23:31 24 Ноябр 2020
Эфир
  • RUB136.69
  • EUR12344.73
  • USD10414.86
Колумнистлар
Ҳавола олиш
72401

АҚШ Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатишга нақадар қизиқади, балким бу оддий сайловолди кампаниясидир - экспертлар жавоби.

ТОШКЕНТ, 27 окт —Sputnik. Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар бир ойдан ортиқ давом этмоқда. Шу вақт давомида тинчлик ўрнатишга қаратилган учта уриниш самарасиз бўлди. Америкаликлар ҳам ҳудудда тартиб ўрнатишга ҳаракат қилишди, лекин уларга ишонувчи кам.  

Америкача  уйғониш

“АҚШ Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирликларининг ҳамда ЕХҲТ Минск гуруҳи раҳбарларининг самарали музокараларида ёрдам берди. Бизнинг ҳаракатларимиз Тоғли Қорабоғ атрофидаги можарони ҳал қилишга қаратилган”, - деб баёнот берди Давлат Департаменти. Бу можарони тўхтатишга қаратилган учинчи уриниш эди.

Россия иштирокида тузилган олдинги икки келишув ҳам бузилганини ҳисобга олган ҳолда, Майк Помпео ўз номидан қуйидаги кафолатларни берган эди: “Зограб Мнацаканян ва Джахун Байрамов (Арманистон ва Озарбайджон ТИВ раҳбарлари) тинчлик шартларини бажаришга ваъда беришди”.

Дональд Трамп ҳам Тоғли Қорабоғ можаросини бошқаришда қизиқиши борлигини кўрсатди. Нью-Гэмпшир штатида сўзга чиққан АҚШ президенти Кавказ урушига барҳам беришни ваъда берди. “Нега бўлмасин? Менимча, нима қилишни билган киши учун бу - осон иш”, - деган эди у.  

Нью-Гэмпшир штати кимга озвоз бериши аниқ ҳал қилинмаган штатлардан ҳисобланади. Шу сабабли ўзига кўпроқ овоз олиш учун АҚШ президенти сайловчиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилди.

"Арманларга қаранг – улар жуда яхши одамлар. Бу ҳудуд учун улар жуда кўп жанг  қилишди. Улар жуда меҳнатсевар халқ. Биз уларга ёрдам берамиз. Биз Сербия ва Косовога ўз муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бердик. Тоғли Қорабоғга ҳам ёрдам берамиз. Мақсадимиз – инсон ҳаётларини сақлаб қолиш”, - деди АҚШ президенти.

Арманистон ва Озарбайжон халқларини музокара ўтказишга чақириш ҳаракатлари Россия президенти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. “Вашингтон, можарони ҳал қилишда биз билан бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилади деб умид қиламан”, -  деди Владимир Путин.

Музокаралар бузилиши

Гуманитар тинчлик 26 октябр маҳаллий вақт билан соат 8да кучга кирган бўлса, ярим соат ўтиб томонлар келишувлар бузилгани ҳақида хабар беришди.

Озарбайжон томон Арманистон Қуролли кучларини Тертер ва бошқа аҳоли пунктларини ўққа тутишда айблади. Арманистон эса Озарбайжонни “тўқнашув чизиғинининг шимоли-шарқий йўналишини” ўққа тутишда айблашди.

Тушга яқин тан олинмаган Қорабоғ республикаси ҳам учинчи тинчлик келишувлари бузилганини хабар қилди. Степанакерт Боку Мартунинск туманидаги қишлоқллардан бирига ракета зарбаси беришда айблади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Тоғли Қорабоғ раҳбари Араик Арутюнян тинчликни сақлаш тартибига амал қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев вақтинчалик тинчликка рози бўлди ва тинчлик ўрнатиш жараёнида иштирок этаётган халқаро томонларни бетараф бўлишга чақирди.

“Агар улар ўт очиш тўхтатилишни истаса,  Арманистонга бизнинг ҳудудларни тарк этишни айтишсин. Агар бу амалга ошмаса - биз охиригача борамиз”, - деди Озарбайжон раҳбари.

Сергей Лавров ҳам Тоғли  Қорабоғ можаросининг “ташқи иштирокчиларига” мурожаат қилди. Жумладан у Туркияни Кавказдаги таъсирини ишга солишга чақирди. “Туркия ташқи ишлар вазири Мевлюд Чавушоглу билан музокаралар ўтказдик. Анқарани тинчлик музокаралари йўлидан боришга ундаяпмиз”, - деди ТИВ раҳбари.

Турк ўйинлари

ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳам томонларни яраштириш ҳаракатларини тўхтатмаяпти. Пайшанба 29 октябр куни улар Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан учрашув ўтказиши режалаштирилган. РИА Новости мурожаат қилган экспертлар ушбу музокаралар муваффақиятли бўлишига ишонқирамай қарашмоқда.

“Музокараларда можаро томонларининг қизиқиши бўлиши керак. Ҳозирча бу кузатилмаяпти. Озарбайжон томон Тоғли Қорабоғни қайта-қайта ўққа тутишни янгидан бошламоқда. Арманистон ҳудудига эса дронлар учиб келишда давом этмоқда. Бу – Бокунинг тўхташ нияти йўқлигини билдиради”, - дейди Арманистон Ҳудудий изланишлар илмий ходими Джонни Меликян.

Унинг фикрига кўра, Ереван ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, лекин Озарбайжон томонида бўлган Туркия жараёнга халал бермоқда.

“Москва, Вашингтон, Париж  - тинчликка чақирмоқда. Анқара эса қаршилик кўрсатмоқда ва Бокуни қуролли тўқнашувга йўналтирмоқда. Шу билан бирга Туркия Минск гуруҳига ҳамраис сифатида қўшилиш нияти борлигини маълум қилмоқда. Агар бу содир бўлса – ушбу формат яксон қилинади”, - деб хулоса қилмоқда эксперт.

Америка ташаббуси

Россиялик кавказчи олим Нурлан Гасымов хулосасига кўра, Тоғли Қорабоғ можаросига АҚШ аралашуви энг бошидан – ҳеч қандай натижага олиб келмаслиги аниқ эди. Иккала томон ҳам вақтинчалик тинчликдан фойдаланиб қўшинларни яқинроққа олиб келиш ва ўз позицияларини мустаҳкамлаб олиш учун фойдаланиб қолишди.

“Лачин коридори учун қақшатқич жанглар кетмоқда. Агар Озарбайжон уни эгаллаб олса Арманистон ва Тоғли Қорабоғ орасида бевосита алоқа узилади. Бу эса ҳудудда вазиятни мутлақ ўзгартиради. Боку Лачинга жуда кўп куч ташлаган, ҳозир Озарбайжон учун тинчлик шартномаси тузиш – фойда келтирмайди”, - дейди Гасымов.

Эксперт фикрига кўра, тинчлик ўрнатиш жараёнига Вашингтоннинг фаол иштироки - ҳозир Америкада давом этаётган сайловолди камрпанияси билан боғлиқ, лекин янги маъмурият сайланганидан сўнг улар Жанубий Кавказ ҳудудига бир зумда қизиқишни йўқотади.

“Вашингтон томонидан қилинган ягона таклиф 1999 йилда бўлган эди. Ўшанда Ки-Уэстда бўлилб ўтган учрашувда АҚШлик музокарачи Пол Гобл томонларга ҳудудлар билан алмашишни таклиф қилган эди. Унга кўра Тоғли Қорабоғ атрофидаги 7та туман Озарбайжонга қайтариб берилиши, Тоғли Қорабоғ ва Лачин коридори эса – Арманистонга ўтиши керак эди. Ўшанда бу таклифга на Боку на Ереван рози бўлган эди”, - дейди эксперт.

АҚШнинг 90 йиллардаги тинчлик ташаббусларини кўпроқ Кавказ ҳудудидаги нефт соҳасига киритилган сармояларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракат деб баҳолайди эксперт.

“Ўшанда Ғарб Жанубий Кавказ ҳудудида газ ва нефт қувурлари қуришга кўп маблағ тиккан эди. Озарбайжон нефтига Европада Россия нефтининг муқобили сифатида қаралаётган эди. Уруш ушбу режаларга халал бериши мумкин эди. Лекин Гобл режаси муваффақиятсизликка учраганидан сўнг  Вашингтон тинчлик ўрнатиш миссиясини тўлиқ Россияга топширди", — дейди Гасымов.

Москва билан консенсус

АҚШ ва Канадани ўрганиш институти катта илмий ходими Павел Кошкин ҳам американинг тинчлик ўрнатиш ҳаракатларини сайловолди ташвиқотлар билан боғлайди.

“Трамп учун кўп сонли арман диаспораси овозларини олиш жуда муҳим. Шу сабабли у можарони ҳал қилишда ёрдам беришни ваъда қилмоқда. Сайловдан сўнг Вашингтон Кавказ ҳақида яна унутади”, - дейди эксперт.

АҚШнинг Тоғли Қорабоғ можаросидан узоқ йиллар давомида ўзини четда тутишига сабаб – улар ушбу можарони жудда  оддий деб қабул қилишида. АҚШ ушбу муаммони ҳеч қачон чигал деб қабул қилмаган. Украина ёки Грузиядаги вазиятдан фарқли ўлароқ равишда, бу борада АҚШ ҳар доим Москва билан консенсусда бўлган”.  

Оқ уй янги раҳбари ким бўлишидан қатъий назар, Тоғли Қорабоғга бўлган қизиқиш - маргинал (кам) даражада қолади, лекин муҳими шунда-ки, бу мавзуда Вашингтон Москва хулосасига ишонади.

Асосий мавзулар