22:39 02 Июн 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Миграция
Ҳавола олиш
986 0 0

Улкан орзуларни бақувват елкасига ташлаб эртанги кун умидида остонадан чиқиб кетган Ўзбекистон фуқаролари Россияга келиб ишсиз қолишди. Ҳеч қаердан нажот топмагач, Ўзбекистон президентидан ёрдам сўраб интернетга видеомурожаат жойлаганлар. Миграция агентлиги бу воқеага қандай изоҳ беради?

ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан шартнома асосида Санкт-Петербургга ишга юборилган Ўзбекистоннинг 53 нафар фуқароси Россияда ишсиз қолди, деб хабар тарқатди Қалампир нашри.

Фуқаролар Ўзбекистондаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлашга юборилган ва манзилга етиб боргач, ишсиз ва паспортсиз қолган, деб ёзади нашр.

Муаммо нимада?

Маълумки, Ўзбекистон фуқаролари чет элга Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан тузилган шартнома асосида юборилади. Эллик уч нафар фуқарога Санкт-Петербургда қурилишдан иш берилиши ваъда қилинган. Ишга жўнатилаётганларида уларнинг мутахассисликлари агентлик томонидан тасдиқланган. Фуқаролар агентликка ушбу хизмат учун бир миллион сўмдан тўлашган.

Ўзбекистон фуқаролари Санкт-Петербургга етиб келишгач, иш берувчилар профессионал қурувчиларга сўров берганлиги маълум бўлиб қолган. Агентликнинг хатоси шундаки, мигрантларнинг мутахассислигини ҳужжатларда тасдиқлаб, уларнинг малака ва маҳоратларини текширмаган. "Қалампир" нашрининг ёзишича, Питерга етиб борган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини иш берувчилар ишга лаёқатсизга чиқарган.

Сўнгги умид президентдан

Нашр хабарига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 20 кун қурилишда ишлаган ва уларнинг ҳар бирига 10 минг рублдан тўлашган. Иш берувчилар ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш баҳонаси билан ўзбекистонлик фуқароларнинг паспортларини олиб қўйган. Иш берувчи ҳаражатларни қоплаш учун улардан 800 доллар сўраш билан бирга паспортларни қайтармаган.

Мигрантлар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги(!) ва бошқа ҳеч бировдан ёрдам ололмагач, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишга қарор қилганлар.

Нашр 53 фуқаронинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирмаган.

53 фуқаронинг Россияда ишсиз қолиши сабабларига аниқлик киритиш мақсадида, Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан боғланишга уриниш самара бермади. Иш кунлари душанба-жума деб кўрсатилгани сабаб, бугун шанба куни эҳтимол улар қонуний дам олишдадир.

Миграция агентлигининг Самарқанд вилоятидаги филиали билан боғланганда, телефон гўшагини кўтарган эркак саволни эшитгач, аввал раҳбар билан боғлашга уриниб кўрди, аммо бу натижа бермади. Охири "Мен навбатчиман, ишим қўнғироқларга жавоб бериш, Санкт-Петербургдаги воқеадан хабарим йўқ, саволларингизга жавоб беролмайман", — деганидан сўнг у билан хайрлашдим.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Наманган вилоятидаги филиалига ҳам мурожаат қилишга аҳд қилдик. Саволни эшитгач, телефон гўшагини кўтарган ходим "Сиз Наманган филиалига тушдингиз", — деди "адашмаётганлигимга" аниқлик киритиш учун.

"Ҳа, мен айнан сизларга қўнғироқ қилаяпман. Чет элга юбориш учун кўрсатадиган хизмат нархи қанчалигига аниқлик кирита оласизми?", — дейман саволига жавобан.

Суҳбатдош дарҳол бу тўлов ва бошқа ҳаражатлар Тошкентдаги агентликнинг ўзида амалга оширилишини айтади. "Биз фақат иш берувчилар таклиф этаётган вакансияларга мутахассислиги мос тушадиган фуқароларни саралаб Тошкентга жўнатиш билан шуғулланамиз", — аниқлик киритади у.

Суҳбат давомида ходимнинг Санкт-Петербургда ишсиз қолган фуқаролар ҳақида хабардорлиги маълум бўлади. "Бу компания (иш берувчиларни назарда тутяпти) билан муаммо бўлиб қолди, тўғри. Лекин келгусида Россияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонасини очиш режамизда бор. Кўпчилик бундай ваколатхоналар элчихоналар қошида очилишини хоҳлашмоқда. Бу иш амалга ошса, келажакда бу сингари муаммолар бўлмайди", — дейди суҳбатдош.

"Миграция агентлиги ўзи ишга юбораётган ўзбекистонликларга улар билан чет элда иш масаласида ҳеч қандай муаммо юзага келмаслигига кафолат бермайдими, ахир шартнома тузилади?", — деб савол бераман.

Суҳбатдош агар шу каби ҳолат (муаммолар) юзага келса, агентликнинг ходими Россияга бориб, воқеа жойининг ўзида барча масалани ҳал этишини айтди. Шу билан бирга Санкт-Петербургдаги 53 фуқарога нега ёрдам берилмаганлигига ойдинлик кирита олмади.

Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан расмий изоҳ олиш учун душанбани кутамиз.

Уларга берадиган саволларимиз кўп. Ҳеч бўлмаганда, ёрдам бериш ўрнига, фуқароларга муаммо туғдирадиган агентликнинг бемалол дам олишга қандай маънавий ҳаққи бор эди, деган саволга жавоб олишга ҳаракат қиламиз.

Шошилинч мактуб

Мақолани ёзиб, сайтда эълон қилишим билан почтамга Ташқи меҳнат миграцияси Самарқанд филиали раҳбари Абдуазиз Хафизов номидан йўлланган мактуб келиб тушди. 53 нафар Ўзбекистон фуқаросининг Россияда ишсиз ва паспортсиз қолганлиги ҳақидаги видеога кўзим тушгач, бу хабарга ойдинлик киритиш учун кечанинг ўзидаёқ уларга саволлар йўллаган эдим.

Хатда маълум қилинишича, бу масала борасида хизмат текшируви ўтказилган. Абдуазиз Хафизов айни вақтда ўзининг Санкт-Петербургда эканлигини ёзган.

"Ҳамма билан гаплашиб чиқдим. Видеога олган одам кечирим сўради, нотўғри ёлғон маълумот чиқаргани учун", — деб ёзган Хафизов.

Самарқандга етиб келиши билан Спутник нашрига тўлиқ маълумот беришини маълум қилган. "Бу бўйича видео ролик тайёрлаяпмиз", — деб ўз мактубига якун ясаган Хафизов.

Спутник Ўзбекистон ушбу воқеани кузатиб боради ва бу ҳақда маълумот бериб боради.

Асосий мавзулар