05:04 05 Декабр 2020
Эфир
  • RUB137.48
  • EUR12473.23
  • USD10427.38
Колумнистлар
Ҳавола олиш
130130

Шотут сиркаси қонни суюлтириш ёрдамида кўплаб касалликларга шифо бўлиши мумкинми? Биз ушбу шифобахш шарбатни қайта кашф қилган мутахассис билан мулоқотда бўлдик.

ТОШКЕНТ, 23 окт – Sputnik. Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ОАВларида шотут сиркасининг шифобахш хусусиятлари, ундан инфаркт, инсульт ва ҳатто коронавирусга чалинган беморлар шифо топаётгани ҳақида кўплаб маълумотлар пайдо бўлмоқда. Шунингдек, жуда кўп одамлар шотут сиркасини сотиб олиб истеъмол қилишаётгани ҳақида ҳам эшитмоқдамиз.

Ушбу мавзуда батафсил ва аниқ маълумот олиш учун Sputnik Ўзбекистон мухбири кимё фани мутахассиси — Ғаниев Шукуриддин Тўхтаевич билан мулоқотда бўлди.

- Шукуриддин Тўхтаевич, табиий шотут сиркасининг фойдали хусусиятлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз?

- Абу Али Ибн Сино ёзиб қолдирган рисолаларга таянсак, шотут сиркасининг фойдали хусусиятлари ҳақида кўплаб фойдали маълумотлар келтирилади.

Яъни ушбу шарбат, бош мия ички босимининг нормал ҳолатда бўлишини таъминлайди, инфаркт ва инсульт хасталикларининг олдини олади, қон томирларининг қувватини оширади, инсон саломатлигини тиклашда муҳим ўрин тутади. Қонни суюлтириб, қон томирларидаги "тромб", "изгиб" ва тугунларни ечиб юборади. Майда томирларни кенгайтириб организмда қон айланишини яхшилайди.

Қон томирларидаги холестирин ва қанд моддасини нормага яқин ҳолатга келтиради. Қон босимини "ишчи" ҳолатида ушлаб туради. Қондаги қанд моддасини 7-8 дан ошиб кетишига йўл қўймайди. Қолаверса, В1, В2, В6, С, РР витаминлари, кальций, магний, темир каби микроэлементларга эга бўлган бу сирканинг ошқозон ва ичакларга зиён етказмаслиги учун унга махсус ишлов берилган ва унинг хуштаъм бўлиши таъминланган.

- Шотут сиркаси коронавирусни даволашда ёрдам берадими?

- Шотут сиркаси коронавирусни енгишда врач тавсия этган дориларнинг ўрнини босмайди, аксинча, қон суюқ ҳолатга келтирилгандан кейин, врач тавсия этган дориларнинг яхши таъсир этишига хизмат қилади.

Натижада сиз соғлигингизни тезроқ тиклаб оласиз. Иштаҳангиз очилиб, овқатларни яхши хазм қиласиз, уйқусизликдан қийналмайсиз, яхши ухлайсиз.

- Сиз ушбу шарбатнинг фойдали хусусиятлари ҳақида қандай билиб олдингиз?

- Шотут сиркасини пандемия вақтида эмас, илк маротаба 2006 йилда соғлигим ёмонлашгани боис аввал ўзим тайёрлаб ичиб кўрганман.  Ўша йили кутилмаганда инсульт бўлиб қолдим, болаларим овқатлантириб, етаклаб юрди. Муолажалар даврида менга қон суюлтирувчи барча дориларнинг кучи етмаганлиги учун, ўзим мустақил равишда табиий доривор воситалар  орқали тузалиш чорасини изладим. Абу Али Ибн Синонинг китобларида сирканинг инсон саломатлиги учун фойдали эканлиги ҳақида ўқидим ва уни ўзим мустақил тайёрлашга уриниб кўрдим.

Хуллас, икки маротаба инфаркт, бир маротаба инсультни бошдан кечиргач, махсус кўрсатмага амал қилган ҳолда ўзим тайёрлаган шотут сиркасини истеъмол қилиб, томирларимдаги қонни суюлтириб олдим ва тез фурсатда тузалдим.  Қон босимим эса 110 / 70 бўлиб, нормал ҳолатга келди. Бўйин ва бош томирдаги тромблар тозаланиб, қулоқ шанғилаши, бош оғриғидан холос бўлдим. Ҳаводаги ўзгаришлар, "магнит бўронлар"и ҳам қон босимимга таъсир қилмайдиган бўлди. Бутун танадаги томирларим тозалангач, организмимдаги қанд моддаси ҳам нормал ҳолатга тушди.

Қон босимимнинг ишчи ҳолати сакрамайдиган бўлди. Шифокорлар эса мендаги ижобий натижаларни кўриб хайрон қолишди. Шундан келиб чиқиб, мен ушбу табиий шотут сиркасини яқин қариндошларим, қуда-андаларга тавсия этдим. Бугунгача, турли касаллик билан оғриган беморлар ушбу шотут сиркасини истеъмол қилиб, шахсан унинг даволаш хосиятларига ихлос қилишмоқда. Бугунги кунда Афғонистон, Ҳиндистон, Россия давлатларидан шотут сиркасини сўраб келишяпти.

- Шотут сиркасини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган, тавсия этилмаган  ҳолатлар ҳам борми?

- Ёдда сақлаш зарурки, беморлар тезроқ тузалиш иштиёқида шошма-шошарлик қилишлари салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, шотут сиркасини оч қоринга ичиб овқатланмасдан юриш мумкин эмас. Шунингдек, ошқозони хаста кишиларнинг ичиши ёки илиқ ҳолда, қайнатиб ичиш мумкин эмас.

Ичиш тартибига риоя қилмасдан шотут сиркасини истеъмол қилган беморнинг қони ҳаддан ташқари суюлиб кетиши, бирон жароҳат олганда қонни тўхтата олмай қийналиб қолиши мумкин. Шундан келиб чиқиб кўп йиллик кузатувлар натижасида ушбу график тузилган. Бундан ташқари 1 ош қошиқдан кўп ичиш ошқозон ширасининг кўпайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис бу бўйича махсус график ва  фойдаланиш кўрсатмаларига риоя қилиш ниҳоятда шарт! 

Яна бир бор такрорлаб айтаман, шотут сиркаси врач сизга тавсия қилган дори-дармон вазифасини бажармайди. Аксинча, қонни  суюлтириб тозалагандан сўнг дори таъсир қилмаёган бўлса, шотут сиркасидан кўрсатмага амал қилган ҳолда истеъмол қилса яхши фойда кўрсатади ва инсоннинг ўз соғлигини тезроқ тиклаб олишига ёрдам беради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги нима дейди

Sputnik мухбири Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўнғироқ қилиб, шотут сиркасининг кенг жамоатчилик орасида истеъмол қилинаётгани борасида изоҳ олди.

Вазирликнинг лицензиялаш бошқармаси мутахассиси Ботир Омоновнинг айтишича, вазирлик таркибида ҳозирча табиблар уюшмаси ташкил этилмаган, шу боис ишонч телефонлари ҳам ишга тушганича йўқ, аммо шотут сиркасининг фойдали жиҳатлари, уни истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида вазирлик хабардор.

"Шотут қанча кўп истеъмол қилинса шунча яхши. Модомики, жамоатчилик ушбу шотут сиркасини истеъмол қилиб, саломатлигини тиклаб олаётган экан, буни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билиши ёки назоратга олишининг аҳамияти йўқ", - деди суҳбатдош.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги шотут сиркасининг кенг жамоатчилик томонидан истеъмол қилинаётганлигига ҳеч қандай монеълик қилмайди. Чунки шотутнинг зарарли томони йўқ, шотут сиркаси бозорларда ҳам сотиляпти, деб қўшимча қилади Омонов.

Sputnik таҳририяти шотут сиркаси ёрдамида даволанмоқчи бўлган ўқувчиларга - ҳар қандай воситадан шифокор маслаҳатидан сўнг фойдаланишни тавсия этади. Ўз-ўзини даволаш ҳар доим ҳам яхши натижага олиб келмаслиги мумкинлиги ҳақида яна бир бир эслатиб ўтади. 

Асосий мавзулар