09:54 07 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Аналитика
Ҳавола олиш
358 0 0

Экспертларнинг фикрига кўра, Зеленский шу вақтга қадар президент бўлишликни ўрганди, аммо у ҳалигача ушбу кеманинг рулини қандай бошқаришни тушунмай келмоқда.

ТОШКЕНТ, 20 май - Sputnik. Бир йил олдин Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Сиёсий тажрибага эга бўлмаган ҳолда, у ушбу лавозимда ўзидан олдин президент бўлган номзод Петр Порошенко устидан иккинчи босқичда йирик 73 фоиз овоз натижаси билан ғалаба қозонган эди. РИА Новости хабарига асосан.

Бу вақт ичида Зеленский ўзининг сайловолди кампаниясидаги баъзи ваъдаларини, хусусан, депутатлар дахлсизлигини бекор қилишга эришди. Шу билан бирга, у ваъда қилган Донбассдаги тинчликни олиб келмади. Шунингдек, у қўлида мисли кўрилмаган ҳокимиятга эга бўла туриб, мамлакатни ислоҳ қилиш ва "қашшоқлик даврини" енгиб ўтиш борасида жиддий ютуқларга эриша олмади. Шунингдек, йўқ қилишга ваъда берган, аммо ҳануз лавозимларга одамларни тайинлашда "қариндошлик" каби усуллардан фойдаланилаётганлиги учун танқид қилинмоқда. Кадрлар етишмаслиги ҳам унинг фаолиятининг самарадорлигига таъсир қилмоқда: кўпинча асосий лавозимларга номзодлар йўқ ёки улар олдинги амалдорлар орасидан қидирилишига тўғри келмоқда.

Жуда кутилаётганига қарамай, Россия билан муносабатларни нормаллаштириш ҳам амалга ошмади: Зеленскийнинг офиси томонидан Россияга қарши риторика сезиларли даражада камайди, аммо янги президент Россия Федерациясини Украина шарқидаги можарода айблашда давом этмоқда ва Москвага қарши санкцияларни кучайтиришга чақирмоқда.

РИА Новости суҳбатда бўлган экспертларнинг фикрига кўра, Зеленский "шу вақтгача президент бўлишликни ўрганди, аммо у ҳалига ушбу кеманинг рулини қандай бошқаришни тушунмай келмоқда".

Давлат раҳбари лавозимидаги биринчи йилини сарҳисоб қила туриб, Зеленский ўзини камроқ ишонувчан ва қаттиқроқ бўлганини, аммо янги ролга ҳали кўникмаганлигини айтди.

"Турборежим"

Зеленскийнинг раҳбарлиги йилида мамлакатда юз берган барча ўзгаришлар "турборежими"да амалга оширилди -  президентнинг узоқ вақтлардан бери қўлланилиб келаётган қоидалар ва узоқ вақт ишлаётган амалдорларни ўта тез равишда алмаштиришни ва Верховная Радада (Украинадаги парламент – таҳр.) қарорларни тез қабул қилиниши истаги айнан шундай аталмоқда. Зеленскийнинг инаугурация кунининг ўзида биринчи қарори парламентни тарқатиб юбориш ва ўтган ёзда бўлиб ўтган муддатидан олдин сайловларни эълон қилиш бўлди. Натижада, президентпараст партия 246 ўринга эга бўлди (талаб қилинадиган 226 ўрнига) ва мустақил равишда коалиция тузди.

Мухолифатнинг енгил қўли билан Украина сиёсатида "яшил принтер" атамаси пайдо бўлди, чунки "Слуги народа" (халқ хизматчилари) депутатлари фаолиятининг бошида деярли сутка бўйи қонунларга ёқлаб овоз беришган, шу билан бирга улар қонунлар матнларига ҳатто қарашмаган ҳам. "Хизматкорлар"нинг партиявий белгилари яшил рангга бўялганлиги туфайли, принтер яшил деб номланди.

Рада бир йилдан оз вақт ичида ҳақиқатан ҳам 180 дан ортиқ қонунларни қабул қилишга муваффақ бўлди. Зеленскийнинг атрофидагилари депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш борасида конституцияга ўзгартириш киритишга муваффақ бўлишди. Амалдаги президент ҳокимият тепасига келишидан олдин бу ғояга Рада томонидан йиллар давомида тўсқинлик қилиб келинди. Шу билан бирга, қонунчиликдаги янгиликлар шундан иборатки, энди депутатга қарши ишни фақатгина президентнинг таклифига биноан парламент томонидан тайинланадиган бош прокурор қўзғатиши мумкин. Зеленскийнинг ташаббуси билан Рада импичмент тўғрисида қонунни ва очиқ минтақавий рўйхатларни назарда тутувчи янги сайлов кодексини қабул қилди.

Кадрлар етишмовчилиги ва "қариндошчилик"

Зеленский раҳбарлигининг асосий муаммоси кадрлар сиёсати бўлди: ҳокимиятга мамлакатни бошқариш учун командаси бўлмаган одам келди. Сиёсатга иложи борича кўпроқ янги одамларни жалб қилиш бўйича сайловлди ғояси ҳам муваффақиятсиз бўлди.

"Зеленский ва сайловчилар, ҳамма нарсани тез фурсатларда блокдан чиқариш учун шунчаки янги одамлар жалб қилинса етарли деб ўйладилар. Бу ундай бўлиб чиқмади. Мураккаб муаммоларни тез ва содда ҳал қилиб бўлмайди", - дейди украиналик сиёсатшунос Владимир Фесенко.

"Халқ хизматчилари" депутатлари орасида янги чеҳралар тез орада "эски"га айланди. Ҳокимият партияси деярли норасмий таъсир гуруҳларига бўлиниб кетди ва анчадан бери беқарор ишлаб келмоқда. Ер бозори ва "Коломойскийга қарши" қонун бўйича сўнгги муҳим овоз беришлар шуни кўрсатдики, Зеленский Радада энди барқарор коалицияга эга эмас.

"У жамоани шошилинч йиққани сабабли, бу жамоанинг инитзомлилиги ва сафарбарлигининг ягона мезони – бу Зеленскийнинг ўзи. Чунки мафкуравий ёки қиймат омиллари йўқ. Зеленский бўлмаса, унинг ўзи яратган тизим ҳам бўлмайди", - дейди Фесенко.

Кадрларнинг самарасиз сиёсати Украина иқтисодиётида ҳам муаммоларга олиб келди. Бош вазир Алексей Гончарук бошчилигидаги Зеленскийнинг биринчи ҳукумати давлат бюджетига тушумлар бўйича муваффақиятсизликка учради, бу эса ижтимоий тўловлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди ва натижада вазирлар маҳкамаси ишдан бўшатилди. Гончарук ўрнига Денис Шмигал келди. Айни пайтда, Зеленский офиси кетган Гончарук ҳукуматининг баъзи аъзолари ўрнига ҳануз одам қидирмоқда. Украина Радаси ушбу вазирлар маҳкамаси ҳам тез орада истеъфога чиқишини истисно қилмайди, чунки коронавирус эпидемияси авж олган пайтда иқтисодиётни барқарорлаштириш режасини таклиф қила олмаяпти.

"Кадрлар сиёсатида ҳайратланарли ҳодисалар рўй бермоқда – ҳокимиятга нафақат шунчаки ўтмишдаги одамлар қайтяпти, балки жуда шубҳали сиёсий таржимаи ҳолга эга одамлар. Ва барча лагерлар: (собиқ президент) Виктор Януковичнинг лагеридан ҳам ва Петр Порошенконинг лагеридан ҳам. Муайян кадрлар сиёсати йўқлиги равшан", - деб ёзди "Новое время"нашри кологкасида "Центр UA" жамоат ташкилоти раҳбари Олег Рыбачук.

Украина Сиёсат менеджменти ва таҳлили институти директори Руслан Бортникнинг фикрига кўра, кадрлар сиёсатидаги хатолар яққол кўриниб турибди, чунки олти ой ўтгач Зеленский ҳукумат, бош прокурор ва президент девони раҳбарини ўзгартиришига тўғри келди. "Бу шуни кўрсатадики, унинг кадрлар сиёсати муайян тизимга эга эмас, ҳукуматга тасодифий одамлар келиб қоляпти ва ҳатто рейтинг пасайиши ҳисобига улардан тезда ҳалос бўлишга тўғри келмоқда", - деди эксперт РИА Новости агентлигига.

Зеленский сайловда ғолиб бўлиши сабаларидан бири, олдинги президентларда бўлгани каби, дўстлари ва қариндошларини ҳокимиятга тайинламаслик ҳақидаги ваъдаси бўлган.

"Хавотир олманг. Бизда қариндошчилик бўлмайди", - деб жавоб берди Зеленский 2019 йил апрел ойида журналистларнинг ҳукумат лавозимларига кимларни тайинлаши тўғрисидаги саволига. Бир йилдан сўнг, "95 Квартал Студияси" нинг навбатдаги иштирокчисининг давлат лавозимларига тайинланишига украиналиклар ҳайрон бўлмай қўйдилар.

Зеленский ўзининг биринчи қарорлари билан болалик дўсти, илгари "Квартал 95" МЧЖ раҳбари бўлиб ишлаган Иван Бакановни Хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинлади. Зеленскийнинг қадимги дўсти ва бизнес-ҳамкори, "Квартал 95" студияси эгаларидан бири Сергей Шефир президент маслаҳатчиси этиб тайинланди. "Квартал" ҳуқуқшуноси ва Зеленскийнинг дўсти Андрей Ермак Президент девони раҳбари бўлди. "Квартал"дан ҳокимиятга тайинланганлар сони аллақачон ҳазилларга сабаб бўлди, нимага Лысый  (кал-таҳр.) (Зеленскийнинг яқин дўсти Евгений Кошевой) ҳалигача лавозимга тайинланмади. Украиналик журналистлар "Квартал"чилар тугагач, лавозимларга гуруҳ концертларида ҳаммадан баландроқ қарсак чолган ёки кулганларни тайинласа бўлади ҳазил қилишмоқда.

Коррупцияга қарши кураш ва ваъда қилинган қамалишлар

Порошенко билан стадиондаги мунозарада Зеленский: "Мен сизнинг ҳукмингизман", деган муҳим иборани айтди. Зеленский атрофидаги одамларнинг асосий шиорларидан бири қуйидагича бўлган: "Баҳор келади – ҳибсга олишларни бошлаймиз". Коррупцияга нисбатан бағрикенгликка нол даража тўғрисида ва  Порошенко президентлиги тугаши билан бирга "ўзимизнинг" одамлар мамлакатда ҳамма нарсани бошқариши даври тугаганини кўрсатишни исташларига қарамай, Зеленский ўз йирик коррупцион жанжалига эга бўлиб бўлди.

Март ойининг охирида, президент офиси раҳбарининг укаси Ермак давлат лавозимига номзодлар билан суҳбатлашаётгани ва бунинг учун эҳтимол пул олган бўлиши мумкинлиги ҳақида видеолар пайдо бўлди. Фақатгина бир ҳафта ўтгач, Зеленскийнинг офиси ушбу жанжалга муносабат билдирди ва видеода кўрсатилган ҳеч бир одам лавозимларга тайинланмаганини, аммо "келтирилган барча далиллар синчковлик билан текширилиши кераклигини" таъкидлади. Кейинчалик Давлат тергов бюроси Ермакнинг баёнотига биноан гўёки ҳукумат лавозимларини сотиш билан боғлиқ материалларни тарқатилиши муносабати билан иш қўзғади. Коррупцияга қарши прокуратура одамларни давлат органларига лавозимларга тайинлашда ўз мавқеини суиистеъмол қилиш фактлари бўйича иш қўзғатди. Кейинчалик у иш "фирибгарлик" моддасига қайта таснифланди.

Зеленскийнинг ўзи, нима учун бир йил давомида коррупционерларни "қамаш" ҳақидаги ваъдасини бажармаганлигини тушунтираятиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тўғридан-тўғри таъсир ўтказа олмаслигини айтди. Ушбу даврда бошланган шов-шувли ишлардан бири Порошенкога қарши жиноий иш қўзғатилгани бўлди. Унга нисбатан 16 та жиноий иш, шу жумладан "давлатга хиёнат", "жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш" ва "ваколатни суистеъмол қилиш" моддалари бўйича ишлар қўзғатилган.

Донбасс танаффусда

Зеленский бутун йил давомида ўз ишида катта эътиборни Донбассдаги ҳарбий можарога барҳам беришга бағишлади. Ўтган йил охирида Франция, Германия, Украина ва Россия етакчилари уч йиллик танаффусдан кейин "Норман форматида" музокараларга ўтиришди. Бўлиб ўтган учрашув натижасида Украина шарқида бир қатор нуқталарда кучларнинг қайтарилиши бошланди, шунингдек, РФ ва ўз-ўзини эълон қилган ДНР ва ЛНР билан "ушлаб турилган" шахсларнинг бир қатор муҳим алмашинувлари амалга оширилди.

"Ишончим комилки, бу алмашинув орқали биз бу урушга якун ясаймиз... Мен бир йил ишлашга тайёрман, агар Минск жараёни ишламаса, биз тактикани ўзгартиришга тайёрмиз. Бу йил ҳали ўтмади", - деди Зеленский.

Минскдаги Донбасс бўйича мулоқот гуруҳи минтақанинг махсус мақоми тўғрисидаги қонуннинг кучга киришини белгилайдиган "Штайнмайер формуласи" тўғрисида келишиб олди. Формула келишиб олинганидан сўнг, Украина пойтахти ва бошқа бир қатор шаҳарларда Киевнинг бундай қарорга қарши чиққанларнинг намойишлари бўлиб ўтди. Донбасс мақоми ҳақидаги қонун Радада ҳам ҳали пайдо бўлмади.

Май ойида Зеленский Минскдаги алоқа гуруҳининг таркибини ҳам кучайтирди, жумладан, унинг таркибига бош вазир ўринбосари ва Украинанинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудлари бўйича вазири Алексей Резников қўшилди.

"Музокаралар жараёни силжий бошлади ва бу Зеленский учун ижобий жиҳат. Аммо, афсуски, "Норманд тўртлиги"нинг иккинчи учрашуви бўлмади. Ва бунга сабаб коронавирус эмас, сабаби шундаки, биринчи учрашувнинг натижалари ҳали амалга оширилмади. Ижобий бошланганига қарамай, бугунги кунда Зеленский маълум бир рубиконга етиб келди, бу рубиконда Донбасс бўйича жиддий қарорлар қабул қилиниши керак, аммо бу мамлакат ичидаги ўнг қанот радикаллари томонидан ишлатилиши аниқ, бироқ уларсиз реинтеграциянинг иложи йўқ", - деди Бортник агентликка берган изоҳида.

Москва ва Ғарб билан муносабатлар

Ташқи сиёсатда Зеленский Киевнинг Европага интеграция векторини сақлаб қолди ва НАТО билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, президент офисида Украинанинг НАТО ва Европа Иттифоқига кейинги ўн йилликларда аъзоликка умид қилиб бўлмайдиган шароитда ташқи сиёсат бўйича аниқ стратегия йўқ.

"Жамоада стратегик режалаштиришни ҳис қилиб бўлмайди - бу эса биринчи навбатда устуворликларни белгилаш. Аслида биз эски кўп векторли ёндашувни давом эттирмоқдамиз", - деди Халқаро илғор тадқиқотлар маркази мутаҳассиси Николай Капитоненко.

Ўз навбатида, сиёсатшунос Бортник, кўп векторли сиёсатга қайтиш ҳақида гапиришнинг кераги йўқ, деган фикрни билдирди, янги президент шунчаки Порошенко каби Евроинтеграцияни қатъиятлик билан илгари сурмаяпти.

"Биз евроинтеграциялашувни тўхтатдик ҳолос, аммо Зеленскийнинг позицияси унчалик таъсир кўрсатмади, чунки Ғарб инқироз, коронавирус туфайли Украинадан озгина узоқлашди ва ўз муаммоларига қайтди. Ҳеч ким ЕИ ва НАТО томон ҳаракатдан воз кечмаяпти, бу тартиб конституцияда қолмоқда, аммо ҳеч ким бу жараёнларни тезлаштирмаяпти ҳам», - деб ҳисоблайди мутахассис.

Россия билан муносабатларда, Украина томони тажовузкор риторикани сезиларли даражада олиб ташлади. Донбасс масаласида Москва билан умумий тил топиш учун расмий Киев "Қримни қайтариш" масаласини музокаралардан деярли олиб ташлади. Бундан ташқари, Украина хукумати вакиллари вақти-вақти билан ахборот маконига Қримни сув билан таъминлаш ғояларини киритишган.

"Бизнинг Россия билан муносабатларимиз Грузия сценарийси бўйича давом этмоқда, бунда, бир томондан муҳим газ транзити шартномаси тузилди, савдо учун тўсиқлар камайди, бошқа томондан, сиёсий нормаллаштириш ҳақида гапириш ҳозирча ноўрин. Украинада РФ элчиси йўқ, ва сиёсий муносабатлар жуда паст нуқтада», - деди Бортник.

Москва ва Киев ўртасидаги муносабатлар Донбассдаги вазият фонида ёмонлашди. Украина расмийлари аввалроқ Россияни мамлакатнинг ички ишларига аралашганликда бир неча бор айблашган. 2015 йил январ ойида Верховная Рада Россия Федерациясини "тажовузкор мамлакат" деб номловчи баёнот қабул қилди. Россия Украина томони айбловларини рад этиб номақбул деб атади. Москва бир неча бор Украина ичидаги можаронинг иштирокчиси эмаслигини ва Киев ички сиёсий ва иқтисодий инқирозини бартараф этишидан манфаатдорлигини билдирди.

2014 йил март ойида ўтказилган референдумдан сўнг Қрим Россия ҳудудига айланди, унда Қрим республикаси сайловчиларининг 96,77% ва Севастополь аҳолисининг 95,6% Россияга қўшилишни ёқлаб овоз беришди. Қрим хукумати 2014 йил феврал ойида Украинада содир бўлган тўнтаришдан кейин референдум ўтказди. Украина ҳали ҳам Қримни ўзининг, лекин вақтинча босиб олинган ҳудуди деб ҳисоблайди. Россия раҳбарияти бир неча бор Қрим аҳолиси демократик йўл билан, халқаро қонунларга ва БМТ низомига тўла мос равишда Россия билан бирлашишга овоз берганликларини таъкидлади. Россия президентининг сўзларига кўра, Қрим масаласи "бутунлай ёпиқ".

Рейтинг тушиши

Хатолар ва ҳар доим ҳам жамоатчиликка тушунарли бўлмаган қарорларга қарамай, сайловлар яқин келажакда ўтказилган тақдирда, Зеленский яна сайловда ғалаба қозонган бўлар эди. Сўнгги социологик сўровларга кўра, потенциал сайловчиларнинг 40 фоиздан кўпроғи унга овоз беришга тайёр.

Ўтган йили ўтказилган сайловнинг биринчи босқичи натижаларига кўра, у барча номзодлар орасида энг кўп овоз тўплаган (30,24%), ҳатто амалдаги президент Порошенкодан икки баравар кўп ҳам. Сайловнинг иккинчи босқичида Зеленский 73,22 фоиз овоз йиғиб ғалаба қозонди.

"Зеленскийнинг партияси ўн ой ичида ўз сайловчиларининг тўртдан бирини йўқотди, Зеленскийнинг ўзи эса сайловчиларнинг 30%ни йўқотди. Юқори қўрсаткич 73 фоиздан юқори бўлиб, рейтинги бқорилигича қолаётганига қарамай, уларни йўқотиш динамикаси салбий ва Янукович ва Порошенколарнинг худди шу тенденцияларига таққослаганда яқин”, - деди Бортник РИА Новостига.

Унинг фикрига кўра, жамиятда кўпчилик ушбу сайлов инқилоби, тизимсиз сиёсатчининг сайланиши сиёсий инқилобга ва ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг ўзгаришига олиб келади деб умид қилишган. Бироқ, бу содир бўлмади ва Зеленский ўзининг ўтмишдошларидан мерос қолган бошқарув тизимини давом эттирди.

Шунга ўхшаш фикрни "Демократия уйи" марказининг сиёсий таҳлилчиси Анатолий Октисюк ҳам билдирди.

"Таассурот шундайки, ҳокимият ўзгарди, эски қоидалар эса Порошенко давридан фарқли ўлароқ жамланмаган бўлиб қолди ҳолос. Менимча, Зеленский олигархлардан қўрқади, ўз рейтингини йўқотишдан ёки кимдир у ҳақида ёмон ёзиб қўйишдан қўрқади. Охир оқибат, олқишларга муҳтож актёрлик синдроми, ҳануз йўқолмади”, - дейди сиёсатшунос.

Асосий мавзулар