Бош прокуратура “UzAuto Motors”га нисбатан жиноий иш қўзғатишни рад этди

© Sputnik / Рамиз БахтияровЗдание Генеральной прокуратуры Узбекистана
Здание Генеральной прокуратуры Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Депутларнинг “UzAuto Motors” АЖда қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли йўллаган сўровига жавоб келди.

ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси “UzAuto Motors” компаниясига нисбатан жиноят иши қўзғатиш рад этди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.   

Унинг сўзларига кўра, 21 август куни Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўтказилган текширув якунлари бўйича “UzAuto Motors” АЖда қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, коррупцион ҳолатлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларига путур етказиш каби аломатлар кўринаётганлиги сабабли Бош прокуратурага “Депутатлик сўрови” юборган. Мазкур масалани ўрганиб ҳуқуқий баҳо берилиши ва жиноят аломатлари бор ёки йўқлиги юзасидан ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўралган.

“Кўпчилик сайловчиларни қизиқтираётган сўров юзасидан шу йилнинг 4 ноябрь куни Бош прокурор ўринбосари имзоси билан хабарнома шаклида жавоб хати олдик. Бош прокуратура томонидан 28.10.2020 санаси билан рўйхатдан ўтказилган хабарномада “UzAuto Motors” АЖда ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича  жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганлиги, агар текширишдан норози бўлсак қарор устидан шикоят қилишимиз мумкинлиги маълум қилинган”, - дея ёзган депутат.

Кушербаев “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига мувофиқ давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай ёзма жавоб юбориши, сўровга жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши белгиланганини эслатган.

Автомобили - Sputnik Ўзбекистон
Монополияга қарши қўмита ОАВга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда - UzAuto

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда (669 мингдан 1,56 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар маъмурий суди 30 октябрь куни аризачи “UzAuto Motors” АЖнинг шикоят аризасини қаноатлантирди ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорини ҳақиқий эмас деб топди. Аввалроқ МҚКҚ компания енгил автомобиллар нархларини ўртача 10,29 фоизга оширганини маълум қилган эди. Шу боис нархлар арзонлаштириши ва мижозларга қайта ҳисоблаб беришиши лозим эди. "UzAuto Motors" бунга жавобан автомобиллар нархи асосли ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз эканини маълум қилди ва судга берди.

Янгиликлар лентаси
0