Москвадаги меҳнат мигрантлари шахсий кабинетларига эга бўлади

Oбуна бўлиш
Ўтган йил натижаларига кўра, меҳнат мигрантлари Москва бюджетига нефт компанияларидан кўра кўпроқ пул туширишган

ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Москвада меҳнат қилаётган мигрантлар кўп тармоқли миграция маркази интернет-порталида шахсий кабинетларига эга бўлишлари мумкин, деб хабар бермоқда "Новости Узбекистана".

Сервис 2017 йил охирида ишга тушади. Мигрант шахсий кабинетида онлайн равишда патент мақомини текшириши, амалга оширган тўловлари ҳолатини билиши, иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномасини ўқиб чиқиши ва патент тўловини амалга ошириши мумкин бўлади. Иш берувчи ҳам ўз навбатида бўлажак ходимининг патенти бор-йўқлигини текшириши, ишга таклиф этиши ва у ҳақдаги бошқа маълумотларга эга бўлиши мумкин бўлади.

"Миграция марказининг янги портали хориж фуқаролари ва иш берувчиларга марказ иши ҳақида ахборот бериш ҳамда уларга фойдали сервисларни тақдим этиш учун хизмат қилади", — дейилади қўмита ҳужжатида. Мазкур лойиҳа марказ ахборот тизимини ривожлантириш дастури доирасида ишга туширилади.

Ўтган йил натижаларига кўра, меҳнат мигрантлари Москва бюджетига нефт компанияларидан кўра кўпроқ пул туширишган.

Миграция маркази - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ва Россия меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилади

Ҳозирда меҳнат патенти учун ойлик тўлов 4200 рублни ташкил этади, уни бир йилга узайтириш мумкин. Патентга эга бўлиш учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, тиббий текширувдан ўтиш ва ихтиёрий тиббий суғурта полисини расмийлаштириш лозим. Белоруссия, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари меҳнат патенти олишлари шарт эмас.

Мигрантлар учун имтиҳон топширишда қулайлик яратиш мақсадида компьютер саводхонлиги, рус тили, тарих ва ҳуқуқ бўйича компьютер курсларини ташкил этиш таклиф этилмоқда. Рус тили бўйича имтиҳонга эса оғзаки имтиҳон ҳам қўшилиши мумкин. Россия таълим вазирлиги пойтахт ҳокимиятига ана шундай тавсия жўнатди.

Янгиликлар лентаси
0