Наргис Абдуллаеванинг икки ҳаёти

© Sputnik / Алексей ТихомировАктриса Наргис Абдуллаева
Актриса Наргис Абдуллаева - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Шу кунларда Россия экранларида “Салам, Масква” номли кўп қисмли криминал драма намойиш этилмоқда. Сериалда Россия мегаполисида яшаётган мигрантлар ҳаётидаги қийинчиликлар ҳақида сўз боради. Наргис сериалда номусини топтаган жиноятчини ўлдирган, аммо бор айбни ўз бўйнига олган севгилиси туфайли қамоқ жазосидан қутилиб қолган аёл ролини жонлантирган.

 

Спутник мухбири Лев Рижков ушбу картинада бош роллардан бирини ижро этган ўзбекистонлик актриса Наргис Абдуллаева билан учрашиб, суҳбатлашди.

Наргис, “Салам, Москва” сериалига қандай таклиф этилганингиз ҳақида сўзлаб беринг?

Аввалига Максим Панфиловнинг “Амирнинг ўғли Иван” («Иван, сын Амира») лойиҳасида бош роллардан бирини ижро этаётган эдим. Фильмнинг бир қисми суратга олингач, иш тўхтаб қолди. “Мосфильм” меҳмонхонасида яшаётган эдим…

Кунларнинг бирида танаффус узоққа чўзилишини ҳис қилдим. Шу боис, продюсерларга хат йўллай бошладим. Суратга олиш ишлари қайта тикланишига қадар Москвада яна бир неча ой яшашим учун пул керак эди, ахир.

Яъни, умуман пулингиз қолмаганмиди?

Ҳа, пулим тамом бўлган эди. Шу боис, “фейсбук”ка ҳам иш излаётганим ҳақида ёзишни бошладим. Шундай кунларнинг бирида ажойиб бир инсондан “Мен, сиз яшаётган уйнинг қаршисида тураман. Кинорежиссёр, актёр ва рассомман. Келинг!”, деган таклифни олдим. Бордим. У киши менинг қорнимни тўйғазиб, камига, жуда сифатли фотосессия қилишимга ҳам ёрдам берди. Яна бир неча минг рублни қўлимга тутқазиб, “Фалон рақамга қўнғироқ қилинг, сизга, албатта, жавоб беришади. Қолгани ўзингизга боғлиқ”, деб айтди.

Режиссёр Павел Бардиннинг «Салам, МАСКВА» фильмидан лавҳа - Sputnik Ўзбекистон
"Салам, Масква": Россия мигрантлар ҳақида сериал суратга олди
Қўнғироқ қилдим, менга жавоб беришди ва Павел Бардиннинг фотосиновларида иштирок этиш таклифини билдиришди. Бардин фамилияси менга фақат мультфильмлар орқали таниш эди. Павелнинг отаси – Гарри Бардин – машҳур мультипликатор бўлган. Бир сўз билан айтганда, барча саргузаштларим шу тариқа бошланган. Иш излашим самара бермагани туфайли, ҳамма нарсага қўл силтаб Ўзбекистонга қайтиб кетмоқчи бўлган пайтимда менга суратга тушишни таклиф қилишган. Ваҳоланки, самолётга чипта харид қилиб қўйган эдим.

Самолёт учишидан икки соат олдин “Мосфильм”га югуриб, Павел Бардин билан танишдим. У фотоаппаратида бир нечта сурат олгач: “кечирасиз, самолётга кеч қоляпман”,  деб узримни айтиб, аэропортга йўл олганман. Орадан бир неча ой ўтгач, Москвадан қўнғироқ қилишди ва киносиновларга таклиф этишди, шу тариқа картинага тасдиқланганман.

Кастингда рақобат кучли эдими?

Даъвогарлар кўп эди, аммо улар қандайдир сабаб туфайли режиссёр кўнглига ўтирмаган. Шунда Павел бош қаҳрамон роли ижрочиси Ниёз Гаджиевга мурожаат қилиб, “партнёрингни ўзинг танлашингга тўғри келадиганга ўхшайди”, деб айтди. Ниёз мени танлади. Иккимиз ўртамизда биринчи онларданоқ кўринмас ришта ўрнатилган.

Сиз фильмда Ниёзни ўлдирганмисиз?

Йўқ, Ниёз мен яратган қаҳрамоннинг севгилиси ролини ижро этган. Яъни у севгилиси содир этган қотилликни ўз бўйнига олиб, қамоққа ўтиради. Менинг қаҳрамоним уни чин юракдан севади. Қаҳрамонимни иш жойида хўрлашади, таҳқирлашади ва охири иш зўрлашгача боради. Бу қабиҳ ишларнинг ҳаммаси аёлнинг миллатдоши томонидан содир этилади. Таҳқирлашлардан ақл-идрокини йўқотган қаҳрамоним охир-оқибат зўравонни ўлдириб қўяди.

Овқатдан воз кечишга тўғри келарди

Қаҳрамонингиз ҳаётида содир бўлган қийинчиликларни бошингиздан ўтказганмисиз? Москвада кўп қийинчиликларга дуч келгансиз, сезишимча?

Сизга бир нарсани айтишим мумкин, мигрант учун у хоҳ Москва, хоҳ Сан-Франциско бўлсин, ҳаёт ҳеч қачон осон кечмайди. Мен уч йилдан бери Москвада яшайман. Мана шу йиллар ичида биринчи марта мана икки ойдирки, асосий ишимдан ташқари қўшимча иш қидиришга мажбур бўлмаяпман.

Улуғбек Қодиров. - Sputnik Ўзбекистон
Улуғбек Қодиров: "Ҳаваскор режиссёрлар билан ишламайман"

Қаҳрамоним ҳаётига ўхшаш томонларга келсак, дейлик, пул топиш учун кимнингдир мушугига қараб туришимга тўғри келган, дўконларда сотувчи бўлиб ишлаганман, сариқ чақа учун бировларнинг уй-жойини тозалаганман. Кўпинча, ўзимга янги либос олишга кўзим қиймайди, баъзан ейдиган овқатимга ҳам пул тежайман. Муҳожирлик ҳаёти шундай… Аммо бу қийинчиликлар бўлмаганида – театр ҳам бўлмасди ҳаётимда.

Москвада зўравонликка дуч келмаганмисиз?

Қаҳрамонимдан фарқли ўлароқ, Яратганга шукр, Москвада зўравонликка дуч келмаганман. Тўғрироғи — жисмоний зўравонликка дуч келмаганман. Маънавий томондан – жуда кўп маротаба таҳқирлашган. Мен қачонлардир энг талаб катта бўлган санъаткорлардан бириман. Шу боис, бахтдан сармаст бўлиб, ғафлатда юраверганман. Кунларнинг бирида эса карьерам чўққисидан тубанликка қуладим.

Шахсий ҳаётимда ҳам маънавий таҳқирлашлар жуда кўп бўлган. Дейлик, кинопробага борсангиз, режиссёр юзингизга қараб: “Сени тасдиқлайман. Агар ишлашни хоҳласанг, мени уйингга чойга таклиф қил”, деб айтади. Тўғри, чойхўрлик қилиш, яхши албатта, аммо менинг ҳаётий позицияларимга бу умуман ёпишмайди. Шу тариқа ролсиз қолиб кетаверасиз. Шу ва шунга ўхшаш ҳодисалар ҳақида Театр.doc даги “Театр ортида” спектаклида ҳикоя қиламан.

Беш йиллик танаффус…

Карьерангиз чўққисидан тубанликка қулаб, беш йил давомида ижоддан узоқлашиб қолгансиз. Бунинг сабаби нимада?

Бу ҳақда кўп ёзишган. Мен фаолият юритган театр режиссёри Марк Вайл оламдан ўтди. Шу боис, театрдан кетишга қарор қилганман. Бори шу. Инсон ҳамиша ўзига устоз қидиради, чунки у кимдир ҳаётда унга йўл-йўриқ кўрсатиб боришига муҳтож. Мана шундай инсон менда бор эди.  Энди эса… Ўзимга ўзим мураббийман.

«Илҳом» театрида ҳар битта ролни ўқув материалидек қабул қилар эдим. Театр – ўзига хос ижтимоий мактаб ахир.

Яъни ҳар битта ролни шунчаки ижро этмагансиз, балки у ролни чуқур ҳис қилиб, у билан "нафас" олган  экансиз-да?

Ҳа, шундай. Ҳар битта ролни ижро этишдан олдин чуқур таҳлил қиласиз, нима дейсиз, қандай ҳаракат қиласиз. Режиссёр билан фақатгина ўз ҳаракатларингизни муҳокама қилиб, унга ўз ғояларингизни таклиф қилишингиз мумкин. Шу боис, ҳар битта ролимга фарзандимдек муносабатда бўлганман. Фаолиятимни кичик роллардан бошлаб, қисқа фурсатда катта ролларни ижро этишга ўтганман. Аммо менга ҳаётий тажриба етишмасди.

Звёздные Войны: Пробуждение Силы фильми премьераси. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбек актёри Голливуд блокбастерида рол ижро этди
Режиссёрнинг ўзи ҳам менга то аёлга айланмагунимча, масалан Клеопатра ролини ижро эта олмаслигимни айтган. Умуман, ҳақиқий аёлга айланмасангиз муҳаббат, ишқ, рашк, ғазаб туйғуларини кўрсатиб бера олмайсиз. Чунки бунинг учун ҳаётий тажриба керак бўлади. Мана, ҳозир ҳаётий тажрибага эгаман, аммо ўйнагим йўқ. Ҳақиқий, асл ҳолатимни сақлаб қолишни истайман.

Умуман олганда, “актёрлик штамплари” деган тушунча бор. Тезда кўз ёшни қандай қилиб келтириш мумкинлигини биласизми?

Қандай қилиб?

Бир нуқтага узоқ тикилиб турсангиз, кўзингизга ёш келади. Технологияларнинг сон-саноғи йўқ. Олинг-у, фойдаланинг. Лекин ўзингиз ҳақингизда ҳаётдан олиб ҳикоя қилиш мумкин бўлганда, бу технологияларнинг нима кераги бор? Ўйнамайсиз, ёлғон гапирмайсиз, балки ҳаётий воқеалардан ҳикоя қиласиз – ҳаммаси табиий.

Демак, кинодан ҳам кўнглингиз қолибди-да?

Йўқ, нега? Кинони ҳам яхши кўраман. Фақат суратга тушиш имконияти жуда кам учрайди. Чунки айнан кинооламида “стереотип” ва “шатмп”ларнинг сон-саноқсиз. Ташқи кўринишингиздан тортиб ҳамма-ҳаммасининг ўз қонун-қоидалари бор. Актерлик агентлигидагилар менга қараб нималарни хаёлидан ўтказишади, биласизми? Улар: “хўш, бу “шарқ” ёхуд “осиё” типажига мос, дея ўйлашади. Улар фикрича, мен фақат ўзбек ёки тожик аёли образини яратишим мумкин.

Сиз испан аёлига ҳам ўхшаб кетасиз.

Шу пайтгача ҳеч ким менга испан, итальян ёки француз аёли ролини ижро этишни таклиф қилмаган. Чунки ижодкорлар аллақандай қонун, штамп ва стереотип деган тушунчаларга ўралашиб қолган. Тушуняпсизми? Театрда эса шахсга нисбатан қизиқиш кучли. Кино бу қонуниятни тан олмайди.

 

© Sputnik / Алексей ТихомировУзбекская актриса Наргис Абдуллаева
Узбекская актриса Наргис Абдуллаева - Sputnik Ўзбекистон
Узбекская актриса Наргис Абдуллаева

 

Яъни кинооламида муайян образлар муҳим экан-да?

Ҳа! Уларга юлдузлар керак. Мен эса улар истагидаги "юлдуз" эмасман, чунки карьерамни Россияда бошламаганман. Қачонки, киноларда кетма-кет суратга тушсам, телекўрсатувларга бошловчилик қилсам, менга нисбатан талаб ортиши мумкин. Мен эса буни хоҳламайман.

Сериал эфир юзини кўргач, таклифлар билдирилгандир?

Сериалнинг икки сериясида кўриниш беришингиз билан таклифларга кўмиб ташлашларига ишониш соддалик. Менимча бу ерда бошқа нарса иш беради. Тўғри, мен “Павел Бардиннинг сериалида суратга тушдим” деб фахрланаман, аммо шу пайтга қадар кимдир менга қўнғироқ қилиб, “келинг, бизда ҳам суратга тушинг”, деб айтган эмас.

Ўзбекистонда ҳам кинопробаларда шундай муаммоларга дуч келганмисиз?

Тошкентда ҳеч қандай синовларсиз ролга тасдиқлашар эди. Қўнғироқ қилиб, “Наргис! Сиз бизга керак”, деб айтишарди, тамом. Тўғри, юлдуз эдим, аммо гап бунда ҳам эмас. Яхши актёрлар ҳамиша четда қолиб кетади. Фильмларда режиссёр ва продюсерларнинг қариндошлари, эстрада юлдузлари ва ҳомийларнинг фарзандлари рол ўйнайди. Яхши актёрлар эса ресторанларда аниматорлик қилади.

Ўзбек муштарийларига тилакларингиз?

Барча юртдошларимга аъло кайфият тилайман. Ҳар кун, ҳар сония яхши кайфият уларнинг ҳамроҳли бўлсин. Кейин, юрдошларимга ҳаётни севинг ва борлигингизга хурсанд бўлиб яшанг, деб қоламан. Ҳаётни севинг, у — бебаҳо!

 

Янгиликлар лентаси
0