03:33 22 Май 2018
Эфир
Нью-Йорк, архив сурат

МХХ Грин карта билан боғлиқ йирик фирибгарликни фош этди

© Sputnik / Наталья Селиверстова
Ҳодисалар
Ҳавола олиш
166351

Фирибгар мижозларидан кимдир ғолиб бўлган-бўлмаганини мунтазам равишда текшириб борган. Агар кимгадир омад кулиб боққан бўлса, ғолибдан қўшимча маблағларни ундириш билан шуғулланган

ТОШКЕНТ, 25 авг — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Ўзбекистон фуқароларининг "Грин кард" лотереясида иштирокига доир фирибгарлик схемасини фош қилдилар, деб хабар беришди Спутник Ўзбекистон мухбирига куч тузилмасида.

Нью-Йорк шаҳри
© Sputnik / Наталья Селиверстова
МХХ вакилининг сўзларига кўра, Самарқанд вилояти Нарпай туманидан бўлган Ойбек Нахангов ўз танишлари орқали (аксарият ҳолларда улар ёлланган талабалар бўлишган) Самарқанд вилояти ҳамда қўшни вилоятларда АҚШдаги ҳаёт тарзи ва меҳнатнинг роҳатга тўла томонлари ҳақида мунтазам ташвиқот олиб борган.

"Гўзал тўқималарга маҳлиё бўлган тингловчиларга шу ондаёқ "Американча орзу"га эришишда ўзини синаб кўриш таклифи киритилган. Жумладан, Нахангов "Грин кард" лотереясини ўйнаб кўришни таклиф қилган. Фирибгар ушбу лотерея Қўшма Штатларда вақтинчалик яшашга рухсат берувчи ҳужжатни расмийлаштириш имконини беришини қўшиб қўярди. Фирибгарлик схемаси айнан мана шу ерда авж олган: Нахангов сайтда формани тўғри тўлдириб бериш учун ҳақ олиб, шу билан бирга мижоз ғолиб бўлган тақдирда киритилиши лозим бўлган тасдиқловчи кодни ўзида қолдирган", — деб қайд этди куч тузилмаси ходими.

Фирибгар мижозларидан кимдир ғолиб бўлган-бўлмаганини мунтазам равишда текшириб борган. Агар кимгадир омад кулиб боққан бўлса, ғолибдан қўшимча маблағларни ундириш билан шуғулланган.

Фирибгарнинг навбатдаги "ўлжаси" Жиззах вилоятида яшовчи У.Ш бўлди. Айнан у ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилган. "Американча орзу"ни уддарролик билан пуллайдиган савдогар Нахангов жорий йилнинг май ойида У.Шдан 200 доллар ва 100 минг сўм олган. Ғолиблар номлари эълон қилингач эса Нахангов Тошкентдаги АҚШ элчихонасида зарур кодни олиш баҳонасида У.Шдан 15 миллион сўм талаб қилган.

МХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Наханговни 15 миллион сўм олаётган вақтда қўлга олишган.

"Наханговнинг офисида олиб борилган тинтув ишлари натижасида Жиззах вилояти фуқароси У.Ш фирибгар қармоғига илинган ягона ўлжамаслиги аниқланди. Офисдан лотерея иштирокчилари билан тузилган 550 шартнома топилди. Тезкор ходимлар компьютер техникаси, ноутбук, 46та паспорт копиялари ва суратларни олиб қўйишган", — деб хабар қилди суҳбатдош.

Ойбек Наханговга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ишлари давом этмоқда.

Асосий мавзулар