09:40 27 Апрел 2018
Эфир
Археологические раскопки. Узбекистан

Самарқандда археологлар дунё аҳамиятига эга бўлган ноёб топилма топишди

© Sputnik / Всеволод Тарасевич
Маданият
Ҳавола олиш
629 0 0

Бир неча одамлар сурати чизилган ёғоч панно Марказий Осиё тарихида топилган биринчи кўп фигурали композиция экан.

ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистонлик археологлар Марказий Осиё тарихида илк бор кўп кишининг сурати чизилган ёғоч панно топиб олишди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Фанлар академияси.

Ушбу шоҳона сарой Кофирқалъа номли археологик ёодгорликда жойлашган бўлиб, бу ерда 2001 йилдан бошлаб эса 16 гектарли майдонда Археология институти мутахассислари кенг қамровли археологик қазишма ишларини олиб боришмоқда.

Қадимий шаҳарда ўтказилган қазилма ишлари натижасида ёнғин оқибатида вайронага учраган Милодий 5-6 асрларга мансуб қалъа (Арки аъло) ва унинг ичида жойлашган тантаналар зали топилган.

Милодий 5-6 асрларга тегишли мажмуада Самарқанд ҳукмдорларининг давлат архиви ва ёзги саройи жойлашган бўлиб, ёнғин туфайли вайронага учраган архивдан ноёб давлат ҳужжатлари, элчилик хатлари, давлатлараро шартномалар ва булла деб аталган тахтакачларда суғдий ёзув намуналари топилди.

Саройнинг ёғоч устунли кўркам хоналаридан бирида уч ярусли суфа, суфа устидаги тахтиравонда эса шерсифат кўринишидаги ҳукмдор ўтирибди. Хонанинг деворлари ёғоч ўймакорлиги услубида чизилган  расмлар (панно) галереяси билан безатилган.

Археологлар томонидан топилган, яхши сақланиб қолган паннонинг ўлчамлари 124х141 см., У ўзи иккита кенг тахтадан иборат бўлиб, улар темир тутқич билан бириктирилган. Паннода тўрт қаторда жами 46та инсон қиёфалари чизилган.

Узбекские археологи обнаружили уникальное панно домусульманской эпохи
Фото: Академия наук
Самарқандда топилган ёғоч панно
Композициянинг асосий мавзуси — шер шаклида тахтда ўтирган бош Илоҳга сажда қилишдир. Бу зардуштлар бош маъбудаси буюк худо — Нана эканлиги кундек равшан. Одамлар унинг ҳузурига турли хил совғалар билан келганлар. Пастки қаватда мусиқачилар галареяси тасвирланган. Ундан кейинги пастки қаватда яна қўлларида турли хил совға-саломлар билан келган зиёратчилар суратлари тиз чўккан ҳолда акс эттирилган. Шунингдек, пастки қават суратлар галареяси марказида муқаддас олов ёниб турибди.

Хабарда айтилишига кўра, бундай кўп фигурали аниқ суратлар композицияси Марказий Осиё тарихида илк бор топилган бўлиб, у дунёвий аҳамиятга эга экан. Ушбу тарихий мажмуада қазиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, ФА хабарига кўра, зардўштлик даврига оид ушбу сарой 8 аср бошида арабларнинг Қутайбо бинни Муслим бошчиллигидаги ҳарбий қўшини томонидан ёқиб юборилган экан.

Асосий мавзулар