“Human” агентлиги директори фирибгарликда гумонланмоқда

© Sputnik / Владимир ФедоренкоМужчина держит наручники
Мужчина держит наручники - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тошкентда фуқароларнинг 1,67 миллиард сўмдан зиёд пулини еб кетган агентликнинг 29 ёшли директорига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Агентлик фуқароларга Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвага ишга юборишни ваъда қилиб, пул олган.

ТОШКЕНТ, 20 сен – Sputnik. Тошкентда “Human” бандлик агентлиги” МЧЖ директорига нисбатан катта миқдордаги фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар қилмоқда.

Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар “Human” бандлик агентлиги” МЧЖ билан 2018-йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган.

Трудовые мигранты возвращаются домой - Sputnik Ўзбекистон
Меҳнат вазирлиги “Human” хусусий бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилди

Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда “Human” бандлик агентлиги” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачилардан умумий миқдорда 1,67 млрд сўм келиб тушган.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирги вақтда айбланувчи сифатида ушбу МЧЖ директори 29 ёшли Ш.Ф. жалб қилинди.

Хабарда ушбу агентлик ҳаракатларидан жабр кўрганлар  ёки ушбу иш бўйича маълумотга эга бўлганлар 71-230-98-40 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги қўшимча қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Меҳнат вазирлиги “Human” хусусий бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар лентаси
0