ТОШКЕНТ, 16 cен – Sputnik. 2019 йилнинг 1 октябридан эътиборан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун Республика йўл жамғарамасига амалга ошириладиган 3% миқдоридаги йиғим автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчилари томонидан тўланади.
UzAuto Motors АЖ хабарида қайд этилишича, эндиликда харидорлар аввал Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3 фоиз тўловни автомобиль харид қилаётган чоғида автомобиль нархи билан бирга амалга ошириши лозим бўлади.
Жорий йилнинг 1 октябрига қадар дилерлик корхонаси билан олди-сотди шартномасини имзолаган, аммо ҳали автомобилини олмаган харидорлар билан қўшимча келишув имзоланади. харидор 3 фоиз тўловни автомобилни қабул қилиб олиш чоғида дилерлик корхонасига тўлаши керак бўлади.
“Шу билан харидорлардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органларида тўланадиган Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган 3% мажбурий йиғим олинмаслигини маълум қиламиз”, - дейилади хабарда.
Хабарда UzAuto Motors АЖ 1 октябрдан эътиборан ҚҚС тўловчисига айлананиши ва компания мазкур ҳолат харидорларга ортиқча сарф-ҳаражат ва ноқулайлик келтириб чиқармаслиги учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширгани қўшимча қилинган.
Таъкидланишича, автомобиль нархлари Республика йўл жамғармасига амалга ошириладиган мазкур тўловни инобатга олмаганда ўзгаришсиз қолдирилган.