11:40 11 Август 2020
Эфир
  • RUB138.65
  • EUR12059.09
  • USD10231.71
Аналитика
Ҳавола олиш
91311

1995 йил 1 январдан олдин Ўзбекистон Республикасига келган ва шу вақтдан бери мамлакатда яшаётган шахслар тез орада соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон паспортини олишлари мумкин.

Расмийлаштириш учун нима қилиш зарурлиги ва қаерга мурожаат қилиш кераклиги ҳақида Sputnik мухбирига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамраев сўзлаб берди.

- Парламентга йўллаган Мурожаатномада Ўзбекистон президенти мамлакатда яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг тахминий сонини айтган эди. Ҳақиқий рақамлар қанчалиги қизиқ? Мониторинг ўтказилганми?

- Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 33 миллиондан зиёдни ташкил этади. Шулардан 14 365 нафари Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва 95 857 нафари мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардир. Уларнинг аксарият қисми - 74 705 нафари (77,9%) ўзбек, 6 232 нафари тожик, 4616 нафари рус ва бошқа миллатларга мансуб.

- Президент томонидан 1995 йилнинг 1 январигача Ўзбекистон ҳудудига келган шахсларга соддалаштирилган тартибда фуқаролик бериш масаласи ўртага ташлангач, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси "Фуқаролик тўғрисида"ги қонунларни кўриб чиқишга киришди ва янги қонунчилик лойиҳасини тайёр ҳолатга келтирди. Айтингчи, эски ҳужжатнинг камчилиги нимада эди?

- Умуман олганда, эски қонунимизда қизиқ ҳолатлар бор эди – унга кўра Ўзбекистонда фуқароликни олиш қийинлашиб қолганди. Айниқса, 2007 йилдан кейин жараён жуда секинлашган ва қийинлашганди. Нега? Сабаби, яқин қўшниларимиз – аввал Тожикистон, кейин Қирғизистон ва Афғонистон мамлакатларида нотинчлик юзага келиб, бу ҳолат бизга таъсир қилмаслигини таъминлашимиз керак эди. Нотинчлик ўз-ўзидан юзага келмайди. Масалан, Афғонистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам чеккадан келган шахслар ўз таъсирини ўтказгани ва шу таъсир доирасида ўша мамлакат фуқароларининг ўзлари юрт инқирози, давлатчилик бошқаруви инқирозига сабабчи бўлишган. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг асосий камчилиги - у 1992 йилда қабул қилинган бўлиб, айни вақтда фуқароликни расмийлаштириш билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб ололмаган. Бу ерда давлат ва фуқароликни оладиган шахс ўртасидаги муносабатлар ҳақида гап кетяпти. Ўша муносабатлар қонун нормасида акс этмаган ва уни тўлиқ тартибга олиш нормалари мавжуд эмас эди.

Депутат Законодательной палаты Олий Мажлиса Республики Узбекистан Алишер Хамраев.
Sputnik / Дильшода Рахматова
Депутат Законодательной палаты Олий Мажлиса Республики Узбекистан Алишер Хамраев.

Иккинчидан, фуқароликни олиш ва фуқароликдан чиқиш тартиб-тамойиллари мураккаб бўлиб, тўлиқ тартибга солинмаган. Янги қонунда буни соддалаштирдик. Дейлик, умумий тартиб бўйича эски қонунда, фуқароликка ўтиш мақсадида ариза бераётган шахс фуқаролик масалаларини ҳал этадиган идораларга 12та ҳужжат тақдим этиши белгиланган бўлса, янги қонун лойиҳасида ушбу ҳужжатлар сонини 6тага қисқартирдик. Айни вақтда эса фуқаролик масалаларини ҳал этадиган вазирлик ва давлат ташкилотлари ўртасида ахборот-алмашинув электрон базасини яратиш устида иш олиб бораяпмиз. Базанинг афзаллиги - ариза берувчи ўзида бўлиши мумкин бўлган ҳужжатларнигина тақдим этади, давлат ташкилотларидан олиниши керак бўлган ҳужжатлар – маълумотнома ва тавсифномалар учун югурмайди.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси президенти Ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича комиссия фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва вазифалари белгиланмаганди. Бу албатта, ўша фуқароликни олиш мақсадида ариза берган шахсларнинг фуқароликни олиш жараёнининг чўзилиб кетишига сабаб бўларди. Биз комиссия ваколатларига аниқлик киритдик.

Қисқача айтганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тамойилларини эркинлаштирдик. Қонунда либерал моддалар кўпайди, бюрократик нормалар камайди. Буларнинг барчасидан кўзлаган ягона мақсадимиз фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини республикада қисқартириш.

- Фуқаролиги бўлмаган шахс – соддалаштирилган тартибда фуқаролик берилиши мумкин бўлган критерийларга мос келди, дейлик. У қаерга ва қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилиши керак бўлади ва бу жараён қанча давом этади?

- Бундай шахслар президент номига ёзилган илтимоснома билан ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуддаги ички ишлар идорасига мурожаат этадилар. У ерда аризачига илтимосномага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати тақдим этилади. Уларнинг сони, юқорида айтганимдек, олтита. Ҳужжатларда камчилик бўладиган бўлса, ёки улар нотўғри тўлдирилган тақдирда, бу камчиликлар 3 кунни ичида тузатилади ва базага киритилади. Шундан сўнг 1 ой ичида бошқа манфаатдор ташкилотлардан ҳужжатлар йиғилиб, шундан кейин президент қошидаги фуқаролик масалаларини ҳал этувчи комиссияга топширилади. Комиссия бу ҳужжатни бир йил ичида кўриб чиқади.

- Бир йил кўп муддат-ку, нега қисқартирилмади? Чет эл тажрибасида уч ойда кўриб чиқиш амалиёти ҳам бор?

- Муддатни қисқартириш мумкин. Лекин битта нарсани инобатга олинг, биз меҳмон қабул қилмаяпмиз, фуқаролик беряпмиз. Бир йил муддат сўралгани билан, кўпинча амалиётда 365 кунга бормаяпти. Мисол учун, 2019 йилдан то шу кунга қадар 6 минг киши фуқароликка қабул қилинди, жараён тезлашган демоқчиман.

Қолаверса, мени назаримда, бу борада эҳтиёткор бўлмоғимиз керак. Чунки шахс фуқароликка қабул қилинганидан кейин у Ўзбекистон фуқароси учун белгиланган барча ҳуқуқларга эга бўлади - сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, давлат хавфсизлиги, ички ишлар, прокуратура, ҳарбий хизмат, давлат бошқарув органларида ишлаш. Биз Конституцияга амал қиладиган, Ўзбекистон давлатчилиги қонунларини ҳурмат қиладиган ва тан оладиган шахсларни фуқароликка олишимиз керак.

- 1995 йилдан кейин Ўзбекистонга кириб келган ва мунтазам яшаб келаётган, аммо ҳозиргача фуқароликка эга бўлолмаётган инсонлар тақдири қандай кечади?

- Бундай шахслар умумий тартибда фуқароликка қабул қилинади. Умумий тартиб ҳам соддалаштирилган тартибдан деярли фарқ қилмайди.

Маълумот учун: фуқароликни тўрт хил тартиби бор: табиий тартиб (ота-она Ўзбекистон фуқароси бўлса, уларнинг фарзандлари ҳам Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлади), соддалаштирилган тартиб (бунда фуқароликка эга бўлишни истаган шахс 1995 йилнинг 1 январигача Ўзбекистонга кириб келган бўлиши, мунтазам шу ерда яшаши, чет эл фуқаролигига эга бўлмаслиги шарт), алоҳида тартиб (бунда фуқароликка қабул қилиш Ўзбекистон президенти ваколати билан амалга оширилади. Яъни, президент, жамиятга, давлатга, мамлакат илм-фани, маърифати, жамики соҳаларига фойдаси тегадиган шахсни, агар у шунга хоҳиш билдирган тақдирда, алоҳида тартибда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш ваколатига эга) ва умумий тартиб.

- Президент қошидаги фуқаролик масалаларини ҳал этувчи комиссия томонидан фуқароликка қабул қилишни сўраб ариза юборган шахсга фуқаролик берилмагани сабаби кўрсатилиши мумкинми?

- Йўқ, мумкин эмас. Бу норма ҳам янги қонунчиликда қатъий қайд этилди. Рад этилиши асоси албатта, кўрсатилади. Мабодо рад жавоби олинса, нима учун рад қилинаётгани ва қайси асосда рад этилаётгани ҳақида ариза берувчига почта манзилига хат юборилади. Агар норози бўлган тақдирда, ушбу хат асосда у судга ҳам бериши мумкин.

- Бугунги кунда меҳнат мигрантлари орасида Ўзбекистон фуқаролигидан кечмаган ҳолда бошқа давлат фуқаролигини олганлар сони ортиб бормоқда? Бу ҳолат янги қонунчиликда ўз аксини топганми?

- Бизда икки фуқаролик ҳолати тан олинмайди. Агар бизнинг фуқаромиз чет эл фуқаролигини олган бўлса ва бу аниқланса, биз у шахсни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарамиз. Биздан ҳисобдан чиқиб, Россия ёки бошқа давлатга кетиб, 7 йил давомида консуллик учетига турмаган бўлса, у ҳам автоматик равишда фуқароликдан чиқарилади. Буларнинг барчаси фуқароликни йўқотиш институти, деб аталади.

Шунингдек, Россия ёки бошқа давлатда фарзанд туғилса, ота-оналардан биттаси Ўзбекистон фуқароси бўлиб, иккинчи ота-она бунга розилик берса, ёки ўша фарзанд ёшига етганда истак билдирса, отаси Ўзбекистон фуқароси бўлгани учун уни биз Ўзбекистон фуқароси деб тан оламиз, янги қонунда шуни назарда тутадиган норма қўшилди.

- Ўзбекистон фуқаролиги тўртта тартибда берилади, дедингиз юқорида. Шулар орасида энг оғири, мураккаби қайси?

- Талаб жиҳатдан - энг оғири умумий тартиб ҳисобланади. Лекин аслини олганда бу шартлар биз айтаётгандек жуда оғир эмас. Бунда, шахс чет давлат фуқаролигидан чиққан бўлиши, фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси олган кундан ёки Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон ҳудудида узлуксиз беш йил давомида яшаган бўлиши, тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлиши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя этишни ўз зиммасига олиши, давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиши (давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси томонидан белгиланади) керак.

-  Фуқароликни олишда давлат тилини билишга қўйилаётган талаб жуда катта бахс-мунозараларга сабаб бўлди. Тилни билишни тасдиқлаш зарурати нима билан изоҳланади?

- АҚШ, РФ, Франция, Италия, Қозоғистон, Тожикистон сингари давлатларда бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўрганиб чиққанимизда – уларнинг барчасида давлат тилига талаб борлигини кўрдик. Давлат тили – ўзбек тили эканлиги бу иккинчи масала. Биз "Давлат тили тўғрисида" қонун қабул қилганмиз ва давлат бу борада сиёсат юритиши шарт. Яна бир марта такрорлайман, биз меҳмон қабул қилмаяпмиз, биз фуқаро қабул қилаяпмиз. Ўзбекистонда доимий яшайдиган, шу ерда уйли-жойли бўладиган. У мулоқот даражасини билмаса, у қандай яшайди? Такрорлаб ўтаман, у давлат тилида маъруза қилиши ёки давлат тилида ёзиши шарт эмас, фақат давлат тилида гаплашиши ҳам шарт эмас, шунчаки, Ўзбекистон фуқароси бўлиши учун мулоқот даражасида билса, биз етарли ҳисоблаяпмиз.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда тайёрланган қонун лойиҳаси 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилади.

Асосий мавзулар