ТОШКЕНТ, 16 дек - Sputnik. Россиядаги мигрантлар сони айни вақтда 6 миллионга яқин кишини ташкил этмоқда, деб хабар бермоқда РИА Новости Россия ИИВдан олинган маълумотлар асосида.
Идора маълумотларида айтилишича, бу рақам одатда 11 миллион кишига етиши мумкин.
"Россия Федерациясида йилига 9-11 миллион атрофида чет эл фуқаролари бўлиб туради. Жорий йилда уларнинг сони секин-аста камайиб борди ва айни вақтда тахминан 6 миллион кишини ташкил этмоқда", - дейилади тегишли сўровга юборилган жавобда.
Шу билан бирга уларнинг бир миллионга яқинида вақтинчалик яшашга рухсат ҳужжати ёки ВНЖ бор, деб таъкидланади хабарда.
Идора, шунингдек, қайдга олинган меҳнат мигрантларининг аксарияти патентлар асосида ишлашини қўшимча қилган.
"2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Россия Федерациясида патент асосида 1,3 миллион нафар чет эл фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга оширмоқдалар (ўтган йил жорий даврда бу кўрсаткич — 1,7 миллионни ташкил этган), 85 минг нафарида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат бор. Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзо-давлатлари фуқаролари билан 368 минг (508 минг) меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари тузилган", — дейилади ИИВ хабарида.
Бундан ташқари, Россияда чет эл фуқароларининг энг кўп қисмини - йирик шаҳар ва иқтисодий марказлардаги меҳнат мигрантлари ташкил этади.