11:45 23 Сентябр 2020
Эфир
  • RUB136.28
  • EUR12210.60
  • USD10315.62
Аналитика
Ҳавола олиш
1312 0 0

Польша Беларусда юз бераётган ҳодисалар туфайли Россияга қарши санкциялар киритилишини талаб қилди. Sputnik радиоси эфирида МДҲ мамлакатлари институти Беларусь бўлими катта илмий ходими Юрий Баранчик ушбу таклиф билан польшалик сиёсатчилар ўзларини фош қилганини айтди

Польшада Беларусда президент сайловларидан кейин тинмаётган норозилик намойишлари туфайли Россияга қарши санкциялар киритиш таклиф қилинди. Ушбу ташаббус мамлакатнинг Европа парламенти депутати Яцек Сариуш-Вольский томонидан илгари сурилди.

Сал олдин ЕИ томонидан Беларусда содир бўлаётган воқеалар муносабати билан Минскка қарши санкциялар қўллаш имконини кўриб чиқиш ҳақида фикрлар билдирилган эди.

"Европа Иттифоқи амалга ошириши мумкин бўлган ишни Польша таклиф қилиши мумкин эди, – бу санкцияларни Беларусга эмас, Россияга йўналтириш таклифи. Чунки бу қўлни эмас, қилични жазолашга ўхшаяпти. Агар Россия аралашуви ва ҳатто аннексияси ролини нейтраллаштирсак, фикримча, беларуслар демократия қуриш масаласини ўзлари эплайдилар", деб баёнот қилган Сариуш-Вольский Польша радиоси эфирида.

У шунингдек, Беларусдаги ҳодисаларга Европа Иттифоқи унчалик кескин муносабат билдирмаганидан таассуфдалигини айтган.

"Агар Европа Иттифоқида ҳокимиятга эга бўлганлар қайсидир маънода бу Россия таъсиридаги ҳудуд, дея Беларусдаги демократик ҳаракатларни, қўллаб-қувватлашдан устун қўймаганида эди, Беларусда юз бераётган ҳодисаларга муносабат мутлақо бошқача бўларди", - деган депутат.

Унинг фикрича, Европа Иттифоқининг Беларусдаги воқеаларга муносабати "етарли эмас, маълум маънода шармандали ва кутилган даражада дадил эмас".

Сариуш-Вольский билдирган фикрларни Польша миллий мудофаа вазири Мариуш Блашчак қўллаб-қувватлаган. Блашчак Беларусдаги воқеалар Германияни "Шимолий оқим-2" газ қувури қурилишига бўлган муносабатни қайта кўриб чиқишга ундашини истамоқда.

"Умид қиламанки, Россия билан бизнес озод дунё манфаатларига мос келмаслигини улар яна бир марта ўйлаб кўради, айниқса, Германия", – деб баёнот қилган Блашчак.

Sputnik радиоси эфирида МДҲ мамлакатлари институти Беларус бўлими катта илмий ходими Юрий Баранчик польшалик сиёсатчилар ушбу таклиф билан Беларусдаги оммавий тартибсизликлар ортида аслида ким турганини фош қилишганини айтди.

"Ушбу таклиф - жиноятчи ўз ҳаракатлари ўзини тутиб бериши туркумидан бўлади. Ахир, Беларусдаги протестлар Ғарб, хусусан Польша томонидан уюштирилгани аллақачон аён. Агар Беларус президентлигига номзод бўлолган ва бўлолмаган шахсларнинг қаерга қочаётганига эътибор берадиган бўлсак, улар Ғарбга кетаётганини кўриш мумкин. (Светлана) Тихановская, мисол учун, Литвага кетди. Буларнинг ҳаммасини Польша мувофиқлаштирмоқда. Варшавада жойлашган Nexta канали жуда катта ахборот фаолиятини амалга оширмоқда. Бунинг учун махсус тайёргарликдан ўтган, контентни яхши тушунадиган ва уни тарқатиш услубларини биладиган катта жамоа зарур. Шундай қилиб, кимнинг телпаги ёнаётгани аён", - деди Юрий Баранчик.

Беларусьда 9 августда бўлиб ўтган президент сайловида амалдаги раҳбар Александр Лукашенко ғолиб бўлгач, бутун мамлакат бўйлаб кўп сонли норозилик намойишлари бошланди. МСК маълумотларига кўра, Лукашенко 80,08 фоиз овоз олган. Якшанба кунидан бери норозилик акциялари давом этмоқда, аммо кучишлатар идоралар томонидан улар қатъиян бостирилмоқда.    

Асосий мавзулар