёрлаб қўйганини маълум қилганди.

Эрон АҚШнинг Ироқдаги базаларига қилган зарбасини АҚШ "юзига тарсаки" деб атади ва бу ҳозирги вазиятдаги энг юмшоқ таърифдир. Эроннинг (кўпчилик эронликлар учун миллий қаҳрамон бўлган) нуфузли ҳарбий етакчисини ўлдириш бўйича стратегик режалар ва бу қотилликка ундаган мотивларга қарамай, Қўшма Штатлар ўзи учун ўта салбий натижани олди.

Асосий мавзулар