18:39 21 Ноябр 2018
Эфир
  • RUB125.56
  • EUR9451.28
  • USD8277.53
Американская валюта в конверте

Олий даргоҳларни порахўр домлалардан тозалаш ишлари бошлаб юборилди

© Flickr/ Chris Potter
Янгиликлар
Ҳавола олиш
90910

Ҳолат шу даражага бориб етганки, таълим даргоҳларидаги порахўр устозлар эндиликда ўз ўқувчиларига "ўрнак" бўлиб хизмат қилмоқда

ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. "Ўзбекистон 24" телеканали порахўрлик билан шуғулланиб келган қатор таълим соҳаси вакиллари қўлга олинганлиги ҳақида кўрсатув намойиш этди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.

Дастурда мактаблар ва коллежлардаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида гапириб ўтилгач, олий таълим даргоҳларида ўқишга киритиб қўйиш ваъдасини берган фирибгарлар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро Тўлаганова ва Тошпўлатовалар Тошкент педиатрия институти ректори ёрдамчиси лавозимида ишловчи Умид исмли таниши орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўямиз деб, Мирзаабдуллаевадан нақд 15 минг АҚШ долларини санаб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ўзбекистонда педагогларни етиштириб берувчи Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида ҳам худди шундай ҳолат рўй берган.

Ушбу олийгоҳнинг лаборанти Бобоев Нуруллаевни мазкур университетнинг жисмоний тарбия факультетига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, ундан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Худди шу университетнинг яна бир ходими — доцент Ахмадалиев ҳам фуқаро Салимовадан хоҳлаган факультетига ўқишга киритиб қўйишга ёрдам бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари сўраган ва пулнинг тенг ярмини олаётган вақтида қўлга олинган.

Мамлакатдаги таълим даргоҳларидаги порахўрлик ҳолатлари ҳақида бундан олдин ҳам кўп маротаба ёритилган, аммо шу кечаю-кундуздаги каби тезкор рейдлар ёппасига ва бу қадар очиқ ошкор этилмаган эди.

Ушбу рейдларни Ўзбекистондаги таълим тизимини "оёққа қўйиш" бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳали бошланиши, деб қабул қилса бўлади.

Олий таълим вазирлиги мутасаддиларидан илтимосимиз, шу кунларда олийгоҳлар қошида ташкил қилинган қабул комиссияларида навбатда турган абитуриентлардан "ҳужжатни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш" эвазига "30" ёки "50" минг сўм олиш билан шуғулланаётган "нопок ходимлар" масаласига ҳам эътибор қаратсангиз. Зеро, абитуриент, ўзи учун муқаддас саналган даргоҳда илк  таассуротни қандай қилиб "пора" берганлигидан бошламаслиги лозим.  

Асосий мавзулар