ТОШКЕНТ, 29 окт - Sputnik. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Интернет ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходими фуқаронинг оғиз бўшлиғидан гиёҳванд воситасига ўхшаган моддани олганликлари юзасидан тарқалган маълумотларга ойдинлик киритди.
Аниқланишича, 26 октябрь куни Қўшработ туманида 20 ёшли Р.Т. "Labo" автомашинасини қарама-қарши йўналишга ўтиб бошқариши оқибатида қарама-қарши томондан унга қараб ҳаракатланаётган 16 ёшли С.С. бошқарувида бўлган "Ваз-2101" машинасига тўқнашган.
ЙТҲ натижасида ҳеч бир киши тан жароҳати олмаган, автомашиналар шикастланган.
Ҳодиса содир бўлган жойга ИИБ ЙХҲБ инспекторлари етиб келгач, Р.Т. уларни кўриб, ўз оғиз бўшлиғига номаълум модда солган ва уни ютишга уринган. Бу ҳолатни кўрган атрофдагилар куч билан ҳайдовчининг оғзидан минг сўмлик купюрага ўралган, гугурт қути ичига солинган, қуруқ ҳолдаги, майдаланган, ўткир ҳидли гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани олишган. Ҳайдовчининг сўнтагидан шунингдек, гиёҳванд модда истеъмоли учун мослаштирилган, ангишвона ўрнатилган баклашка қопқоғи топилган.
Шундан сўнг Р.Т., туман ИИБ маъмурий биносига олиб борилиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Судга оид кимёвий экспертиза хулосасида Р.Т.дан олиб қўйилган бир дона гугурт қутисидан соф оғирлиги 0,47 граммга тенг марихуана гиёҳванд моддаси турига кирувчи тетрагидроканнабинол аниқлангани баён этилган. Елим қопқоқ ичидан гиёҳванд модда - тетрагидроканнабинол модда излари топилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Қўшработ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.