06:50 21 Сентябр 2018
Эфир
  • RUB118.05
  • EUR9347.75
  • USD8039.00
Пресс-секретарь президента Узбекистана Комил Алламжонов

Алламжонов жамоат ишларига мажбурий жалб этиш мавзусида брифинг ўтказди

Sputnik / Рамиз Бахтияров
Янгиликлар
Ҳавола олиш
22860

Алламжонов журналистларга Ўзбекистон раҳбари ижтимоий соҳа вакилларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётганини жиддий танқид остига олгани ҳақида гапирди. Шунингдек ижтимоий тармоқларда бугун Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида мажбурий меҳнат бўйича махсус селектор ўтказилиши ҳақида маълумотлар тарқатилди

ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот-котиби Комил Алламжонов 13 апрел куни Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев танқид қилган масалалардан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида брифинг ўтказди.

Ўзбекистон раҳбари бу йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан бу йиғилишда вилоятларга сафарлар олдидан ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини жиддий танқид остига олди. Бу лавҳа ОАВлар орқали барчанинг эътиборига ҳавола қилинди.

Матбуот-котиби президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур сўзларидан кейин кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. Алламжоновга кўра, Мирзиёев бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизм яратиш бўйича топшириқлар берган.

Топшириқга кўра, аҳолини, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари, талабаларни ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий таъқиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамасининг қарори ишлаб чиқилади.

Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам акс этади. Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади.

Фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари шундан кейин ҳам қайтарилса, президент таъкидлаганидек жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади. Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйган. 

Диана Еникеева ҳақида

Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берган. "Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш олиб борилмоқда", — деди Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 14 март куни Каттақўрғон туманида магистрал йўлни тозалаётган 23 ёшли мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева, юк машинаси уриб юбориши оқибатида вафот этган эди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати Спутник мухбирига ўқитувчи республикада март-апрел ойларида эълон қилинган ободонлаштириш ойлигида иштирок этгани, мажбурий меҳнатга жалб қилинмагани ҳақида таъкидлаган эди. 

Шунингдек, ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, Каттақўрғон тумани районо мудири, Диана Еникеева ишлаган мактаб директори ва директор ўринбосари ишдан олинган. Мансабдорларнинг ишдан олиниши расмий сабаблари ҳозирса номаълум.

Диана Еникееванинг отаси бўлиб ўтган шов-шувлардан кейин қизи хашарда қатнашганини ва барчадан оиласини тинч қўйишларини илтимос қилган эди.

Икки соатда ҳозирланган парниклар…

Президент жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам қаттиқ норозилигини билдирган эди.

Қайд этилган хўжакўрсин ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказиш бўйича кўрсатма берилган. 

Жумладан, Қашқадарёда йўл бўйларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасасида эски жиҳозлар ўрнатилганлиги ва касалларни онлайн рўйхатга олиш дастури ишламаслиги каби ҳолатлар текширилади.

Вилоятларга ташриф чоғида кўрсатилган, жумладан банк раҳбарлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни чуқур ва таҳлилий инвентаризациядан ўтказиш, камчиликлар аниқлангудек бўлса, кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилган.

"Президент яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади. Давлат раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида ОАВ воситалари, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги медиа-марказ орқали хабарлар бериб борилади", — деди Алламжонов.

Телеграм тармоғида шунингдек бугун Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида мажбурий меҳнат бўйича махсус селектор ўтказилиши ҳақида маълумотлар тарқалди.

Асосий мавзулар