22:01 23 Ноябр 2020
Эфир
  • RUB134.34
  • EUR12294.55
  • USD10390.93
Маданият
Ҳавола олиш
24310

“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеалар ҳамда "кўп хотинлик" оқибатида хонадоннинг пароканда бўлиши акс этган.

ТОШКЕНТ, 22 ноя - Sputnik. Бу йил нуфузли Оскар мукофотига Ўзбекистондан “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми тавсия этилди. Ушбу қарор 21 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Оскар қўмитасининг йиғилишида қабул қилинди.

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильми танланди. 25 ноябргача картина фильм муаллифлари томонидан тегишли тартибда Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясига тақдим этилиши зарур, - дейилган хабарда.

“Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади. Юз бераётган воқеа-ҳодисаларга эътибор бермай, одамлардан нарида уч нафар хотини билан умргузаронлик қилаётган Комил тўртинчи бор уйланади. Янги аёлнинг оилага кириб келиши билан боғлиқ баъзи можаролар ва ҳудуддаги сиёсий аҳвол хонадоннинг пароканда бўлишига сабаб бўлади.

Сценарий муаллифи ва режиссёр Ёлқин Тўйчиев, постановкачи оператор Баҳодир Йўлдошев, постановкачи рассом Бектош Ражабов, фильм директори Шавкат Ризаев. Ролларда Баҳром Матчонов, Юлдуз Ражабова, Элмира Раҳимжонова, Маржона Ўлжаева, Санобар Ҳақназарова, Нодира Хожиқулиева ва бошқалар.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси Йиғилишида қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббосов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фаррух Тўлаганов, Элдор Йўлдошев, Игорь Пинхасов ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этишди.

Навбатдаги 93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтади.

Асосий мавзулар