13:24 20 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Аналитика
Ҳавола олиш
254520

Гулчеҳра Рихсиева интервью давомида аёл-раҳбар бўлишнинг ўзига хос жиҳатлари, илм йўлини танлаган хотин-қизлар учун яратилажак қулайликлар ҳамда мамлакатда авж олган «рейтинг пойгаси» ҳақида тўхталди.

Халқаро хотин-қизлар куни айёми арафасида Sputnik Ўзбекистон мухбири Ўзбекистондаги ягона аёл-ректор – Тошкент давлат Шарқшунослик институти раҳбари Гулчеҳра Рихсиева билан суҳбатда бўлди. Ректор интервью давомида аёл раҳбар бўлишнинг ўзига хос жиҳатлари, илм йўлини танлаган хотин-қизлар учун яратилажак қулайликлар ҳамда мамлакатда авж олган «рейтинг пойгаси» ҳақида тўхталди.

Гулчехра Рихсиева 1971 йил Тошкент вилояти Зангиота туманида шифокорлар оиласида таваллуд топган. Маълумоти олий, 1993 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Шарқшунослик институтида 2000 йилдан буён фаолият юритиб келади. Филология фанлари номзоди, доцент.

2019 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. 2019 йил июль ойидан ТошДШИ ректори. Шунингдек, Республика гендер тенгликни таъминлаш комиссияси аъзоси. Республика Олий таълим кенгаши аъзоси.

- Гулчеҳра Шавкатовна, Ўзбекистонда аёл-ректор ҳам тайинланганига тўққиз ой бўлибди...

- Бу менга нисбатан билдирилган катта ишонч, катта масъулият, ҳатто чақириқ, дейиш мумкин. Лекин мен Ўзбекистондаги биринчи аёл-ректор эмасман. Мустақилликнинг дастлабки йилларида текстил институтини аёл-ректор бошқарган. Охирги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳада жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва бу ислоҳотларни аёлларнинг иштирокчисиз ҳеч ҳам тасаввур этиб бўлмайди. Президентимиз томонидан аёлларга кўрсатилаётган эътибор – уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини фаоллаштиришга йўналтирилган.

Мисол учун, Парламентимиз раиси этиб аёл киши – Танзила Камаловна Нарбаева тайинлангани ёки шу кунларда гувоҳи бўлаётганингиз – бир гуруҳ аёлларимизнинг ҳоким лавозимига тайинланаётганликлари, ёки бўлмаса, Мактабгача таълим вазирлигига аёл раҳбар тайинлангани -  мамлакатимизда, биз, аёлларга ишонч ортиб бораётганини кўрсатади.

Глобаллашув жараёнлари бутун дунёда қийин муаммоларни келтириб чиқараётган бир пайтда, айниқса, ижтимоий муносабатларда турли қийинчиликлар билан ривожланиш рўй бераётган бир пайтда, бизнинг мамлакатимизда аёлларга нисбатан бундай эътибор катта демократик жараёндан далолат беради.

Фикримча, умуман таълим жараёнини аёлларсиз тасаввур этиб бўлмайди ҳам.

- Таълим жараёнида аёллар кўпчиликни ташкил этиши бу яхшими ёки ёмон?

- Албатта, бу иккиёқлама қарашларни келтириб чиқаради. Мактаб ва олий таълим ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш мақсадида вилоятларга уюштирган сафарларимиз давомида гувоҳи бўлдик-ки, мактаб тизимида аёллар ҳақиқатан ҳам охирги йилларда жуда кўп бўлган. Лекин охирги икки йил давомида давлат раҳбаримиз томонидан ўқитувчилар мавқеини ошириш масаласига жуда катта эътибор қаратилди ва ўқитувчиларнинг ҳам молиявий жиҳатдан, ҳам уларнинг шарт-шароитларини яхшилаш жиҳатдан амалга оширилган ишлар натижасида эркак ўқитувчилар ўз фаолиятига қайтаётганликларини кўряпмиз. Ўғил-қизларимиз тарбиясида аёллар билан баравар эркаклар ҳам фаол иштирок этишлари лозим. Чунки гап шахсни шакллантириш жараёни ҳақида бормоқда.

- Русларда бир мақол бор: “Новая метла метет по новому”, деган. Яъни ҳар бир янги раҳбарнинг ўзига хос бошқарув усули, принциплари бўлади. Ўтган 9 ой давомида институтда ўз тартиб-қоидаларингизни жорий этишга улгурдингизми?

- Ректор этиб тайинланишим мамлакатимизда тубдан ўзгаришлар бўлаётган пайтга тўғри келди, буни биласиз. Аммо амалга оширилаётган ишларни фақатгина ўз фаолиятим туфайли, деб баҳолай олмайман. Тошкент давлат шарқшунослик институти ўзига хос анъана ва тажрибага эга бўлган даргоҳ. Жамоамиз жудаям ахил, жипс. Шахсан мен бу билан фахрланаман ва фақат жамоа билан нимагадир эришиш мумкинлигига ишонаман. Қаерда ахиллик бўлса, коллектив жипс бўлса, қандай режа қўйманг, уни бажаришга кўпроқ имконият бўлади.

Улкан истиқболли режаларни ўз ичига қамраб олган 2030 йилгача Олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқлангач, биз ҳам ўз навбатида жамоамиз билан Шарқшунослик институти келажаги қандай бўлади, янги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қандай қилиб рақобатбардош кадрларни тайёрлаш мумкин, деган масалани  ўз олдимизга қўйдик. Ўтган 9 ой давомида талабалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, ўқитувчилар илмий салоҳиятини ошириш, замонавий ўқув методикаларини олиб кириш, янги таълим йўналишларини очиш, докторантурада қамровни кенгайтириш жамоамизда яратилаётган илмий ишлар натижаларини кенгроқ тарғиб этишга эътибор қаратдик.

- Олий таълим тизимидаги янгиликлардан бири, бу шубҳасиз, миллий рейтинглар эълон қилиниши бўлди. Нима деб ўйлайсиз, мана шу рейтинглар олий таълим масканидаги таълим сифатини қай даражада объектив баҳолайди?

- Институтимиз 2017 йил энг кучли бешталикда бўлган. Иккинчи ўринда эдик. Унга қадар бешинчи ўринда келганмиз. 2018 йилда иккинчи ўринда эдик.

Аммо охирги рейтингда 10 ўринга тушиб кетдик. Шахсан мен учун бу рақобат кучайганини англатади. Биласизми, илгарилари ҳамма ОТМлар ҳам бундай рейтинглар мазмунини тушунмас эди, шу боис ўша вақтларда рақобат бугунги кундагидек бўлмаган. Энди эса бошқа олий таълим даргоҳлари ҳам кўрсаткичлар юқори бўлгандагина, жаҳонга чиқа олишини, бундан кейин бефарқ бўлиш мумкинмаслигини тушунгандек.

- Ўзбекистон ўз олдига Марказий Осиёда таълим хабига айланиш каби улкан вазифани қўйган. Аммо яна бир ҳолат бор, кўпгина ўзбекистонлик ёшлар ушбу минтақадаги бошқа давлатлар ОТМларини танлаб чиқиб кетмоқда.

- Ҳақиқатан Марказий Осиёда хаб бўлиш муҳим вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун, айнан, ҳар битта олий таълим муассасасида таълимни интернализацияси масаласи юзасидан йўл харитасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Хаб бўлиш учун икки томонлама шартномаларни кучайтириш, ҳамкор университетларда малака ошириш, у ердаги яхши тажрибани олиб келиб, ўзимизда жорий этиш жуда муҳим. Шу билан бирга у ердан профессор-ўқитувчиларни олиб келиб талабалар учун маъруза дарслари, ўқитувчи, магистр ва докторантлар учун эса мастер классларни ташкил этиш ҳам яхши самара беради.

Талабаларни қисқа ва узоқ муддатли стажировкага юбориш, чет эллик талабаларини бизнинг институтимизга жалб қилиш масаласи ҳам бор. Aгар мана шу ишларнинг ҳаммасини амалга оширадиган бўлсак, ҳақиқатдан Ўзбекистон ҳабга айланиши мумкин. Бунинг учун бизда салоҳият мавжуд.

- Шарқшуносликда хорижий талабалар сони қанча?

- Ҳозир 43 нафар талаба бор. Хитой, Япония, Кореядан шартнома ёки ўзаро алмашинув асосида келиб ўқувчи стажёр талабалар бор. Улар ўзбек ва рус тилларини ўрганишади.

- Аёл ректорнинг тайинланиши илмга чанқоқ хотин-қизларда умид туғдиради. Яъни улар эндиликда сиздан аёллар учун шарт-шароитлар яратилишини кутишади. Институт ҳудудида ёш болали аёллар учун шароитлар мавжудми?

- Албатта, бизнинг минтақада оилага жамият таянчи сифатида қаралади. Бунда аёлнинг ўрни, албатта, катта. Институтимиз битирувчилари ичида докторонтурага кириш, аёл сифатида ҳам жамиятда ҳам оилада ўз ўрнига эга бўлишни хоҳловчи қизларимиз жуда кўп. Ёш болали талабаларимиз ҳам кўп. Боласи ёш бўлишига қарамасдан, бизда мустақил тадқиқотчиликка кирган ва устози билан бирга ишлайди. Улар билан масофавий алоқа ўрнатилган.

Владимир Соколов
© Foto : Из личного архива Владимира Соколова

Аммо яқин келажакда институт ҳудудида она ва бола хонасини жорий қилмоқчимиз. Сиз билан учрашиб турган мана шу бино реконструкцияси бўйича талабнома тайёрланган. Aгар бу амалга ошадиган бўлса, она ва бола хонаси, социал зоналар ташкил этиш мўлжалланган. Режалар кўп ва катта. Умуман, она ва бола хоналарининг олий таълим муассасасида жорий қилиниши аллақачон бошлаб юборилган. Чунки талабаларнинг кўпи турмушга чиққан ва ёш болали.

- Aёл-ректор ва оила, оиладаги мажбуриятлар тушунчаси қанчалик бир-бирига тўғри келади? Сўрамоқчи бўлганим, қандай қилиб ҳам раҳбарликни ҳам уй юмушларини уддасидан чиқяпсиз?

- Фарзандларим улғайиб, ўз йўлини топган. Шу боис менда ҳозир имконият кенг (жилмаяди). Лекин мен ҳам ҳозирги кунга эришгунга қадар оилада бошқа аёллар сингари келин бўлганман. Ўзбек аёли сифатида бошқа аёллар нимани бошдан кечирган бўлса, ўшаларнинг барини бошдан ўтказганман. Aспирантурада ўқиганимда икки фарзандни онаси эдим, аммо бунга қарамай, оиладаги мажбуриятларимни ҳам унитиб қўймаганман. Фарзанд тарбиясига ҳам вақт ажратганман. Шу билан бир қаторда илмий ишимни ёзиш ва ўз устимда ишлаш учун ҳам куч топганман. Биринчи навбатда бу оиладаги муҳитга боғлиқ. Оилангиз сизни қўллаб-қувватласа ҳаммасини уддаласа бўлади. Кўпчилик қизлар оилангиздагилар сизга нимадир қилиши, ёрдам бериши керак, деб ҳисоблашади. Мен учун муҳими мен эришган ютуқлардан хурсанд бўлишгани ва шу иш билан шуғулланишимга рози бўлишганлиги. Бунда қайнонамнинг хизматлари катта. У киши менинг фан номзоди бўлишимни жуда ҳам хоҳлаганлар. Мени ютуқларимдан фахрланганлар. Бу нарса менга мотивация бўлган. Aммо бу нарса менда уй ишларига кимдандир ёрдам олишга, болаларимга энага ёллашга сабаб бўлмаган. Доим барчасига ўзим улгуришга ҳаракат қилганман. Aёллик вазифамни тўлиқ бажарганман. Ҳозирги кунда қизим ҳам, келиним ҳам ҳудди шунга ўрганишган.

- Аёл раҳбарни эркаклар тан оладими, улар билан ишлаш қийин эмасми?

-     Бу жараёнда фақат ҳамкорлик орқали ишлаш мумкин. Албатта ўз принцпим бор, аммо жамоада, “мен раҳбарман” деб эмас, команда аъзосиман деб ишлашни маъқул кўраман. Жамоада авторитар эмас, демократик тизим асосда иш олиб борамиз. Ёши улуғ устозлар билан ота ёки онамдек, ўз тенгқурларим билан дўстдек, кичиклари билан синглим ёки укамдек муомала қиламан.

- Ижтимоий тармоқларда фаолмисиз?

- Албатта, Facebook, Телеграм"да саҳифаларим бор. Қолаверса, виртуал қабулхонам ҳам бор. Талабалар исталган вақтда менга мурожаат билан чиқа олишади.

- Сиз учун энг катта ютуқ нима?

- Институт талабалари тўғрисида айтилган икки оғиз яхши сўз. Чунки бу даргоҳни иккинчи оилам, талабаларни эса фарзандларимдек қабул қиламан. Ота-она ўз фарзандлари ютуқларидан қувонгани сингари, мен ҳам талабаларимиз ютуқларидан шундай фахрланаман.

Асосий мавзулар