19:23 06 Декабр 2019
Эфир
  • RUB147.79
  • EUR10476.36
  • USD9510.99
Ҳодисалар
Ҳавола олиш
159802

Ўзбекистонда шу йилнинг ўтган давр мобайнида кўплаб ўта оғир ва катта шов-шувга сабаб бўлган жиноятлар.

ТОШКЕНТ, 13 ноя – Sputnik. 2019 йил ўтган давр мобайнида қатор жиддий жиноятлар Ўзбекистон аҳолиси эътибори марказида бўлди, хорижий ва маҳаллий ОАВларда ёритилиб, жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда жиноят турлари ИИВ расмий ахборотига кўра 26 фоизга камайгани эълон қилинди. Sputnik Ўзбекистон республикада содир бўлган энг шов-шувли жиноий ҳуқуқбузарликлар ва мудҳиш ҳодисаларни эътиборингизга ҳавола қилади.

Самарқандда она ўз қизларини пичоқлаб ўлдирди

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида содир бўлган аянчли қотиллик кўпчиликни эсанкиратиб қўйди. 30 ёшни қоралаган Н.Хўжақулова (исм-шарифлари ўзгартирилган) эри Россияга ишлаш учун кетган вақтда, унинг укаси билан ишқий муносабат ўрнатади. Насиба биринчи турмушидан туғилган ҳали етти ёшга тўлмаган қизи Бахтигул сабаб қайнукаси билан жанжаллашиб қолиб, Бахтигулга 12 маротаба, 5 ёшга тўлмаган қайнукасидан туғилган Маҳлиёга эса 5 маротаба пичоқ уриб, ўлдиради.

Суд ҳукми билан Насиба 13 йил, Нурали 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Сергелида эр-хотин 5 яшар қизчани гумдон қилди

Жорий йил 4 ноябрь куни фуқаро А.В. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиб, 5 яшар қизи Д.К.ни Бектемир туманида жойлашган “Compass” савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилади.

Бир оздан сўнг эса Тошкент шаҳар прокуратураси қизчанинг Сергели туманидаги ижара уйида ўз онаси ва онасининг шаърий никоҳдаги эри билан яшаб келганлиги, 25 октябрь кечаси соат 03:00 лар атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилган эр-хотин томонидан қизчанинг аввал дўппосланиб, сўнг ўлдирилганлигини маълум қилди. Қотил эр-хотин жиноятни ёпиш мақсадида шу куни тонгда қизча жасадини Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришади. Улар марҳума гўдакни аввал ўчоқда ёқиб, ёнмай қолган қолдиқларини қопга солиб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишади.

Айни дамда қасддан содир этилган мазкур қотиллик бўйича А.В. ҳамда М.Ф. Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон собиқ бош прокурори пора олишда айбланди

2018 йилнинг январидан жорий йил ёз ойига қадар Ўзбекистон бош прокурори лавозимида ишлаган Отабек Муродов 20 июнь куни ўз лавозимидан озод этилди.

21 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сенатнинг 20-ялпи мажлисидаги чиқишида собиқ бош прокурорни танқид қилиб, унинг порахўрликда айбланаётгани ва унга нисбатан жиноий иш очилганлигини маълум қилди.

Генеральный прокурор Узбекистана Отабек Муродов
© Sputnik / Рамиз Бахтияров

Бош прокуратура матбуот хизмати Отабек Муродовнинг аввалги собиқ бош прокурор, ДХХнинг собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев иши доирасида тергов қилинаётганини маълум қилган бўлса, президент матбуот хизмати Муродовнинг ишдан олиниши Ўзбекистон конституциясининг 93 модда, 12-бандига мувофиқ эканлигини билдирди.

Юнусобод тумани ҳокими ўринбосари пора билан ушланди

Юнусобод тумани ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Э.Зоҳидов таъмагирлик йўли билан пора олаётганда ушланган.

У ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкка ҳуқуқни тан олиш тўғрисидаги ҳоким қарорини чиқаришда ёрдамлашишга ваъда бериб, 5 минг долларни қўлга киритаётганида тезкор тадбир давомида қўлга олинган. 2019 йил 11 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Эркин Зоҳидовга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (таъмагирлик йўли билан пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

ДХХ собиқ раиси 18 йилга қамалди 

Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламчилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Зоминда содир этилган йирик ўғрилик

2019 йил 6 июнь куни Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи 38 ёшли М.Э. ўз уйида содир бўлган катта ўғрилик юзасидан ИИБга мурожаат қилган.

Маълум бўлишича, 5 июнь куни соат 20:00 дан 23.00 гача бўлган вақт оралиғида 27 ёшли Т.У жабрланувчининг уйи дераза ойнасини синдириб кириб, меҳмонхонасидан 15 млн. сўм миқдордаги пул, 650 АҚШ доллари ва 2 турдаги заргарлик буюмларини ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ўғри қўлга олинди.

Асосий мавзулар