05:23 30 Май 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Иқтисод
Ҳавола олиш
19510

Жорий йилнинг дастлабки чорагида божхона постларида экспортга чиқарилаётган товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувига ўртача 53 дақиқа сарфланган.

ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистон 2020 йилнинг январь-апрель ойларида 1,7 млрд долларлик маҳсулотларга хорижга экспорт қилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, республикада экспортёр тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар, қулайликлар ва эркинликларни ўзида қамраган янги тартиблар жорий қилинмоқда.

Масалан, товарлар учун экспорт божи бекор қилинди, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар қисқартирилди, экспортдан тушган валюта маблағларини давлатга мажбурий сотиш каби бюрократик тартиблар бекор қилинди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи юридик шахслар экспортни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга оширишмоқда.

Экспорт контрактини тузишга ҳожат йўқ - инвойснинг ўзи етарли. Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишмоқда ва маҳсулотларнинг экспорт нархларини эркин белгилашмоқда.

Амалдаги тартибларга биноан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди.

“2020 йилнинг январь-апрель ойларида эса расмийлаштирилган 3 мингта яқин экспорт божхона декларациялари асосида 1,7 млрд. АҚШ долларлик маҳсулотларга хорижга экспорт қилинди”, - дейилган хабарда.

Миллий маҳсулотлар ҳозирда дунёнинг 73 та давлатига етиб бормоқда. Мазкур давлатлар рўйхатида Россия, Туркия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Афғонистон каби мамлакатлар олдинги қаторларда туради.

Таъкидланишича, тадбиркорлар йил бошидан буён  186 млн доллар қийматидаги мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилишга муваффақ бўлган.

Асосий мавзулар