17:51 30 Октябр 2020
Эфир
  • RUB136.11
  • EUR12285.78
  • USD10359.88
Иқтисод
Ҳавола олиш
249 0 0

Ҳукумат комиссияси томонидан Сурхондарё вилоятнинг кам ривожланган ҳудудларида инвестиция ва саноат фаоллигининг ўсишини рағбатлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш учун шароит яратиш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда.

ТОШКЕНТ, 23 авг - Sputnik. Вазирликлар, идоралар, маҳаллий саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва ҳокимиятлар раҳбарларидан иборат экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Сардор Умурзаков раҳбарлигидаги Ҳукумат комиссияси 22 август куни Сурхондарё вилоятининг саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари ўрганди, деб хабар қилмоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги. 

Комиссия томонидан амалдаги ҳудудий инвестиция дастурини юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш обектларини яратишга қаратилган ва кўп иш ўринлари яратадиган лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида оптималлаштирилди, - дейилган хабарда.

Шу билан бирга, вилоятнинг кам ривожланган ҳудудларида инвестиция ва саноат фаоллигининг ўсишини рағбатлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Комиссия томонидан вилоятда 290 та фаолиятини тўхтатган ёки вақтинча тўхтатиб қўйган, ишлаб чиқариш ҳажми камайган ёки тўлиқ қувват билан ишламаётган корхоналар рўйхати шакллантирилди.

Ушбу корхоналарни зарарсиз ишлаш нуқтасига тезлик билан чиқариш ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида уларга вилоят туман ва шаҳар ҳокимлари, саноат бирлашмалари ва банк раҳбарлари бириктирилди.

Комиссия томонидан шунигшдек, “Термиз” ва “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зоналарида инвестиция ва саноат фаолиятининг бугунги ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди. Мазкур зоналарнинг мавжуд салоҳиятидан фойдаланиш даражасининг пастлиги қайд этилиб, янги инвестиция таклифларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни президентининг 6042-сонли “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Унга кўра, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун устувор соҳалар - фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва мебель саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари белгиланган. 

Асосий мавзулар