10:29 04 Июл 2020
Эфир
  • RUB145.97
  • EUR11411.48
  • USD10173.38
Аналитика
Ҳавола олиш
163930

1942 йилнинг апрелида Гални деб номланувчи ўрмон даласида фашистлар томонидан "Крынки" болалар санаторийси ўрнида барпо қилинган болалар геттосидаги 84 нафар норасида отиб ташланган. Колоннада отувга 85 бола олиб кетилган – биттаси қочишга муваффақ бўлган.

Охирги дақиқаларда Володя ўрмон ичига қараб қочишга эришди. Минскдан 100 километр нарида жойлашган "Крынки" санаторийсидаги болалар геттосининг 84 нафар турли ёшдаги яҳудий миллатига мансуб болалари 1942 йилнинг апрел ойида отиб ташланди.

Орадан 70 йил ўтгач ягона омон қолган бола ўрмон йўлидаги болалар мозорига – устига пушти томирсифат из югурган катта кулранг ҳарсангтошдан ҳайкал ўрнатди.

Омон қолиш юки

Инсоният бошига тушган катта фалокатда ягона омон қолган шахс бўлиш юки қандай? Бундай одамларни халқ орасида "пешонаси етти қарич" ва омадли кишилар деб аташ одат тусига кирган. Аммо бу ундай эмас, асло ундай эмас.

"Уларнинг барчаси учун яшаётганимни биламан. Балки шунинг учун Роббим менга шу қадар кўп атагандир..."

Владимир Семенович Свердлов тўқсонни қаршилади. Ва шуни ичида 80 йилни ҳеч тиним билмас айбдорлик ҳисси билан яшаб келяпти. У катта фалокатда омон қолган, аммо ўзини омадли деб билмайди. Узоқ умри давомида у бу ҳақда ўйламаган кун йўқ. У ўрмондаги биродарлар қабрини "ўзимники" деб атайди. Ва у бутун умри давомида ёдгорлик учун пул тўплаб келган. У анча олдин, Совет давридаёқ бу қарорга келган эди.

Крынки шаҳрида болалар геттосининг отиб ташланиши санаси муносабати билан Sputnik ҳарбий тарихнинг ушбу кам ўрганилган саҳифани ёдга олди.

Санаторий қандай қилиб геттога айланди?

Уруш пайтида Осипович туманидаги собиқ "Крынки" санаториясида ташкил этилган болалар геттоси расман концлагер ҳисобланмайди. Шунчаки, ҳеч кимга буни исботлашнинг ҳожати бўлмаган. Ягона омон қолган жабрланувчи Владимир Свердлов идораларга бундай даъволар билан мурожаат қилмаган.

Река Птичь рядом с местом, где находилось детское гетто
Sputnik / Tolochko Victor
Река Птичь рядом с местом, где находилось детское гетто

Бу қатлнинг аниқ санасини ҳеч ким билмайди. Свердловнинг сўзларига кўра, фожианинг эртаси куни у ён-атрофдаги қишлоқларда бежирим кийинган одамларни кўрган, улар Пасхани нишонлашаётганини айтишган. Бу нималигини, Рогачев туман партия комитети биринчи котибининг фарзанди билмас эди. Аммо ғалати сўзни эслаб қолган. Кейинчалик, ўлкашунос Владимир Киселёв Пасха 1942 йил 4 апрелда бўлганлигини, бундан келиб чиқадики, гетто болалари 2 апрел куни отиб ташланганлигини аниқлайди. Бугун бу ҳақда биров баҳслашмаслиги аниқ.

Владимир Свердлов
Sputnik / Tolochko Victor
Владимир Свердлов

...Ўн ёшли Володя Свердлов Рогачевдан санаторийга боришни истамаган эди. Аммо ота-онасининг райига қарши бора олмади. Бундан ташқари, отаси уни тез орада олиб кетишга ваъда берганди. Шундай қилиб, 1941 йил 17 июнда бола уйини тарк этди.

Уруш бошланганида, уни санаторийдан олиб кетишолмади - поездлар қатнови тўхтаган, онаси арава тополмаган - ҳамма шарққа томон йўл олганди. Кўп ўтмай, оила эвакуация қилинди, отаси эса – партизанлик ҳаракатини ташкил қилиш учун оккупация қилинган ҳудудда қолди.

Ўз уй  манзилларини ва тахминан қаерга боришни биладиган катта ёшдаги болаларни санаторий мудираси шунчаки қўйиб юборганди.

"Фақат ўрта ёшли ва жажжилари қолди", - деб эсга олади Владимир Свердлов. У 89 ёшни қарши олганига қарамай, ҳатто майда тафсилотларгача осонгина тасвирлайди.

Баъзи болаларни ота-оналар олиб кетишди. Аммо яҳудийларни эмас... Аксарият тарбиячилар ҳам кетишган. Энг жасоратлилари, эҳтимол энг виждонлилари қолишган.

"Немислар келганида, бошида қўрқинчли бўлмади. Улар яҳудий болаларини алоҳида бинода йиғиб, ҳаммага кийимларига сариқ юлдузларни тикиб чиқишни буюрди. Биз уларсиз юришимиз мумкин эмас эди. Агар ошхонада пальтоларимизни ечсак, кўйлакда ҳам юлдуз бўлиши керак эди".

Совуқ ҳаво келгунича, бир амаллаб яшаса бўларди. Санаторий атрофида лавлаги ва карам далалари бўлиб, болаларни уларни йиғишга юборишарди.

"Хом лавлаги еб бўлса ҳам, қоринни тўйдирса бўларди. Ҳатто дастлаб биздан қон ҳам олишган. Эҳтимол, аскарлар учун. Мендан ҳам бир марта олишди. Ҳушимдан кетдим. Фақат шприц "Кавказ асираси" фильмидаги каби улкан бўлганини эслайман".

Қиш бошлангач, вазият ёмонлашди. Нон кунига 100 граммдан бериларди. Изғирин - туганмас, барча фикр ва истакларни барбод қилувчи изғирин. Санаторий жойлашган Дараган исмли помешчик аёлнинг шифти тўрт метрга тенг собиқ қароргоҳининг кенг залларида шамол изғирди. Қалин деворлар музлаб кетган, печни уч кунда бир марта ёқишга рухсат берилар ва олов ёқиш учун уч дона пона ажратиларди. Деворлар исишга улгурмасди. Дераза ва эшиклар кўп жойда йўқ эди.

Мемориальная плита на месте погребения узников детского гетто
Sputnik / Tolochko Victor
Мемориальная плита на месте погребения узников детского гетто

Дастлаб, болалар брезент қопланган раскладушкаларда ухлашарди, ёзги чойшаб остида ётиб бўлмайдиган даражага етгач, улардан эски Дараган боғидан тўкилган барглар - заранг, эман баргларини олиб келиш учун рухсат беришларини сўраб, ёлвордик. Соқчиларнинг раҳми келиб, рухсат беришди.

"Димоғимдан буғ чиқарди. Ўша пайт шу даражада қаттиқ музлаганимдан ҳаётим давомида исинолмадим - ҳар доим совуқ қотаман, титрайман", - дейди Свердлов. У яшайдиган хонадон жуда иссиқ, лекин қаҳрамонимиз биз, Sputnik мухбирлари билан, мўйнали жилетда суҳбатлашмоқда.

"Уруш ҳамма нарсани ҳисобдан чиқаради"

Ошхона ёнида ахлат қутиси бор эди. У оч қолган болалар учун ягона бахтга айланди.

"Қути катта эди, иккига икки ярим метр келарди. Мен жуда яхши сакрардим - унинг бир ярим метрча келадиган деворини осонгина сакраб ўтардим ва қўйнимни - карам, картошка пўчоқлари каби чиқиндиларга тўлдириб чиқардим. Кейин биз бу "ўлжамиз"ни дарёда ювардик, орамизда энг каттамиз – 12 ёшли Яша маҳсулотларни ҳаммага тенг бўларди, кучсизларга яхшироғини беришга ҳаракат қиларди".

Яшанинг фамилияси хотирада қолмаган, Свердлов фақат унинг Мозырдан бўлганини эслайди, холос. Бола етакчиликни ўз зиммасига олганди, чунки атрофда ҳамма карахт, ундан бошқа ҳеч ким бу ишни бажармаслигини тушунганди.

"Бир марта, шу қутини ичида мени комендант тутиб олди. У мени пўлат симлардан ишланган қамчи билан урди. У "Агар ихтиёр менда бўлганда, сени ўлдирган бўлардим", деди. Мен эса азбаройи жаҳлим чиққанидан кўкрагимдан юлдузни юлиб, қорга улоқтирдим. У қутуриб кетди, ҳушимни йўқотгунимга қадар дўппослади. Шундан сўнг декабр ойини тўшакда ўтказдим. Агар менга озиқ-овқат ва сув ташиб турган болалар бўлмаганида, ўлган бўлардим. Умуман, ўша декабр ойини унча эслай олмайман. Мен у ерда (юқорига ишора қилади - Sputnik) бўлганман... "- бу сўзлардан кейин Владимир Семенович ўйга толади.

Мемориальная плита на месте погребения узников детского гетто
Sputnik / Tolochko Victor
Мемориальная плита на месте погребения узников детского гетто

Ўзининг, кекса одамларга хос бўлмаган ёрқин хотираларида, Владимир Свердлов яна 10 ёшли болакайга айланади гўё. Худди шу болаларча даҳшат ва тушкунлик билан у тарбиячи-назоратчилар ваҳшийликлари ҳақида гапиради.

Уларнинг ҳаммаси немислар эмас эди - собиқ "ўзимизникилар" ҳам бор эди. Битта нарсани, улар у ерга "қалб чақириғи"га асосан боришганмиди ёки "уруш ҳамма нарсани ҳисобдан чиқаради", деган фикр, уларни буткул тормоздан маҳрум қилганмиди, англаб бўлмасди.

Директор - асирга олинган Қизил Армия собиқ майори, украиналик Шипенко эди. Тарбиячи Вера Ждановични эса, болалар "немис" деб атар эдилар. Унинг олдига немис аскарлари келиб турарди, тез-тез зиёфатлар уюштириларди. Улар тайёрлаган овқат ҳидидан болаларнинг бўш ошқозонлари гўёки тескари бўларди. Баъзилари ҳушдан кетарди.

"У директор ўринбосари эди, лекин ҳаммасини аслида у бошқарарди. Отувга рўйхатни ҳам у тузарди", - дейди Свердлов.

Вера Петровна Ждановичнинг сўроқ қилиниши баённомалари Беларусь КГБнинг Могилев вилояти бўлинмаси архивида сақланади. Уларда аёл Крынки санаторийсидаги яҳудий болаларининг қатл этилиши ҳақида қисқа ва ҳаяжонсиз гапирган. 1942 йил апрелида эса Изя исмли болакайни гўёки қатлдан яшириб қолгани ҳақида жуда батафсил сўзлаган. Бола гўёки Осиповичи бургомистри Гаряниннинг Крынки болалар уйига ташрифи пайтида кутилмаганда яширин жойдан эҳтиётсизлик қилиб чиққан ва бургомистр кўзига тушган. Шундан сўнг уни Осиповичига олиб кетиб, отиб ташлаганлар.

Шунингдек у оккупация қилинган ҳудудга келиб қолган икки аскарни партизанликка ўтиб кетишига "шахсан ёрдам бергани" ҳақида айтиб берган.

Бу ҳақиқатми ёки собиқ назоратчи шу хилда ўзини оқлашга уринганми, энди буни билолмаймиз. Фақат Крынка болалар уйида тартибни назорат қилиб, кейинчалик 25 йилдан то отувгача хукм қилинган бошқа назоратчи ва полициячилардан фарқли ўлароқ, Жданович оз муддатга ҳукм қилинган. У атиги олти йил ўтирди. Айтишларича, унинг НКВД тизимида қариндошлари бўлган.

Тегишли муддатни ўтаб, у яна Осиповичига қайтиб келган ва у ерда кўп йиллар яшаган. Бу жойларга тез-тез ташриф буюрган, маҳаллий ўлкашунослар ва Дараганов музейи ходимлари билан алоқада бўлган Свердловга бу ҳақда аёл вафотидан кейин айтишади.

Мен улардан: "Нега унинг бу ерда яшаганини менга айтмагансиз?", - деб сўрадим. Улар: "Қасос олишингиздан қўрққанмиз", - деб жавоб беришди. Албатта, мен қасос олмас эдим - бу менга хос эмас. Аммо бориб унинг кўзларига қарардим – ҳа, шундай қилардим", -  дейди шунчаки Свердлов.

Птичи муз ўйиғидаги қабристон

1941-1942 йилларда қиш ҳаддан совуқ эди. Яҳудий болалари ухлаган хонада ҳамма нарса қиров билан қопланарди, барглар ўрнига солинган сомон иситмас эди.

Болаларнинг кийимлари муздай эди. Кузда уларга санаторийда берилган панама-шляпа-блузкалар ўрнига, болалар кийиб келган либосларни беришди.

"Менинг ботинкаларимни тезда ўғирлашди - бутун қишни калишда ўтказдим. Бармоқларимни бутун умрга совуқ урди".

Декабр ойи охири - январ ойи бошларида яҳудий геттосида ўлимлар бошланди. Ҳар куни эрталаб назоратчилар бир нечта боланинг жасадларини Птичига, муз ўйиғи остига ташлаб келардилар.

"Бизни геттога йиғишганида, яҳудий болалари 160 нафарча эди, қатлга 80 дан ошиқ одамни олиб кетишаётганди... Деярли ҳар куни эрталаб кимдир уйғонмасди. Кўринишидан соғлом, тўлача болалар биринчи бўлиб ўларди".

Қиш охирига келиб, ҳаммани лоқайдлик босди. Кучдан қолган болалар ўринларидан турмай қўйишди, юрмай қўйишди. Нажас туфайли хона ҳавоси нафасни қайтарадиган даражага етганди, соқчилар бу ерга ортиқча кирмасликка ҳаракат қилардилар.

"Кейин нима бўлади, яшаймизми ёки ниҳоят, ўламизми, аҳамиятсиз бўлиб қолган эди. Кучимиз қолмаганди", - дея эслайди Свердлов.

Баҳор келиши билан умид учқунлари пайдо бўлди. Болалар бир-бирларига Қизил Армия ҳаммаёқ музлагани учун кела олмагани ҳақида пичирларди. Энди эса ҳаммаёқ эрийди, йўллар қурийди ва фашистларни бирдан мағлуб этишади.

"Иссиқ, ёруғ ва қорин тўядиган жой"

Бир кун эрта тонгда, ҳали кун ёришмаганида, болаларни ўйғотиб, иккитадан сафладилар.

"Иссиқроқ, ёруғроқ ва қорин тўядиган бошқа жойга қўчиришаётгани ҳақида айтишди. Аравалар яқинлашди - уларга кичкинтойларни орта бошладилар. Беш яшар ёки ундан кичик болалар эди улар. Қолганлари пиёда кетишди", - Свердлов ёш қарағайлар орасидан ўтадиган ва унинг учун охирги бўлиши керак бўлган йўлни нечанчи бор эсга оляпти, ёлғиз Худога аён.

Йўлда Яша уларни ҳеч қаерга кўчиришмаётганини, ўлдириш учун олиб кетишаётганини тушунди. Акс ҳолда болалар колоннасини нега форма кийган ва автоматли эркаклар кузатиб боришади?

"Қалбимни ҳавотир чулғаб олди. Қандай қилиб ўлдиришлари мумкин? Ахир атиги 11 ёшдаманку...", - дейди Свердлов.

У Яшага қочишни таклиф қилади. У иккита кичкинтойни етаклаб олган эди. Яша рози бўлмади - болалар у сиз йиғлай бошлашини айтди.

"Ўйлашга вақт йўқ эди. Мен ўрмонга қараб югурдим. Ҳаётимда бошқа ҳеч қачон бу қадар тез югурмаган бўлсам керак. Мен томон ўқ узишдими, йўқми, эшитганим йўқ. Қарағай шохлари юзларимга қаттиқ уриларди, то йиқилмагунча югурдим. Тиззам эзилган эди - ҳалигача билмайман, уни отиб яралашганмиди ёки тошга уриб олганманми, бу ўрмонларда тошлар жуда кўп".

Бу қатлда кўп нарса сирлигича қолди - нега фашистлар болаларни қишлоқлар орқали беш километр олиб юришди ва нега уларни кечқурун отишди.

Шу жойларда яшовчи 92 ёшли Сергей Пинчук ўша пайтда 13 ёшли бола эди. У каттароқ ёшдаги дўсти билан қатл жойи яқинида сигирларни боқиб юрарди. Эрталабдан у ерга машиналар ўтаётганини кўрган. Автомобиллардан бири, капотига пулемет ўрнатилган "Опель"дан ҳатто, бир немис тушиб, маҳаллий чўпонни суратга олган.

Сергей Николаевич чалажон болалар колоннасини қай тарзда ҳайдаб боришаётганини кўрган, бараварига отилган ўқ овозларини эшитган. Эртасига у қатл жойига қараб югурган.

"У ерга қум сепилган эди. Аммо мен ўша чуқурга яқин бордим - у гўё нафас оларди. Агар кимдир уларни қазиб олганида - эҳтимол, кимдир омон қолиши мумкин эди. Мени қўлимдан нима ҳам келарди? Ёш бола эдим. Бундан ташқари, ҳамма жуда қўрқарди. Ўша жойга ҳеч ким бора олмаган - фақат мен, аҳмоқ, борганман" - дея ҳикоя қилади қария.

Яхши одамлар орасида узоқ йўл

Зич ўсган қарағайзор бўйлаб узоқ югургач (маълум бўлишича, у атиги уч юз метр югурган) Володя ҳушини йўқотади. Совуқдан уйғониб кетади - апрел ойининг бошида ер ҳали муздай эди.

"Ўша ерда бўлганимдан буён биринчи марта йиғлаб юбордим. Аламдан, қўрқувдан, тушкунликдан", - дейди Свердлов.

Ўкириб йиғлагач, қандай бўлмасин тирик қолишга ҳаракат қилиш керак, деб ўйлаб қолдим. Бошим оққан томонга қараб юрдим. Санаторийнинг хўжалик ҳовлисига келади. У ерда бир аёл тимирскиланаётган эди. Боланинг гапларидан, у сакраб тушади - эҳтимол, ўша вақтда ниманидир ўғирлаётган бўлган.

"У менга, юлиб ташлашни унутган сариқ юлдузга қараб: " Дитятко, ухадзi адсюль, бо цябе заб'юць"(Болажон, бу ердан кет, бу ерда сен тирик қолмайсан – таҳр.) деди. Аёл менга дарёнинг нариги томонига боришни айтди. Дарё устидаги муз эса эриб бўлган эди. Кўприкни партизанлар ёқиб юборишганди. Сувдан фақат устунлар ва аллақандай ёғочлар чиқиб турарди. Мен дарёдан қандай ўтганимни биласизми? Ҳақиқатан, Парвардигор қўллади: қаердадир сакрадим, қаердадир эмакладим. Лекин ўтдим. Устим хўл бўлди, лойга буркангандим – у ер торф ботқоғидан иборат эди".

"Қишлоққача етиб олиб, аллақандай саройга кириб олдим. Исиниб олганимдан сўнг, ошқозоним ўзини эслатди - овқат ҳидини сездим. Картошка эди. Мен ҳозир ҳам исталган жойда картошка ҳидини илғай оламан. Чўчқаларга ем бериладиган киртоғорани топдим. Четларига қуриган картошка ёпишган экан. Мен уни кўчириб ола бошладим. Чўчқага бу ёқмади шекилли, қичқириб юборди. Шу пайт саройга кириб кираётганини эшитдим. Тамом, капут, деб ўйладим".

Аммо қишлоқлик бу киши болани ҳайдамади. Пальтодаги юлдуз изидан у ҳаммасини тушунди, пичан орасига яшириб, шу ердан ҳеч қаерга чиқмасликни буюрди. У нон ва сут олиб келди. "Санаторий"даги тўққиз ой ичида биринчи марта нормал овқат эди бу.

"Мен овқатга ташландим, у тортиб олди - мумкин эмас, деди. Мени оз-оздан овқатлантира бошлади. Кейин у кийим-кечак, свитка, анучи, лапти олиб келди - мени деҳқон боласи каби кийинтирди. Латта-путталаримни эса гўнг орасига кўмди".

"Ўша пайтга келиб лат еган оёғим шишиб кетди. Амакининг айтишича, шифокорга учрамасам, ўлар эканман. Қоронғи тушиши билан мени Ковгары қишлоғидаги шифокорга олиб борди. Мени қишлоққача олиб келиб, шифокор қаерда яшашини тушунтирди ва қўйиб юборди. Афсуски, уйни адаштириб, бошқа бир аёлнинг уйини тақиллатибман. У мени ҳайдамади, шифокорга олиб борди. Шифокор мени кўрикдан ўтказиб, ярамга ишлов берди, чўмилтирди ва ухлагани печ устига ётқизди. Аммо эрталаб жўнатиб юборди. Бутун қишлоқни ўлдиришади, деди. Мени Буда қишлоғига, бўрсиқ ёғи бўлган бобосиникига юборди. У мени даволай оларди. Унинг ўзида эса ҳеч қандай дори йўқ эди. Бобо ҳақиқатан ҳам мени даволади - у ҳам мени жўнатиб юборди", - дея эсга олади Свердлов.

Шундай қилиб, Свердлов у қишлоқдан бу қишлоққа кезади - кислица, эман ёнғоғи билан озиқланди. Озғин болага албатта, ҳамманинг раҳми келарди, лекин ҳеч ким яҳудий болани ўз уйида қолдиришга журъат этолмасди. Яҳудийларни яширгани учун бутун оилани отиб ташлашлари мумкин эди. Володя бутунлай тушкунликка тушиб, қайта уйғонмаслик умидида, ерга ётиб олганида, қулоғига: "Хлопчык, ты чый?" (Болакай, сен кимникисан – таҳр.) деган гап эшитилди.

© AFP 2018 / Caf
Фотография еврейского гетто во время Второй мировой войны, 1943 год

"Холажон, мен ҳеч кимники эмасман. Мени ўрмонда қолдирманг", деб жавоб бердим. Шундай қилиб, мен Алеся бувим билан учрашдим. Унинг қизи урушдан олдин Минскдаги касалхонага ётқизилган. Қизини излаб бормаган болалар уйлари қолмаган. Ва у мени ташлаб кетмади. Унинг Макаричи қишлоғидаги уйида оккупацияни ўтказдим. У ҳаммага ота-онамни (унинг узоқ қариндошларини) Германияга олиб кетишганини айтиб чиқди. Бу гапга ким ишонди, ким ишонмади, билмайман. Аммо уруш давомида мени ҳеч ким сотмади. Немислар қишлоққа келишса, Алеся бувим мени ўрмонга жўнатарди, у жуда яқин 200 метр масофада жойлашганди".

Александра Звонник
Sputnik / Tolochko Victor
Александра Звонник

Немисларни қувиб чиқаришгач, болакай Рогачевга отланди. У ерда биринчи навбатда ўзининг Советская кўчасига борди. Кўрдики, жонажон уйи ўрнида бутунлай бошқа, янги уй қурилаётган экан. Яшаётган одамлар ҳам тамомила бошқа эди. У ўзининг оиласи ҳақида сўради, ҳовлидаги аёл жавоб ўрнига унга таёқ кўтарди. Рогачевнинг барча яҳудийлари 1941 йилдаёқ отиб ташланганини айтди.

Володя Рогачёвни айланиб юрди - на овқат, на пул, на таниш топа олди. У ўз отаси, партизан отрядининг собиқ комиссари, озод этилиши ҳамон Березинский туманига ўтказилганини билмасди.

Ота-онаси олдига тўрт йил деганда борди

Поездларда юрганида, аскарлардан бири унга ФЗО (фабрика-завод таълими) мактабига кириш кераклиги ҳақида айтиб қолди. У ерда озиқ-овқат ҳам бўлади, ишчи касбга ҳам ўқитилади. ФЗОга кириш умидида, Свердлов, деярли бутун Беларусни кезиб чиқди.

"Мени аввалига ҳамма жойда яхши кутиб олишарди, лекин ҳужжатсиз эканлигимни билишгач, энг яхши ҳолатда - ошхонага олиб бориб, овқатлантириб, жўнатиб юборишарди", - дея эсга олади Свердлов. - Мени қабул қилишга ҳақли эмасди. Охир-оқибат, Алеся бувимнинг олдиларига қайтдим. Ўша пайтда қишлоқда қанчалик очарчилик бўлмасин у киши: "Выжылi ў вайну, выжывем i зараз" (Урушда тирик қолдикми, бу ёғига ҳам кунимизни кўрамиз – таҳр.), дея мени юпатди.

Володя колхозда ишлай бошлади. Саккиз килограмм жавдар ишлаб топди.

"Икки кун итдай оч қолиб, тегирмонда навбатимни кутдим. Ишчилар мендан ҳатто хизмат ҳақини олишмади – текинга янчиб беришди. Оқшом бўлишига қарамай, тўғри Макаричга йўл олдим. Бувимнинг хурсандлигини кўрсангиз эди! Нон пиширдилар. Ҳаммамиз тўйиб еб олдик. Кейин эса... Қишлоқда қандай яшашарди? Жуда оч. Мен омоч ҳайдардим – қўлимдан келганча ёрдам бердим. Аммо Алеся бувимнинг учта фарзанди бор эди - мен у нинг бўйнида хуржун бўлишни ҳоҳламадим", - дея эсга олади у.

Ветеран Максуд Акилов
Из личного архива Максуда Акилова

Кимдир йигитга Ғарбий Белоруссияда колхозлар йўқлигини, очлик йўқлигини айтди - бир неча йил давомида Володя полякларнинг хуторларида ёрдамчи ишчи сифатида ёлланиб ишлади, уларнинг ҳақиқатан ҳам йирик ҳўжаликлари бор эди.

Бир куни, Алжбета хонимникида ишлаётганида, маҳаллий милиционер унга Рогачевга қайтиб, ҳужжатларни тиклашни маслаҳат берди - бунинг учун ҳеч ким қамоққа тиқмаслигини айтди.

"Мен Рогачевга келдим. У ерда милиция оддий уйда, бир кулбада жойлашганди. Бир бурчагида маҳбуслар ўтиришар, иккинчисида терговчиларнинг столлари. Бошлиққа бошдан кечирганларини айтиб бердим – санаторий, гетто ҳақида. Қўшни стол томонда ўтирган терговчи: "Вова сенмисан?", дея қичқириб юборди (шу пайт Свердлов юзини буради, бир неча дақиқадан сўнг у яна кучини йиғиб, ҳикоясини давом этиради - Sputnik).

"Маълум бўлдики, у отам билан жанг қилган собиқ партизан экан. У отам мени қидираётганини биларди. Аммо унга мени геттода болалар билан бирга отиб ўлдиришганини айтишган. Милиционер туман ижроия қўмитаси раиси Драчевга хабар қилди - улар отам билан бирга жанг қилишган. У мени олиб кетди, чўмилтирди, янги кийимлар олиб берди. Дадам менинг ортимдан машина юборди. Рогачевдан Березиногача деярли икки сутка йўл босдик".

Володянинг онаси ўғли топилганига ишонгиси келмасди. Машина йўлда келаётган маҳалда, эрига фақат, кўрасиз, бегона бола келади, дея такрорлар экан. Ўғли ҳовлига кирганида эса, қотиб қолди. Қирқ дақиқача битта сўз ҳам айта олмади.

Албатта, ҳамма ўз ҳис-туйғуларини енгиб олганида, дастурхон тузатилди, байрамга айланди, кутилмаган бахтга ишонгилари келмас эди. Володя ота-онасидан қилган ягона илтимоси - бу мавзуни ёпиб, қайта бу ҳақда оғиз очмаслик бўлди.

"Мен узоқ умр кўрганим сабаби ҳам балки уларнинг ҳаммаси учун яшаётганимдадир. Шунинг учун ҳам Парвардигор мени асради.  Ерда кўпроқ керак бўлгандирман, эҳтимол. Бир вақтлар черковларга ёрдам берганман - мен яхши темирчиман".

У православ черковининг турли мукофотларига сазовор бўлган. 90-йилларда Беларусда қайта тикланган кўплаб черковларда у тайёрлаган хоч ўрнатилган: Пётр ва Павел соборида, Марям Магдалина черковида, Минскдаги Муқаддас Руҳ кафедрал ибодатхонасида. Ўша пайтда у Беларусда бундай ишни бажара оладиган ягона уста эди.

"Ҳатто яҳудийлар ҳам мендан бир неча бор гиналашган - нега православ черковлари учун шунчалик кўп иш қиляпсан, дея. Мен уларга - Беларуснинг асосий зиёратгоҳларидан бири, Полоцк Ефросинияси хочини ҳам яҳудий Лазар Богша ясаган, дейман", - дейди Свердлов.

Германия компенсацияси ҳисобига қатл этилганларга аталган ёдгорлик

Владимир Свердлов бутун умри давомида Гална ўрмон даласида ёдгорлик ўрнатишни орзу қилган. Аваллари биродарлик қабрида бетондан ясалган обелиск турарди. Ҳалок бўлган 84 боладан атиги 12 нафарининг ва битта тарбиячининг исми маълум - тарбиячи икки яҳудий боласи билан бирга отиб ўлдирилган.

Свердлов пулни иш ҳақидан, кейин нафақасидан тежаб борди. Германиядан вояга етмаган асир сифатида олган компенсацияси ниҳоят, ўйланган режани амалга оширишга имкон берди.

Дараган музейининг собиқ директори Семён Бородич билан биргаликда Осиповичининг ўзидан керакли тошни топдилар - у юпқа пушти томир югурган улкан кулранг ҳарсангтош эди - бу уурушнинг кулранг тегирмонида болалар ҳаёти мўртлиги рамзини ифодаларди.

"Ҳеч кимдан сўрамаган бўлсамда, лекин жуда кўп одам ва ташкилотлар мени қўллаб-қувватладилар. Кимдир машина берди, кимдир одамлар билан ёрдам қилди. Бунинг учун барчадан миннатдорман. Улар билан биргаликда амалга оширишим керак бўлган ишни бажардим".

... Дараганов музейида экспозициянинг катта қисми Крынка болалар санаторийси тарихига бағишланган. Қишлоқ мактабининг тиришқоқ ўқувчилари, ёш гидлар Настя Дубовик ва ака-ука Илья ва Кирилл Кузминчуклар фожиа ҳақида сўзлайдилар. Болалар жуда қаттиқ ҳаракат қилишади. Аммо замонавий бола уруш ёки гетто нималигини, ўрмонзорни кезиб юрган ҳолдан тойган болани тасаввур қила олмайди...

Ўқитувчилар билан биргаликда ўқувчилар ўрмон даласидаги кичик қабристонни тозалашга борадилар, тадқиқот ва ўлкашунослик билан шуғулланадилар. Гарчи, уруш ёки гетто нималигини энди англай олмасалар-да, аммо хотира нималигини яхши ўзлаштиришган, назаримда. Баланпарвоз маънода эмас, балки оддий, халқчил тарзда: март ойининг ўрталарида болалар биродарлик қабри саранжом ҳолатга келтирилган, қабр устида баҳорнинг илк гуллари униб чиқмоқда.

Асосий мавзулар