14:22 06 Апрел 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Аналитика
Ҳавола олиш
63110

АҚШ санкциялари туфайли Венесуэла нефть саноати соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Эксперт Алексей Зубец ушбу чорага баҳо берди ва Америка чекловлари нима билан боғлиқлиги борасида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Венесуэлада нефть саноатини АҚШ санкцияларидан ҳимоя қилиш учун ислоҳотлар бошланди. Тегишли фармонни Венесуэла президенти Николас Мадуро имзолади.

“Мен мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва саноатни империалистик тажовуздан ҳимоя қилиш учун шошилинч ва зарур чораларни кўриш учун конституциявий ва президент фармоним билан нефть саноатида фавқулодда ҳолат эълон қиламан", - деди Мадуро нефть саноати ишчилари билан учрашувда. Президентнинг нутқи унинг Twitter᾽даги аккаунтида эфирга узатилди.

“2-модда миллий нефт саноатини ҳимоя қилиш, қайта қуриш ва қайта ташкил этиш бўйича ваколатли президентлик комиссиясини тузади”, - давлат раҳбари қўшимча  қилган. Мадуро сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.

Мадуронинг сўзларига кўра, комиссия бутун нефт саноатини ўзгартириш учун зарур ваколатларга эга бўлади.

АҚШ сешанба куни “Роснефть” тузилмаси бўлган Швейцариянинг Rosneft Trading SA компаниясини ва унинг директорлар кенгаши раиси Дидье Касимирони Венесуэла санкциялар рўйхатига киритди. Дидье Касимиро бир вақтнинг ўзида Роснефть нефтни қайта ишлаш, нефть кимёси, савдо ва логистика бўйича вице-президент лавозимини эгаллайди. АҚШ ўз иттифоқчиларига, хусусан, Европада Венесуэла нефтини ташқи бозорларга етказиб беришда айбланаётган Rosneft Trading билан алоқаларни узиш учун 90 кун берди.

Россия Федерацияси ҳукумати қошидаги Молия университети Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар институти директори Алексей Зубецнинг фикрича, бу ҳолат АҚШда бўлажак сайловлар билан боғлиқ.

“(АҚШ президенти Дональд) Трамп бу йил қайта сайланиши керак ва унга АҚШда яшайдиган, республикачиларнинг тарафдори бўлган ва Марказий Американинг социалистик ҳукуматларини ёқтирмайдиган жуда жиддий Лотин Америкаси ҳамжамиятининг кўмагига муҳтож. Трамп ушбу нуфузли Лотин Америкаси доираларига бонус сифатида Венесуэла хукуматини ағдариш ваъдасини берди. Шу мақсадда АҚШ Венесуэла нефть импортига чекловлар қўйди. Бу иқтисодий қамалдир.  Бу Венесуэла иқтисодиётини бўғишга уриниш”, - деди Алексей Зубец Sputnik радиоси эфирида.

Унинг сўзларига кўра, Венесуэла ҳар қандай ҳолатда ҳам нефть соҳасини ислоҳ қилишга муҳтож.

“Бугунги кунда Венесуэла ҳукумати олдида нефть қазиб олиш комплексини самарадорлик кўрсаткичларига етказиш вазифаси турибди, чунки улар сўнгги пайтларда унчалик яхши ишламаяпти. Улар Саудия Арабистонига қараганда кўпроқ нефть захираларига эга, аммо бу нефт оғир ва уни ишлаб чиқариш таннархи жуда катта”, -  дея таъкидлади Алексей Зубец.

Венесуэлада 2019 йил 21 январда президент Николас Мадурога қарши у қасамёд қилгандан кейин кўп ўтмай оммавий норозилик намойишлари бошланди. Мухолифат томонидан бошқариладиган Миллий ассамблея раҳбари Хуан Гуаидо ноқонуний равишда ўзини вақтинча давлат раҳбари деб эълон қилди, уни дарҳол АҚШ ва унинг иттифоқчилари тан олишди. Россия, Хитой, Туркия ва бошқа бир қатор давлатлар Мадурони қонуний президент сифатида қўллаб-қувватладилар.

Асосий мавзулар