05:06 05 Декабр 2020
Эфир
  • RUB137.48
  • EUR12473.23
  • USD10427.38
Янгиликлар
Ҳавола олиш
511 0 0

Академик Саидовга кўра, Трибунал ҳозирги замон халқаро судлари тизимини барпо этиш учун намунавий модел вазифасини ўтади. Халқаро жиноят суди шу негизда ташкил этилгани халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро жиноят ҳуқуқи ривожига туртки берди.

ТОШКЕНТ, 21 ноя - Sputnik. Москвада куни кеча ва бугун ўтказилаётган "Нюрнберг трибуналининг 75 йиллиги: тарихий ҳақиқатлар ва янги давр даъватлари" халқаро илмий-амалий форумининг эрталабки онлайн сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва "Нюрнберг меросининг халқаро ва миллий ҳуқуқ тизимларига таъсири" мавзусида маъруза қилди.

Тадбир Россия Федерациясининг Ғалаба музейи томонидан президент грантлари фонди кўмагида ва Бош прокуратура, Тергов қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги каби ўндан ортиқ давлат ташкилоти, нодавлат ташкилотлар ҳамда илмий муассасалар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Халқаро илмий-амалий форумда дунёнинг 30 мамлакати ва Россия Федерациясининг 85 субъектидан вакиллар қатнашди. Халқаро анжуман доирасида иккита ялпи мажлис, тўққизта шўъба баҳс-мунозаралари ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. 

Маълумки, 1945 йил 20 ноябрда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида Учинчи рейхнинг юқори мартабали раҳбарлари устидан суд жараёни бошланганди.  Унда жаҳон урушини қўзғаган ва ўн миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлган сиёсий режимнинг жиноий қилмишлари кўриб чиқилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Бугун фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираларини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Қонли жанг майдонларида мардлик кўрсатган, фронт ортида меҳнат қилиб, бугун ҳаётимизга файз бағишлаб юрган муҳтарам фахрийларимиз олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз".

Академик Саидов Иккинчи жаҳон уруши даврида ўн миллионлаб кишилар қурбон бўлганлиги билан боғлиқ инсоният бошига тушган бундай улкан фожеани ҳамиша ёдда сақлаш керак, дея таъкидлади. Башарият ХХ асрда инсон зотига нисбатан содир этилган бу қадар шафқатсизликларга жаҳон тарихи давомида сира дуч келмаганди.

Биргина мисол: шу вақтга қадар Ўзбекистон республикаси ҳудудида ўша даврда яшаган 6 миллион 551 минг кишидан салкам 1 миллион 500 минг нафари урушда иштирок этган деб ҳисобланарди. Сўнгги маълумотлар эса, Ўзбекистондан фронтга қарийб 1 миллион 951 минг киши сафарбар этилганидан далолат бермоқда. Бу ўзбекистонликларнинг ҳар учтасидан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жангга отланган, деганидир.

Шу маънода, Нюрнберг процесси – нафақат ҳарбий жиноятчиларга нисбатан одил судлов, балки инсониятга шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида улкан тарихий сабоқ чиқариш имконини берган "тарихий суд" ҳамдир. Нюрнберг трибунали ўз ишини бошлаган санадан 75 йиллик масофада туриб, у тарихий, ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий соҳалар ривожида нақадар улкан роль ўйнаганлигини яққол кўриш мумкин.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида халқаро ҳамжамият  инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий нормалар нафақат давлатларнинг миллий ҳуқуқида, балки халқаро ҳуқуқда ҳам мустаҳкамлаб қўйилиши зарур, деган хулосага келди. Бошқача айтганда, Нюрнберг жараёни дунёда янгича ҳуқуқий тартиб-таомиллар қарор топишига муайян даражада кўмаклашди.

Халқаро ҳарбий трибунал Низомига мувофиқ, инсон ҳуқуқлари соҳасига доир бир қанча халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бу ҳужжатларда давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва уларни таъминлаш борасидаги умумий мажбуриятлари мустаҳкамланди. Шунингдек, халқаро жиноятларга йўл қўймаслик ёки уларнинг олдини олиш бўйича аниқ нормаларни ўзида акс эттирган қатор халқаро конвенциялар тасдиқланди.

Нюрнберг жараёни сабоқлари халқаро-институтлашган одил судлов органлари учун замин бўлиб хизмат қилди. Нюрнберг жараёнига қадар халқаро ҳуқуқда фақат давлатларнинг  жавобгарлигигина кўзда тутилган бўлиб, бу ҳам кўп жиҳатдан жамоавий жавобгарлик ҳисобланарди. Нюрнберг жараёни - дастлабки халқаро одил судлов тимсолида - ана шу вазиятни тубдан ўзгартирди.

Трибунал ҳозирги замон халқаро судлари тизимини барпо этиш учун намунавий модел вазифасини ҳам ўтади. Халқаро жиноят суди шу негизда ташкил этилгани ушбу фикримизни тасдиқлайди. Бу, ўз навбатида, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва халқаро жиноят ҳуқуқи ривожига туртки берди.

Нюрнберг жараёни сабоқлари инсоният фақат бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари билан зулмга бас келиши мумкинлигини ўргатди. Айнан Нюрнберг трибунали Низомидаги принциплар кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан халқаро ҳуқуқнинг инсониятга қарши жиноятлар билан курашиш соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари сифатида тасдиқланган.

Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таълим ва ахборот-маърифатга доир асосларини яратди. Халқаро ҳамжамият тинчлик маданияти, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида БМТ ўн йиллиги, тинчлик ва зўравонликка йўл қўймаслик маданияти ғояларини ҳам айнан Нюрнберг принциплари асосида эълон қилгани эътиборлидир.

Нюрнберг жараёни инсон ҳуқуқларини ривожлантириш йўналишларини белгилаб олишга ўз таъсирини кўрсатгани жуда муҳимдир. Авваламбор, Нюрнберг жараёни халқаро жиноятларнинг янги турларини белгилаб берди. Кейинчалик бу янгиликлар халқаро ҳуқуқ ва аксарият давлатлар миллий қонунчилигидан мустаҳкам ўрин олди.

Нюрнберг жараёни замонавий халқаро ҳуқуқни ҳамда унинг тинчлик ва асосий инсон ҳуқуқларига риоя этишга тааллуқли принципларини изчил ривожлантиришда етакчи роль ўйнади. БМТ Бош Ассамблеяси 1946 йилнинг декабрида Нюрнберг одил судлови принциплари амалдаги халқаро ҳуқуқнинг таркибий қисми ҳисобланишини эълон қилди.

Айни чоғда, Нюрнберг жараёни берган сабоқлар бугунги кунда ҳам биз учун улкан аҳамият касб этади. Халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим принциплари ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани, шу принципларнинг амалда татбиқ этилиши туфайли инсоният тинчлик ва хавфсизликни, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини имкон қадар таъминлаб келаётгани бунинг яққол далолатидир.

Акмал Саидов қайд этганидек, Нюрнберг трибунали инсониятнинг барча муаммоларига ечим топиб бера олгани йўқ, албатта. Аммо, унинг қатъий қарорлари бўлмаганида, ҳозирги дунё одамзод кўзига бу қадар жозибадор кўринмаган бўлур эди.

Коронавирус пандемияси, бир томондан, бутун инсониятнинг бундай глобал таҳдидлар қаршисида ожизлигини кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, Ер юзидаги барча давлатлар ва дунё халқлари бир-бирлари билан ўзаро боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлади. Бинобарин, жаҳон ҳамжамияти аъзолари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар, ишонч ва яқин ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.

Инсоният бир яққол ҳақиқатни яна эътироф этди. Бу ҳам бўлса,  ҳукуматлар, парламентлар, фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ялпи жавобгарлик, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро мувофиқлаштириш принципларини мустаҳкамлаш заруратидир.

Нюрнберг трибунали инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш борасида улкан роль ўйнагани, энг муҳими, жаҳон ҳамжамиятига ўзаро яқин қўшни, дўст ва ҳамкор бўлиб тинч-осойишта яшаш мумкинлигини кўрсатиб бергани шубҳасиз, дея ўз чиқишини якунлади академик Саидов.

 

Асосий мавзулар