Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Sputnik мухбири Мирзо Улуғбек туманидаги 27 сонли мактабда бўлди ва ушбу таълим муассасасининг пандемия даврида янги ўқув йилига қай даражада тайёр эканлиги билан қизиқди.

ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. 2020 йилнинг 14 сентябр кунидан бошлаб пойтахтнинг ўн бир туманидаги умумтаълим муассасалари очилди. Биз пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 27-сонли мактабда бўлиб, ушбу таълим муассасаси ўқитувчи ва ўқувчиларнинг пандемия шароитида янги ўқув йилига қай даражада тайёр эканликлари, мактаб маъмурияти томонидан ўрнатилган санитария ва гигиена қоидаларининг талаб даражаси билан қизиқдик.

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?  - Sputnik Ўзбекистон
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента

Бизни мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Гулизебо Турдиева очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бу вақтда таълим муассасасида 5-6 ва 8-синф ўқувчиларига дарс ўтилаётган экан. Авваламбор, мактаб ички деворларидаги йўриқномалар эътиборимизни тортди: қадамда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш тартиби, санитария ва гигиена қоидаларига амал қилиш, ўзоро мулоқот қоидалари ва икки метр оралиқ масофани сақлаш қоидалари эслатма тарзида осиб қўйилган.

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?  - Sputnik Ўзбекистон
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента

Ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган ўқитувчи ва ўқувчилар ҳимоя ниқобларидан фойдаланмоқда. Аммо улар орасида ҳимоя ниқоблари бўлмаганлар ёки уни бўйнига халқа қилиб осиб олган айрим ўқувчилар ҳам йўқ эмас.

Директор ўринбосари бизни 8 синф ўқувчилари учун дарс ўтилаётган биология хонасига олиб киради. Синфхонада ҳимоя ниқобларида ўтирган ўн уч нафар ўқувчиларнинг бари алоҳида парталарда,  ҳар бирининг ёнида ўқув қуролларидан ташқари антисептик воситалари бор. Ўқитувчи ўтилган мавзуларни такрорлаб, ўқувчилардан бирини саволга тутади. Афсуски, карантин вақтида кўп вақтини уйда ўтказишга мажбур бўлган ўқувчи ўқитувчинининг саволига кўнгилдагидек жавоб беролмай бир оз ўнғайсизланади ва мавзу эсидан чиқиб кетганлигини яширмайди. Шунингдек, бошқа ўқувчилар ҳам ўқитувчи саволлари юзасидан ўзларини ҳозиржавоб тутишмайди. Бундан эса карантин шароитида ўқувчиларнинг онлайн тарзида билим олишлари кўнгилдагидек бўлмаганлигини пайқаш қийин эмас.

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?  - Sputnik Ўзбекистон
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента

Мактабнинг 6-синф ўқувчилари ҳам бари ҳимоя ниқобларида, ўтилган мавзу юзасидан синф ишини бажаришарди. Улар ўтирган парталарга аҳамият бердик, кўпчилик ўқувчиларнинг партасида антисептик воситалари бўлса, айримларида йўқ эди. Аммо синфхона озодалиги, санитария ва гигиеник талабларига риоя этилганлиги эътиборимиздан четда қолмади. Синфхона бурчаклари, қўл ювиш жумраклари ёнида эса коронавирусдан ҳимояланишни тарғиб қилувчи махсус йўриқномалар осиб қўйилган.

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?  - Sputnik Ўзбекистон
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента

 Директор ўринбосарининг қўшимча қилишича, ўқувчилар мактабга кириб келаётганда санитария-гигиена талабларига амал қилинган ҳолда синфхоналарга киргизилади. Маълум фоиз ўқувчиларга таълим онлайн тарзида берилаётганлиги боис, 50 фоиз ёки 25 нафар ўқувчидан 12-13 нафари мактабга келмоқда. Уларнинг бари ўзаро масофа сақлаган ҳолда дарсда қатнашиб, жумладан, ҳар бирига бир бирининг ўқув қуроллари, ҳимоя ниқоби ва бошқа ашёларидан фойдаланиш тақиқланган.

Ўқитувчилар ўқувчиларни ҳар танаффусда ҳимоя ниқобини янгисига алмаштиришлари, уларнинг синфхона ичида жойлашган сув жўмракларида тез-тез қўлларини совунлаб ювиб туришларини назорат қилиб туради. Ҳимоя ниқоблари ифлосланганда уларга ўқитувчи томонидан янги ниқоблар текинга тарқатилади. Қолаверса, ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам болаларнинг портфелига ҳар куни иккитадан ҳимоя ниқобларини солиб юборишлари тайинланган.

Школьники Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Бугун Ўзбекистонда 2635та мактабларда дарслар бошланди

Мактабнинг учинчи қаватида ўтирган назоратчи ўқитувчиларнинг айтишига қараганда, мактабда танаффус йўқ экан, ўқитувчиларни ўзи соатга қараб дарсни тўхтатишаркан. Мактаб ошхонаси ҳам вақтинчалик фаолият юритмайди ёки у ерда ҳеч қандай егулик сотилмайди. Ўқувчилар ўзлари билан келтирган егуликларни истеъмол қилишади.   

Яна бир эътиборимизни тортган жиҳат, синфхоналарга кирганимизда ўқитувчиларнинг ҳимоя ниқобидан фойдаланаётганликларини кўрдик, аммо уларнинг ҳимоя қўлқоплари йўқ эди. Директор ўринбосари ҳимоя қўлқопларидан фойдаланиш ўқитувчилар учун ихтиёрий эканлигини айтади.

Биз яна мактабда санитария ва гигиена талаблари назоратининг кўнгилдагидек ўрнатилганлигини кўриб, бунга амал қилишни жажжи 1-синф ўқувчилари қай даражада эплаётганликлари билан қизиқдик.

Директор ўринбосари эса айнан 1-синф ўқувчилари ўқитувчиларнинг алоҳида назорати остида эканлиги, улардан ҳар соатда танаффусдан беш дақиқа аввал ёки ҳожатхонадан чиқилганидан сўнг қўлларини совунлаб ювиб, дезинфекциялаб туришлари сўралишини айтди. Бундан ташқари, биринчи ва иккинчи смена дарс соатлари тугагач, синфхоналар дезинфекция қилинаркан: кечки пайт синфхона хлор аралашмаси билан, кундузи оддий тозалаш воситалари билан ювилади.

Шунингдек, 14-сентябрь илк ўқиш кунида мактабда бирон бир ўқувчининг иситмаси кўтарилганлиги аниқланмаган.  Агар шундай ҳолат юз берса, улар шу заҳотиёқ мактабнинг назоратчи ҳамширалари томонидан назоратга олинади. Дарс вақтида иситмаси кўтарилганлиги аниқланганда ўқувчи махсус изолятор хонасига олиб кирилади ва ўқувчининг ота-онасига хабар берилади.

Директор ўринбосари шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан йўлга қўйилган онлайн таълим тизими пандемия вақтида жуда ўринли бўлганлиги,  аммо  маълум фоиз ўқувчиларнинг қишлоқ шароитларида интернет билан таъминланмаганликлари боис улар дарсларни кўнгилдагидек ўзлаштира олмаганликларини яширмайди.

“Баъзи ота-оналар эса карантин вақтида ўқитувчиларнинг қўнғироқларига жавоб беришмади, интернет орқали боғланишмади, фарзандларининг ўқишини назорат қилишга бефарқ бўлишди. Ўқувчини эса онлайн ўқитиш керак, баҳолаш керак, ундан вазифаларни сўраш керак, интернети йўқ ўқувчилар билан телефон орқали гаплашиш керак. Табиийки, бу ўқитувчиларга икки карра қийинчилик туғдирди”, - дейди у.

Мактабнинг тасвирий санъат фани ўқитувчиси Мухлиса Умарова эса бор- йўғи 15 дақиқалик онлайн таълимга нисбатан мактабга келиб ўқиган ўқувчи кўпроқ билим эгаллаши мумкинлиги, ўқитувчиларга ҳам уларни доскага чиқариб, кўргазмалар билан ўқитиш бир мунча қизиқроқ ва самаралироқ бўлишини айтади.

© SputnikШкола №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента
Янги ўқув йили, пандемия: мактаблар фаолият юритишга тайёрми?  - Sputnik Ўзбекистон
Школа №27 Мирзо-Улугбекского района Ташкента

“Масалан, онлайн ўқув жараёнида ўқувчиларнинг 70 фоизи онлайн дарсларда қатнашган бўлса, 30 фоизи қатнаша олмади, қайсидир ўқувчи Фарғонага кетган, яна бошқа бири Наманганда... биз уларни, чорак баҳоларига қараб баҳолашга мажбур бўлдик. Апрель ойида дарсларни ўзлаштира олмаган ўқувчиларнинг айримлари билан боғланиб, уларга такроран алоҳида индивидуал дарслар ҳам ўтилди. Яхшики, онлайн дарсларни ўтишга шаҳардаги энг малакали ўқитувчилар жалб этилди. Қолаверса, биз ҳам улардан ўзимиз билмаганларимизни ўрганиб, ўқувчиларга ўргатишга ҳаракат қилдик”, - дейди ўқитувчи.  

Дарҳақиқат, пандемия даврида ўқитувчиларга осон бўлмади. Онлайн дарс ўтишда уларга кўплаб масъулиятли вазифалар юкланди. Қизиғи, ойлик маошлар фидоийларнинг чеккан заҳматларини  оқладими? 

Ушбу савол юзасидан ўқитувчи — Мухлиса Умарова қийинчиликлар, вазифалар ҳар қанча кўп бўлмасин, ўқитувчилар ойлик маошларини ўз вақтида олишгани, юкланган вазифалардан нолимаганликларини айтади. Аксинча, вақтинчалик пандемия даврида бу ҳолатни улар тўғри баҳолайди.

Вакцинация против гепатита  - Sputnik Ўзбекистон
Сентябрдан аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланади

Бизни қизиқтираётган яна бир томони, пандемия даврида карантин чораларининг яна икки йил давомида қўлланилиши айтилмоқда. Табиийки, бу даврда қоракўз ёшларнинг келажаги, улар саъвиясининг қай даражага тушиб қолиши мумкинлиги ташвишли. Бу борада директор ўринбосари Гулизебо Турдиева шундай дейди: “Худо хоҳласа, ўқувчиларимизнинг барчаси билимга чанқоқ ва уларга бирон бир топшириқ берсак, албатта ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилишади. Ўйлайманки, уларнинг келажаги кўнгилдагидек бўлади. Умуман, мактабимиз аълочи ўқувчилардан иборат, уларнинг бир қанчаси онлайн тарзида ўқишларга топшириб юқори балларни тўплаб, талаба бўлишди.  Шу боис бу йилги битирувчиларимиз уларнинг изидан боришади дея умид қиламиз”.

Биз яна мактаб директори ўринбосаридан мактабда неча фоиз ўқитувчилар гриппга қарши эмланганлиги ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, мактабда олтмиш нафар ўқитувчи фаолият юритиб, барчасининг саломатлик даражаси санэпидемиология маркази ходимлари томонидан назоратга олинган, ҳар бири тест текширувларидан ўтказилган. Октябрь ойида эса эмлаш чоралари кўрилади.

Янгиликлар лентаси
0