00:53 01 Ноябр 2020
Эфир
  • RUB136.11
  • EUR12285.78
  • USD10359.88
Аналитика
Ҳавола олиш
796 0 0

Тиббиёт фанлари доктори, инфекционист, Роспотребнадзор марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти клиник тадқиқотлар бўлими бошлиғи Татьяна Руженцова Ўзбекистондаги иш ва ўзбекистонлик ҳамкасблар қандай муаммоларга дуч келаётгани ҳақида сўзлаб берди.

- Татьяна Александровна, сиз Ўзбекистонга бир неча кун олдин ташриф буюрдингиз. Сиз қаерларга боришга улгурдингиз ва ўзбекистонлик ҳамкасбларингиз фаолияти ҳақида биринчи таассуротингиз қандай?

- Аввало, меҳмондўстлиги учун дўстона Ўзбекистонга катта раҳмат айтмоқчиман. Албатта, бу ерда коронавирус инфекциясига қарши курашда бевосита иштирок этаётган ҳамкасблар билан учрашиш жуда ёқимли бўлди. Шу кунларда биз "Ўзэкспомарказ"даги коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморларни саралаш марказга ҳам ташриф буюрдик. Шунингдек, биз инфекцияларни аниқлаш бўйича турли тадқиқотлар олиб бориладиган лабораторияларга ташриф буюрдик, бугун эса бизга Зангиотадаги касалхонани кўрсатишди. Бундан ташқари, биз иккита касалхонани кўриб чиқдик.

Тиббиёт ходимлари ўз аҳолисига ушбу катта муаммони енгишга ёрдам бериш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилмоқдалар. Саволлар кўплигини тушунамиз, лекин биз нимани кўрдик? Бу беморларни етарлича муваффаққиятли кузатишга имкон берадиган жиҳозлар, жуда яхши тайёрланган катта касалхоналар. Аммо, албатта, шу билан бирга баъзи қийинчиликларни ҳам кузатмоқдамиз. Бундай муаммолар турли мамлакатларда ҳам мавжуд ва юқумли касалликларга чалинганлар сони кўпайиши билан деярли барча давлатлар бу қийинчиликлардан ўтадилар. Албатта, эпидемияга қарши чораларга аниқлик киритиш ва тўлдириш, уларни алоҳида объектларда кучайтириш зарур. Терапия бўйича ҳам саволлар кўп, аммо биз бу коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволашда кенг тарқалган жиҳат эканлигини тушунмоқдамиз.

- Сиз Ўзбекистонга қандай ишланмалар билан ташриф буюрдингиз? Россиялик ҳамкасбларнинг қандай тажрибаси бу ерда фойдали бўлиши мумкин?

- Ўртамизда доимо мунозаралар ва тажриба алмашинуви бор. Россияда касалланишнинг юқори даражаси май ойининг иккинчи ўн кунлигида ўтиб бўлганлиги сабабли, биз ҳамкасбларимизга вазиятни барқарорлаштириш, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни ташхислаш, коронавирус инфекциясининг асосий патологияси ва юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ўртасидаги дифференциал диагностика бўйича ўз тажрибаларимизни таклиф қилишимиз мумкин.

Бунда тез-тез учрайдиган муаммо - терапия схемаларини тўғри танлаш, дорилар тайинлашининг тўғрилиги. Аммо шуни айтиб ўтишим керакки, худди шундай ҳолат нафақат Ўзбекистондаги касалхоналарда, балки бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Биз тажриба орттираётганимиз сабабли, биз беморларимиздаги касалликнинг кечишини таҳлил қиляпмиз ва олинган маълумотларга асосланиб, оптимал даволаниш схемасини таклиф қила оламиз, энг муҳими, ҳар бир муайян бемор учун дори-дармонларни тайинлашда дифференциал ёндашув.

- Ўзбекистонлик ҳамкасблар сизга энг кўп бериладиган қайси саволларни беришяпти?

- Авваламбор, терапия тактикаси ҳамда асоратлар бўйича: нега баъзи беморларда ижобий динамика мавжуд эмас ва ўзини 2-3 ҳафта давомида яхшиланиши кузатилмаётган беморни қандай қилиб даволаш мумкин.

Работа сотрудников Роспотребнадзора с коллегами из Узбекистана
Фото предоставлено Татьяной Руженцовой
Работа сотрудников Роспотребнадзора с коллегами из Узбекистана

- Энг муҳим саволлардан бири: ўзингиз билан Россия вакцинасини олиб келдингизми?

- Вакцинани ўзимиз билан олиб келмадик, аммо бу масала, албатта, муҳокама қилинмоқда. Бугунги кунда Россияда Гамалея институти томонидан ишлаб чиқилган биринчи вакцина рўйхатдан ўтди. Биз натижаларни кўрдик, унинг самарали ва, энг муҳими, хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиб бўлдик. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, беморлар ушбу вакцинани осон кечиришмоқда, у ҳеч қандай жиддий номақбул оқибатларга олиб келмайди. Кўнгиллиларда, бошқа вакциналарга бошқа барча одамларда кузатиладиган реакция каби, баъзида енгил иситма, гриппга ўхшаш ҳолат, аммо умуман олганда бошқа жиддий ножўя таъсирлар йўқ.

Ушбу беморларнинг барчасида антитаначалар ҳосил бўлмоқда - бу иммунитетнинг вакцинага жавоби. Такрорий эмлаш заруриятини вақт ва эмланган устидан кейинги текширув кўрсатади.

Бундан ташқари, бизда яна бир - пептидли вакцина, пептид асосида - Новосибирск институтининг "ЭпиВакКорона" вакцинаси рўйхатдан ўтказилишга тайёрланмоқда. Жуда кўп тадқиқотлар ўтказилиб бўлди, жиддий синовлар ҳайвонларда ва биринчи кўнгиллиларда ўтказилди. Биз унинг хавфсизлиги ва самарадорлигини ҳам кўрдик. Ушбу маълумотлар умумлаштирилганда, препаратни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлади.

- Вируснинг турли хил мутациялари ҳақида маълумотлар мавжуд. Ўзбекистонда кузатилаётган тур билан таққослаш амалга оширилдими? Унинг ўзига хос хусусиятлари борми?

- Биз биламизки, вируслар мутацияга мойил. Масалан, ҳайвонлар (маймунлар) орасида иммунитет танқислиги вирусининг циркуляцияси бўлган, шундан кейин биз ОИВ қўзғатувчиси одамга ўтиб, янги касаллик - ОИТС маълум бўлганини кўрдик. Аммо умуман олганда, бу вируслар дунёсидаги одатий ҳолдир.

Ҳозирда айланаётган иккита асосий вариант маълум бўлиб, ушбу вариантлар ичида баъзи генетик ўзгаришлар мавжуд. Аммо улар ҳозирги пайтда принципиал эмас ва аҳамиятга эга эмас. Биз Ўзбекистон мисолида бундай тадқиқотларни (вирус мутацияларининг фарқлари бўйича - таҳр.) ўтказмадик, солиштириб кўрмадик. Фикримча, бу келажакдаги тадқиқотлар масаласидир.

Сотрудники Роспотребнадзора вместе с узбекистанскими коллегами
Фото предоставлено Татьяной Руженцовой
Сотрудники Роспотребнадзора вместе с узбекистанскими коллегами

Аммо, агар мутация антигенпрезентация қилувчи жойга таъсир қилмаса, у ҳолда антитаначаларнинг бу барча ўзгаришларга қарши реакциясиси сақланиб қолади. Агар беморда ёки эмланган кўнгиллида қандайдир вариантга қарши антитаначалар бўлса, у ҳолда улар мутация айнан шу антигенпрезентация қилувчи жойга таъсир қилингунига қадар коронавируснинг бошқа мутацияларига қарши ҳаракат қилишади.

- Ўзбекистонда мактабларда ўқув йилини 14 сентябрдан бошлашга ва эркин давомат билан гибрид сценарийни қўллашга қарор қилишди. Бу қанчалик асосли?

- Менимча, бу коронавирус инфекциясининг янги ҳолатлари сонининг кескин кўпайишини олдини олиш учун ҳозирги воқеликка жуда мос келади. Таълим муассасаларига борадиган ўқувчилар, талабалар юқтиришни олдини олувчи барча чеклов талабларига қатъий риоя қилишлари керак.

Россияда ҳам таълим муассасаларининг очилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, биз ҳар хил минтақаларда маълум мактабларда кундузги таълимни очиш-очмаслик бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқини ўзларига қолдирдик. Онлайн дарслар варианти ҳам қолмоқда. Асосий санитария меъёрларига риоя қилиш керак: биринчидан, ҳар қандай ҳолатда ҳам респиратор инфекция белгилари билан келиш мумкин эмас. Шамоллашнинг ҳар қандай аломати, иситма бўлмаса ҳам, уйда қолиб масофадан ўқитишга ўтишга сабаб бўлиши керак. Кириш жойларида филтрларга риоя қилиш муҳим: ҳарорати 37 дан юқори бўлганларни дарсларга қўймаслик керак.

Биз томондан ўқитувчилар учун қуйидаги тавсиялар мавжуд: ниқоб ва қўлқоп кийиш, айниқса, ҳужжатлар расмийлаштирилаётганда ёки ўқувчилар билан учрашганда ҳар хил юзалар билан (зинапоя тутқичларини, эшик тутқичларига тегиш ва бошқа ҳолатларда) алоқа қилиш керак бўлган ҳолатларда мажбурийдир.

Етарли миқдорда дезинфекцияловчи воситалар, шунингдек, ҳавони зарарсизлантириш учун махсус ускуналар бўлиши шарт. Бу бактерицид лампалар ёки, бошқача қилиб айтганда, рециркуляторлар, улар мактаб ўқувчилари ёки мактабгача ёшдаги гуруҳлар вақтини ўтказадиган хоналарда бўлиши шарт. Ёпиқ турдаги лампалар ҳам хавфсиздир. Биз синфларни дезинфекцияловчи воситалар ёрдамида кунига камида икки марта нам тозалашни тавсия этамиз. Алоҳида гуруҳнинг машғулотларидан сўнг ва кун охирида тозалаш мажбурийдир.

Умуман олганда, ижтимоий ва таълим нуқтаи назардан келиб чиқиб, агар имконият бўлса, унда таълим муассасаларини очиш керак. Тажрибали ўқитувчи сифатида мен жуда яхши биламанки, агар 1 сентябрнинг ўзидан талабаларни йўламасангиз, айниқса биринчи курсдаги ёки ординатуранинг биринчи йилидаги талабаларни, унда келажакда самарали жараёнга эришиш қийин бўлади.

- Коронавирус устидан тўлиқ ғалабага умид қилсак бўладими?

- Эпидемия тугайдими, биз ушбу вирус билан хайрлашамизми ёки доим у билан грипп билан яшаганни сингари яшаймизми, - афсуски, аниқ жавоб йўқ. Бутун дунёда кузатилаётган рақамлар ушбу касалликнинг бутунлай йўқолишига умид камлигини кўрсатади. Вирусда генетик ўзгаришлар кузатилмоқда, шунинг учун вируснинг агрессивлиги сусайиши ва келажакда у ҳозирги мавсумий респиратор касалликлардан хавфли бўлмайди деган эҳтимол бор.

Мен барчани хаёлий хавфсизлик ҳиссидан огоҳлантирмоқчиман: ҳатто коронавирус билан касалланиб даволаниб чиққанлар орасида ҳам такрорий юқтириш ҳолатларини кузатяпмиз. Бу иммунитетнинг пасайиши шароитида рўй бериши мумкин, айрим тузалган беморларда ҳимоя реакцияси шаклланмай қоляпти, бошқаларда эса бир неча ойдан кейин йўқолиб кетмоқда. Бошқа томондан, вируснинг бошқа вариантини юқтириш хавфи ҳам мавжуд. Бундай ҳолатлар ҳозирча кам, аммо олдинда куз, таълим муассасаларининг очилиши ва биз бу даврни етарлича ташвиш билан кутмоқдамиз.

Аммо шу билан бирга, шифокорлар тўлиқ тайёргарлик ҳолатида. Респиратор инфекцияларининг мавсумий ўсишида ажабланарли нарса йўқ: салқин ва нам об-ҳаво табиий равишда соғликка таъсир қилади, устига устак биз кўп йиллар давомида кузатиб келаётган одатий қўзғатувчиларга қўшилган янги вирус. Яхшиямки, биз ушбу инфекцияга ва бошқаларига қарши қандай дорилар таъсир қилиши ҳақида тасаввурга эгамиз, албатта, бизда тажриба ҳам бор, шунинг учун биз бу муаммони биргаликда ҳал қилишимизга ишончимиз комил.

- Сизнинг фикрингизча, Ўзбекистонда карантин чораларининг юмшатилиши қанчалик асосли?

- Чеклов чоралари янги аниқланган юқтириш ҳолатлари сонига қараб бекор қилиниши керак. Агар динамика яхши бўлса, унда юмшатишлар асосли. Аммо карантиннинг юмшатилиши яна ҳолатлар сонининг кўпайишига олиб келиши мумкинлигини тушунишимиз керак. Буларнинг барчаси назорат остида бўлиши керак, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиология хизмати буни қаттиқ назорат остида ушлаб турибди ва агарда пневмониянинг касалхоналар ташқарисида чиққан оғир ҳолатлари кўпайса, карантинни кучайтиришга тўғри келади.

- Ниқоб тақиш талабига қандай қарайсиз? Кўпчилик бу буйруққа номигагина амал қилишмоқда, демак уларнинг керакли таъсири ҳам йўқ.

- Россияда ҳозирда тавсиявий режим амал қилмоқда, чунки биз яхши кўрсаткичларни кўриб турибмиз. Қўлқоплар бизда иккинчи ўринда. Эпидемиологларнинг тавсияларига кўра, аҳоли ниқобларни инфекцияни юқтириш хавфи юқори бўлган жамоат транспортида, савдо марказларида, одамлар гавжум жойларда тақиб юришмоқда. Масофани сақлаш қийин бўлган катта шаҳарларда анчагина кўп одамлар кўчаларда ҳануз ниқоб тақиб юришипти.

Шу билан бирга қоидаларга риоя қилиш керак. Масалан, ҳар қандай ниқоб 3 соатдан кўп бўлмаган вақт давомида самарали бўлади ва агар у намланиб қолса, самарадорлиги икки баравар қисқа бўлади. Респираторларнинг заҳираси қатта, кўп ҳолларда уларни тез-тез алмаштириш шарт эмас. Аммо улар ишлаб чиқарилган ҳом-ашёси сифатига қараб мунтазам равишда янгиланиши керак. Бундан ташқари, ниқобни ечиб ташлашда ёки бошқасини тақишда қўлларни дезинфекциялашни унутмаслик керак. Ифлосланган бир маротабалик ниқобни қайта тақишдан ва кўчадаги тасодифий алоқадан юқтириш хавфи жуда юқори.

Болаларни ниқоб тақишига келсак, бу мажбурий эмас, балки тавсиявий меъёрдир. Биз биринчи синф ўқувчилари ниқобни тўғри тақмаслиги мумкинлигини тушунамиз. Бундай ҳолатда, кўп нарса оиладаги муносабат, боланинг шаҳсий хусусиятларига боғлиқ. Аммо биз болаларни мажбурий тақишини тавсия этмаймиз.

Тўғри, агар бола ниқобни нотўғри тақса хавфлар бор албатта: уни олиб ташлаганидан кейин қўлларига ишлов бермайди, бурнини, оғзини ёки кўзларини кир қўллар билан ишқалайди. Бундай хатти-ҳаракатларда ҳимоя воситалари бефойда. Аксинча, ўзида қўзғатувчиларни тўплаб, ниқоб инфекциялар сабаби бўлиши мумкин. Агар бола ниқобни тўғри тақолмаса, ундан бутунлай воз кечиш яхшироқдир.

- Шифокорларнинг маълумотларига кўра, болалар ушбу вирусга камроқ мойил, аммо инфекция оғирроқ кечадиган тоифалар ҳам борми?

- Касалликка чалинган болалар асосан енгил ва ўрта даражадага беморлардир, уларнинг кўпчилигини, албатта, биз анча узоқ вақт даволадик. Ўпка, юрак қон-томир, асаб тизими касалликлари каби сурункали патологияга эга бўлганлар коронавирус инфекциясини бошдан оғир кечиради.

Болаларнинг COVID-19ни бошдан осонроқ кечириши, фикримизча, организмнинг ёшга доир хусусиятларида, коронавирус таъсир қиладиган ангиотензин айлантирувчи фермент деб аталувчи рецепторлар сонида: улар болаларда шунчаки камроқ.

Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, бир ёшга тўлмаган чақалоқлар ушбу инфекцияни, бошқа инфекциялар сингари, бошдан оғир кечиради. Бунинг устига, бола ҳар қандай одамга, шу жумладан хавф остида бўлганлар учун инфекция тарқатувчиси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу, айниқса, уларнинг бувалари, боболари, катта бувилари ва катта боболари учун жуда хавфлидир. Шуни эсда тутиш керакки, ҳатто аломатлари кузатилмаган ташувчи ҳам кекса бемор учун ёки хавф омиллари бўлган ёшроқ одамнинг касаллиги оғир кечишига ва ўлимига сабабчи бўлиши мумкин.

Асосий мавзулар