16:01 18 Июн 2018
Эфир
  • EUR9262.79
  • RUB127.73
  • USD7944.07
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов. Архив сурат

Ислом Каримов: аёл - Яратганнинг мўъжизаси

© Sputnik / Алексей Никольский
Янгиликлар
Ҳавола олиш
51211

Муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистондаги барча хотин-қизларни айём билан табриклаб, уларга энг эзгу тилакларини йўлладилар.

ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Президентимиз юртимиз хотин-қизларини айём билан табриклар экан, аёлларимизнинг ақл-заковатига, олижаноб фазилатларига таянишини, уларни энг яқин маслаҳатчи ва сафдош, деб билишини таъкидлаб ўтдилар.

“Мана шу байрам кунларида биз – юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари ҳақиқатан ҳам Яратганнинг мўжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз. Жамиятимиз тараққиётини бугунги юксак босқичга кўтаришда дунёда ўхшаши кам бўлган ноёб тузилма – маҳалла фаолларининг, хусусан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаётган, кўпни кўрган, жонкуяр опа-сингилларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлиги барчамизни албатта қувонтиради. Элу юртимиз ўртасида соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, хонадонларда турли гинаю аразларнинг олдини олиш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзини аямасдан меҳнат қилаётган ана шундай минг-минглаб аёлларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий ташаккур изҳор этишни ўзимнинг бурчим, деб биламан”, — деб таъкидланади Юртбошимиз йўллаган табрикда.

Президентимиз ўзбек аёллари энг устувор соҳаларда етакчилик қилишаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Жумладан, таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида аёллар — 73 %ни, соғлиқни сақлаш тизимида — 75 %ни, ишлаб чиқариш тармоқларида — 42%ни, қишлоқ хўжалигида — 43%ни ташкил этишлари айтилди.

Президентимиз шу ўринда, қизларга эътиборли бўлиш, уларнинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш олий мақсадимиз бўлиши даркорлигига урғу берди.

"Нега деганда, бунинг негизида халқимиз, миллатимизнинг ҳаёти, келажаги билан боғлиқ оддий ва шу билан бирга, ўта масъулиятли ҳақиқат мужассам бўлиб, уни ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим. Яъни, қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом авлодни ўзимизга тасаввур қиламиз, наслимиз давомчиларини кўрамиз. Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон бўлади", — деди Ислом Каримов.

Шунингдек, 2016-йил “Соғлом она ва бола йили” дастури доирасида жами 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар ҳажмидаги ишларни амалга ошириш белгилангани таъкидланди. Бу биринчи навбатда, тиббиёт масканлари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, акушер-гинекологлар, болалар шифокорларининг малакасини юксалтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

“Ана шундай ўткир масалаларни ечишда мен сиз, муҳтарама аёлларимизга, сизларнинг ақл-заковатингиз, олижаноб фазилатларингизга таянишимни, сизларни ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва сафдошларим, деб билишимни фурсатдан фойдаланиб бугун яна бир бор таъкидлаб айтмоқчиман. Умрингиз узоқ, иқболингиз зиёда бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин! Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!" — деди ўз табриги якунида Президентимиз.

Асосий мавзулар