01:54 04 Август 2020
Эфир
  • RUB142.37
  • EUR11896.04
  • USD10207.69
Аналитика
Ҳавола олиш
118510

Вашингтон ва Берлин Москвани “Катта еттилик” саммитига таклиф қилиш-қилмаслик борасида баҳслашмоқда.

ТОШКЕНТ, 29 июл - Sputnik, Галия Ибрагимова. Вашингтон ва Берлин Москвани “Катта еттилик” саммитига таклиф қилиш-қилмаслик борасида баҳслашмоқда. Дональд Трамп музокараларда Владимир Путинни кўришни истайди, Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас эса Украина муаммоси туфайли Россия етакчиси билан алоқа қилишнинг иложи йўқлигини таъкидлайди. Кремль умуман G7га интилмаётганини ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий беш аъзоси бўлган “ядровий бешлик” учрашувини афзал кўришини маълум қилди. Воқеаларнинг ривожланишининг энг эҳтимолий сценарийси - РИА Новости материалида.

“Хавфсизлик - бу товар эмас”

Германия Федератив Республикаси ва АҚШ бу йил дипломатик муносабатларнинг 65 йиллигини нишонламоқда. Вашингтон ва Берлин иттифоқи евроатлантика хавфсизлигининг кафолати ҳисобланади. Бироқ юбилей бузилиши мумкин.

Ёзнинг бошида, АҚШ президенти ҳийла қилмаётгани ва ҳақиқатан ҳам 9500 америкалик ҳарбийларини Германиядан олиб чиқишга тайёрланаётгани аниқ бўлди. Асосий сабаб - Германия ҳукуматининг Шимолий Атлантика иттифоқига харажатларни кўпайтиришдан бош тортаётгани. Берлин Америка товарларига божларни камайтиришдан бош тортаётгани ҳам Оқ уйга номақбул.

“Трамп НАТОни савдо ташкилоти билан адаштирмоқда. Хавфсизлик товар эмас ва у фақат ўзаро бўлиши мумкин”, - деб Америка етакчисига эътироз билдирмоқчи бўлди Германия Мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауер. Лекин беҳуда.

“Агар немислар бизнинг ҳимоямиз остида бўлишни истасалар, қарзларини тўлашсин ва НАТО бюджетига тўловларини оширишсин”, - дея Американинг Берлиндаги собиқ элчиси Ричард Гренелл давом эттирди. Трамп унинг сўзларига қўшилди.

Евроиттифоқининг энергия хавфсизлиги масаласида ҳам бирлик йўқ. Америкаликлар “Шимолий оқим-2” ва “Турк оқими” европаликларнинг Россия газига қарамлигини оширади ва сиёсий хавфларни туғдиради деб таъкидлашни давом эттирмоқдалар.

Немислар бунга рози эмас, уларга Вашингтоннинг аралашуви ёқмаяпти. Америкаликлар Россиянинг энергетик лойиҳаларида иштирок этаётган европалик иштирокчиларга қарши янги санкцияларни жорий этиш орқали ўзларининг  айтганида турибдилар.

“Хитойга қарши иттифоқ”

Кўринишидан Берлин ва Вашингтон Москва борасида консенсусга эга: Қримни Россия билан бирлашишини тан олмаслик, Украинанинг жанубий-шарқидаги можарода Киевни қўллаб-қувватлаш. Аммо бошқа масалалар бўйича яқинда зиддиятлар пайдо бўлди.

Давлат департаменти ўтган ҳафта Хитойга қарши иттифоқ тузиш режаларини эълон қилди. Бунда Майк Помпео бу масалада Москвани ҳам жалб қилишни таклиф қилди. Президент Трамп эса Владимир Путинни сентябрь ойида бўлажак G7 саммитига таклиф қилиш ғоясини эслади. Гарчи “Катта саккизлик”ни қайта тиклаш ҳақида гап бормаса-да, аммо бу Хитойга қарши иттифоқни муҳокама қилиш учун яхши имкониятдир - эҳтимол, Вашингтонда шундай деб ўйлашди.

Германияда эса бошқача мантиқ. Ангела Меркелнинг фикрига кўра, Хитой нафақат АҚШ, балки Европа учун ҳам “ташқи сиёсатдаги энг катта муаммога” айланиб бормоқда. Бироқ, ГФР канцлерининг сўзларига кўра, ҳозирча ҳеч бир давлат Хитойга бардош бера олмайди.

“G7нинг Хитойга қарши иттифоққа айланиши Берлиннинг манфаатларига тўғри келмайди”, - деди Меркел. У ҳали ҳам пандемия авжига чиққан АҚШга, саммитига боришга арзийдими, деган саволга ҳали ҳам иккиланмоқда.

Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас Трампнинг Путинни саммитга таклиф қилиш ниятига мутлақо қарши.

“Қрим ва Украинанинг жанубий-шарқидаги ҳарбий қарама-қаршилик Россиянинг G8дан чиқарилишига таъсир кўрсатди. Бу муаммолар ҳал этилмагунча, Москванинг ушбу форматдаги аъзолигини тикланишига ҳеч қандай сабабни кўрмаяпман”, - деди у.

Ва қўшимча қилди: бу мулоқотга ўрин йўқлигини англатмайди. Мааснинг таъкидлашича, Россиясиз Украина, Сурия ва Ливиядаги можароларни ҳал қилишда ҳеч қандай ривожланишга эришиб бўлмайди.

“Бешлик саммити” бўйича консенсус

Москва ҳам муҳокамага ўз муносабатини билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги ва Федерация кенгаши ҳар қандай Хитойга қарши уюшмаларда иштирок этилишини рад этиб, Хитой билан ҳамкорлик Россия учун устувор йўналиш эканлигини таъкидлади.

“Еттилик гуруҳи” Ғарб дунёсининг бирлигини намойиш қилиш воситасига айланди, аммо янги ечимларни ишлаб чиқишни тўхтатди. Россия доим ҳар қандай форматдаги мулоқотга тайёр, лекин барча иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги шартидагина”, - деди Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Константин Косачев.

Президентнинг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва G7-га қайтишга интилмаётганини тасдиқлади.

“Россия замонавий иқтисодий воқеликка жиддийроқ жавоб бераётган “Катта йигирмалик”нинг самарадорлигидан мамнун”, - дея тушунтирди Песков.

Буни G7-да ҳам тан олишган. Владимир Путиннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган беш давлатнинг саммитини ташкил этиш ташаббуси ҳам катта қизиқиш уйғотди.

“Халқаро ишларда кўплаб ноаниқликлар тўпланиб қолган, улар дунёнинг етакчи давлатлари, ядровий державалари эътиборини талаб қилади. Шунинг учун бу каби учрашув, менинг фикримча, ўз вақтида, талабгир ва фойдали бўларди”, - дея изоҳ берди Россия президенти ўз ғоясига.

“Бешлик саммити”нинг формати ва кун тартиби ҳақида узоқ мунозараларни четлаб ўтишга муваффақ бўлинди. АҚШ, Франция, Хитой ва Буюк Британия Россиянинг таклифини қўллаб-қувватладилар ва улар муҳокама қилиниши керак бўлган ҳолатлар борлигига қўшилишди.

Дастлаб “бешлик саммити” сентябр ойида режалаштирилган эди. Пандемия туфайли видеоконференция шаклида бўлиши истисно этилмаяпти. Ҳозирда муҳокама қилинадиган мавзулар доираси аниқланмоқда. Маълум бўлишича, эътибор марказида можароли минтақалардаги вазият, стратегик қуроллар назорати ва терроризмга қарши биргаликда кураш масалалари.

Россияга прагматик қараш

Дорж Маршалл номидаги Европа хавфсизлик тадқиқотлари маркази мутахассиси Пал Дунай РИА Новости-га берган интервьюсида шошилинч хулосалардан огоҳлантирмоқда. Мутахассис кўплаб халқаро масалалар бўйича жорий АҚШ-Германия зиддиятларни, шу жумладан Россияни G7-даги иштироки бўйича ҳам, шунчаки “сўзлар уруши” деб атади.

“Берлин Вашингтон билан ошкора жанжаллардан четланишга ҳаракат қилмоқда. Немис раҳбарияти Трампнинг ҳозирда барча хатти-ҳаракатлари Америка сайловолди кампанияси билан боғлиқлигини тушунади. АҚШ президенти НАТО иттифоқчиларига, ҳатто бу евроатлантика хавфсизлигига зарар етказса ҳам ўз қатъиятлигини намойиш қилишга ҳаракат қилмоқда. Аммо асосий масалалар бўлган “Шимолий оқим-2”, Германияда Америка ҳарбийларининг жойлаштирилганлиги, Россия билан ҳамжиҳатликларда - ГФР ҳукумати ўз позициясини аниқ ифода этмоқда”, - дея тушунтиради Дунай.

Мутахассис яқинлашиб келаётган G7 саммити атрофидаги ўйинларни уйдирма деб ҳисоблайди. У эътиборни “еттилик”нинг деярли барча аъзоси Хитой, Ҳиндистон, ЖАР, Бразилия каби минтақавий державаларсиз глобал муаммоларни ҳал қилиш бефойда эканлигини бир неча бор тан олганига қаратади. ЕИ, шунингдек, Россиянинг Яқин Шарқдаги қатор можароларни ҳал қилишдаги муҳим ролини яхши тушунади, дея таъкидлайди Дунай.

“Европа Россияга прагматик нигоҳ билан қарайди, буни Америка тўғрисида гапириб бўлмайди. Трампнинг Путинни G7 саммитига таклиф қилиш ҳақидаги гаплари популистик ҳаракатлардан бошқаси эмас. Германияни эса Москва билан  ҳеч бўлмаса энергетика боғлаб турипти. Ва бу ерда Берлиннинг позицияси равшан: Вашингтоннинг босимига қарамай, немислар “Шимолий оқим-2”дан воз кечмайдилар. Ҳатто кечикиш билан тугатилса ҳам”, - дея таъкидлайди Дунай.

Россия халқаро ишлар бўйича кенгаши (РСМД) бош директори Андрей Кортунов таъкидлашича, G7 ҳозирда унча яхши бўлмаган ҳолатда ва Россия зиддиятларнинг ягона сабаби эмас.

“Еттилик гуруҳи” доим ўзини “Катта йигирмалик” (G20) билан таққослашга мажбур. Шу билан бирга ўз фойдасига эмас. Аммо Москванинг бўлажак саммитдаги иштироки борасида мунозара ҳамон қизиқ. Бу шуни кўрсатадики, Ғарбда Хитой билан қарама-қаршилик муқаррарлигини англашмоқда. Россиянинг ушбу форматга қайтиши эса унинг Ғарбга тегишли эканлигини тасдиқлаши мумкин эди. Ва бу, биз ҳамон Шимолий Атлантика цивилизациясининг қадриятларига интилаётганимизни англатар эди. Аммо Россия бундай геосиёсий мослашувга рози бўлиши даргумон”, - дейди Кортунов.

Мутахассислар ички қайта қуриш ва мақсадларни англаш босқичи G8ни қайта тиклаш учун энг мақбул вақти эмас деган фикрга келишди. “Бешлик саммити” ундан кўра истиқболлироқ. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ҳар доим ҳам мунозараларда бир-бирини тинглашмайди. Давлат раҳбарларининг шахсий учрашуви вазиятни ўзгартириши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмас.

Асосий мавзулар