12:24 20 Январ 2021
Эфир
  • RUB142.66
  • EUR12682.88
  • USD10500.81
Иқтисод
Ҳавола олиш
202 0 0

Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Трансафғон темир йўл йўлагини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ва халқаро молиявий институтларга қўшма мурожаат йўллашга келишиб олди.

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Афғонистон Трансафғон темир йўл йўлагини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида етакчи мамлакатлар ва халқаро молиявий институтларга қўшма мурожаат йўллайди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани телефон орқали мулоқот чоғида бу борада келишиб олди.

Икки давлат етакчилари “Сурхон – Пули Хумри” йўналишида электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини жадаллаштириш масалалари мувофиқлаштирди.

Ғани Афғонистоннинг кўп миллатли халқи номидан Ўзбекистон раҳбарига афғонлараро тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, шу жумладан коронавирусга қарши курашиш даврида амалий ёрдам кўрсатаётгани учун самимий  миннатдорлик билдирди.

Президентлар икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик суръати ортиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этдилар.

“Пандемия оқибатларига қарамай, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли кўпайди, бизнес алоқалари фаоллашди. Икки мамлакат тадбиркорлари учун ноёб имкониятларга эга “Термиз” халқаро савдо маркази ташкил этилди”, - дейилган хабарда.

Савдо ҳажмини икки баробар кўпайтириш учун ҳуқуқий базани такомиллаштириш, савдо уйлари тармоғини кенгайтириш ва янги кооперация лойиҳалари тўпламини шакллантириш масалалари ўрганилмоқда.

Президентлар ўтган ҳафта бўлиб ўтган Афғонистон бўйича Женева халқаро конференциясининг асосий натижаларини юксак баҳоладилар.

Минтақада ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкамлаш, Афғонистонни халқаро савдо-иқтисодий алоқаларга интеграция қилишга қаратилган устувор лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки (ОТБ) "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линияси қуриш лойиҳасига 110 млн доллар ажратишгани хабар қилинган эди. Яқин келажакда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ва "Da Afghanistan Breshna Sherkat” ушбу ЭУЛни қуришга киришади.

Теглар:
Сурхон-Пули-Xумри, темир йўл, Ашраф Ғани, Шавкат Мирзиёев, Афғонистон, Ўзбекистон, Кобул, Тошкент

Асосий мавзулар