02:10 24 Октябр 2020
Эфир
  • RUB133.19
  • EUR12153.63
  • USD10371.76
Миграция
Ҳавола олиш
Миграция (77)
412 0 0

Ташқи ишлар вазирлиги расмий ахборотига кўра, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобил чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолмоқда

ТОШКЕНТ, 29 сен - Sputnik. Ўзбекистон ТИВ сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1-октябридан очилиши ҳақида тарқатилаётган хабарларга ишонмасликка чақирмоқда.

"Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатоналари хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1-октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобил воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқдалар. Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобил чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз", - дейилади хабарда.

Ҳозирда ватанга қайтишни истагидаги Ўзбекистон фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.

Шунингдек, ТИВ 29-сентябр ҳолатига кўра Самара вилоятининг "Кинел", Ростов вилоятининг "Первомайская" ва "Лихая" темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаётгани ҳақида қўшимча маълумот тақдим этган.

"Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликларини яна бир бор сўраймиз", - дейилади ТИВ мурожаатида.

Мавзу:
Миграция (77)

Асосий мавзулар