02:40 23 Ноябр 2019
Эфир
  • RUB149.01
  • EUR10498.56
  • USD9500.96
 АО «Navoiyazot»

"Навоийазот" цехлари фаолияти тўхтатилди

© Navoiyazot
Иқтисод
Ҳавола олиш
193 0 0

Корхона ҳудудида турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойга аралаш ҳолатда жойлаштирганлиги, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги, қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндилари жойлаштирилганлиги оқибатида атроф-муҳит ҳолати сифатининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

ТОШКЕНТ, 5 нояб - Sputnik. Давлат Экология қўмитаси томонидан жорий йил 16-25 сентябрь кунлари аҳолининг кўп сонли шикоятларига сабаб бўлган «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфидаги Навоий вилоятида жойлашган «NAVOIYAZOT» акциядорлик жамиятида текширишлар ўтказилди ва натижада, жамиятнинг қатор цехлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Мазкур корхона 1964 йилда ишга туширилган бўлиб, бугунги кунга қадар айрим цехлари бирор маротаба реконструкция қилинмаган, эскирган ускуналарни алмаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар доимо кечиктириб келинган бўлиб, буни  қуйидаги таҳлилларда кўриш мумкин.

Корхонанинг «Кучсиз азот кислотасини ишлаб чиқарувчи», «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи», «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» цехларидаги агрегатлар яроқлилик муддатини ўтаб бўлганлиги, эҳтиёт қисмлар белгиланган муддатларда алмаштирилмаганлиги сабабли азот оксидлари, хлор ва хлор кислотаси, аммиак моддасини атмосфера ҳавосига ташланиши рухсат этилган меъёрлардан юқори чиқиш ҳолатлари бир неча бор аниқланган. Сабаби ускуналар эскирган, буюртмалар берилган бўлса-да, янги қурилмалар етказиб берилмаган, эскирган қурилмалардан ҳали-хануз фойдаланиб келинмоқда. 

Текшириш даврида ўтказилган лаборатория таҳлил натижаларига кўра корхона фаолияти натижасида атроф-муҳитга ташланаётган ифлослантирувчи моддалар таркибидаги азот оксидлари 2,9 маротаба, аммиак 1,5 маротаба, хлор моддаси 9,4 маротаба, хлорид кислотаси 1,5 маротаба рухсат этилган меъёрдан юқори чиқиш ҳолатлари аниқланди. 

Текшириш даврида корхонанинг «1-навбатдаги азот кислотасини ишлаб чиқарувчи» 5-цехидаги 10-агрегатни, 25-цехидаги 1-агрегатни, «Аммиак селитра ишлаб чиқарувчи» 23-цехдаги 87-манбани, «Каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи» 107-цехдаги 1-компрессорни ва «Аммоний хлорид ишлаб чиқариш» бўлими фаолиятлари вақтинча тўхтатилди.

Корхона фаолияти натижасида ҳосил бўлган оқова сувларни Зарафшон дарёсига ташланаётган нуқтасида лаборатория таҳлиллари ўтказилганида оқова сувлар таркибидаги азот аммоний моддаси 4,6 маротаба, азот нитрит 1,5 маротаба, азот нитрат 2,5 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 1,2 маротаба, сульфатлар 2,4 маротаба рухсат этилган меъёридан юқорилиги аниқланди, оқова сувларни тозалаш иншоотининг ишлаш самарадорлиги 73 % кўрсатмоқда.

«Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасида юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари белгиланган бўлиб, корхонада мазкур мажбуриятлар бажарилмаган хусусан, корхона ҳудудида турли хил чиқиндилар белгиланмаган жойга аралаш ҳолатда жойлаштирганлиги, ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги, корхона ташқарисида ўзига тегишли бўлмаган ер майдонида жуда кўп миқдордаги (12.000 тн) қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини олиб бориб жойлаштирилганлиги оқибатида атроф-муҳит ҳолати сифатининг бузилишига олиб келганлиги аниқланди.

Текшириш натижаларига кўра, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»,  «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодекснинг тегишли моддалари билан жами 45 нафар масъул шахсларга нисбатан жами 27,8 млн. сўм миқдорида маъмурий жарималар ҳамда атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги учун қўшимча равишда 520,4 млн. сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

Текшириш якуни билан корхонада аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, 21 банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ҳамда Давлат экология қўмитаси томонидан назоратга олинди.

Асосий мавзулар