ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Аёллар тарихи ойлигини бошлаш ҳамда Халқаро хотин-қизлар кунини муносиб нишонлаш мақсадида АҚШ элчиси Памела Спратлен "Mega Trade Communication" компанияси директори Михаил Давидкин билан биргаликда Тошкентдаги "NEXT Mall" кинотеатрида аёлларга бағишланган "Америка фильм фестивали"ни очиб берди, деб хабар қилди Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот-хизмати.
"Бундай олий мақсадни кўзлаш фақатгина америкалик аёлларга хос эмас. Ўтган уч йил мобайнида мен бирга ишлаган ўзбекистонлик хотин ва қизлар ҳам заковат, мардлик, ижодкорлик ва қатъият каби муҳим, ажойиб сифатларни ўзида намоён этади",- дея таъкидлади элчи Спратлен хоним.
Америка фильмлари фестивали Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги маданий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, инглиз тилини билиш даражасини оширишга қаратилган. Фильмларда бош ролни ижро этган аёллар илму фан, математика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бизнес ва саноат, таълим ва спорт соҳаларида эришган ютуқлари билан ажралиб туради.
Фестиваль жамоатчилик, талабалар ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари учун очиқдир. Барча фильмлар учун чипталар бепул бўлиб, уларни Тошкент шаҳар Бобур кўчаси 6-уйда жойлашган "NEXT Cinema" кассаларидан олиш мумкин. Бир киши бир кунда иккита бепул чипта олса бўлади.