17:00 24 Май 2019
Эфир
  • RUB131.06
  • EUR9439.00
  • USD8460.92
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на видеоселекторном совещании по вопросам усиления внимания к молодежи

Мирзиёев аҳолини тадбиркорликка қизиқтира олмаётган амалдорларни қаттиқ огоҳлантирди

Пресс-служба президента Узбекистана
Иқтисод
Ҳавола олиш
53410

Раҳбарларнинг хатоси туфайли ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг моддий фаровонлигини яхшилаш кечикмоқда, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев

ТОШКЕНТ, 3 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилда тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 700 миллион доллардан зиёд маблағларни ўзлаштириш мутасаддилар томонидан қониқарсиз ташкил этилганини кескин танқид қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот-хизмати.

Жумладан, март-апрель ойларида тикувчилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш, енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, маиший хизматларни йўлга қўйиш мақсадларига йиллик маблағларнинг 19 фоизи ажратилган холос.

"Бу рақамлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, пул ажратиш учун масъул бўлган раҳбарлар йил якунини кутиб ўтирганидан далолат беради. Оқибатда аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг моддий фаровонлигини яхшилаш кечикмоқда", - деди Мирзиёев.

Президент кредитлар ажратиш ва ўзлаштиришни жадаллаштириш, секторлар раҳбарлари, тижорат банклари ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берди.  

Шунингдек, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари фаолияти таҳлил этилиб, уларга юклатилган вазифалар – бўш турган майдонларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, биноларни ишлаб чиқариш ва хизматларни йўлга қўйиш учун тадбиркорларга ажратиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани кўрсатиб ўтилди. 

"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури ижроси жойларда мутлақо қониқарсиз ташкил этилган учун Республика комиссияси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Марказий банк ҳудудий бошқармалари раҳбарлари огоҳлантирилди.

Видеоселекторда мазкур дастур ижросини сифатли таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Дастур ижросини жойларда бевосита ташкил этиш учун ҳар бир ҳудудга республикадан масъуллар бириктирилади. Улар вилоят ва туманларга шахсан бориб, ишлар ҳолатини жойида ўрганади. Тўртта сектор раҳбарлари билан дастурни сифатли амалга ошириш чораларини кўради.

Имтиёзли кредитларга эҳтиёжни аниқлаш бўйича уйма-уй юриш тизими йўлга қўйилади. Бунга иқтисодий комплекс ходимлари билан бирга Халқ қабулхоналарининг жойлардаги вакиллари, маҳалла раислари, хотин-қизлар, Ёшлар иттифоқи ва касаба уюшмалари вакиллари жалб этилади.

Президент сарфланган маблағ яхши самара бериши, оилаларга фаровонлик олиб кириши учун уни мақсадли ажратиш зурурлигини таъкидлади. Шу боис жойлардаги секторлар раҳбарлари мурожаат қилган ҳар бир тадбиркорнинг рўйхати асосида уларга кредит ажратилиши ва мақсадли фойдаланилиши учун масъул бўлади. Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда солиқ идоралари раҳбарлари дастур доирасидаги товарларнинг муддатида ва сифатли етказиб берилишига кўмаклашади.

Асосий мавзулар