23:41 01 Декабр 2020
Эфир
  • RUB137.48
  • EUR12473.23
  • USD10427.38
Сиёсат
Ҳавола олиш
Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий сафари (11)
62770

Бердимуҳаммедов ўз мамлакати Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи-Жанубий Кавказ йўналишида транспорт йўлаги ташкил қилиш орқали, Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа мамлакатларнинг Қора денгиздаги портларига чиқиш имкониятига эга бўлиш учун ҳамкорликка тайёрлигини билдирди

ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев биринчи расмий сафарини Туркманистонга уюштиргани ҳақида хабар қилган эдик.

Олий даражадаги музокаралар бўйича икки давлат раҳбарлари қатор ҳужжатларни имзоладилар.

Илгарироқ Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари долзарб муаммоларга қарши биргаликда курашишга ваъдалашгани ҳақида хабар берган эдик.

Туркманистон бугун ахборот агентлигининг хабарига кўра, икки етакчи тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларидан ташқари бошқа қатор соҳаларда, жумладан, энергетика хавфсизлиги, халқаро транспорт-транзит алоқалари, экология ва атроф-муҳитни асраш масалаларида ҳам мувофиқликда ҳаракат қилишга келишиб олишган.

Энергетика барқарорлиги дейилганда Туркманистон ва Ўзбекистоннинг минтақада йирик кўламли энергетик лойиҳаларда иштироки назарда тутилмоқда.

Бунда биринчи навбатда Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой газузаткичини мисол келтириш мумкин. Туркманбоши шунингдек, Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга электрэнергиясини етказиб бериш лойиҳаси доирасида Туркманистон-Ўзбекистон-Тожикистон-Афғонистон-Покистон маршрути бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини билдирган.

"Транспорт соҳасида кучли ва замонавий инфратузилма яратиш бўйича ҳамкорлик давом эттирилади. Бу ҳамкорлик Марказий Осиё, Европа ва Яқин Шарқ транспорт тизимларини бирлаштиради", дейди Бердимуҳамедов. У Туркманистон Ўзбекистон-Туркманистон-Каспий денгизи-Жанубий Кавказ йўналишида транспорт йўлаги ташкил қилиш орқали, Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа мамлакатларнинг Қора денгиздаги портларига чиқиш имкониятини ҳам ўз ичига олишини айтиб ўтган.

Бердимуҳаммедов 2011 йил 25 апрелда имзоланган Эрон Ислом Республикаси, Уммон султонлиги, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги битим (Ашхобод битими) фаоллаштирилиши бўйича келишувга эришилганини қайд этган. Ушбу битим Марказий Осиё мамлакатлари, Форс кўрфази ҳамда Уммон денгизи портлари ўртасида товарларни узлуксиз ташиш ва транзит учун ишончли транспорт йўлагини яратишга йўналтирилган.

Давлат раҳбарининг ушбу ташрифи доирасида очиладиган Амударё устида қурилган автомобиль ва темир йўл кўприклари мазкур транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган томонлар бу соҳада умумий фикрга келган. "Икки давлатнинг мавжуд саноат ва инфратузилмавий салоҳиятлари бу жараёнда катта рол ўйнайди", деган Туркманистон раҳбари.

Туркманистон президенти агросаноат соҳасини икки давлат кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келаётган муҳим йўналиш сифатида баҳолаган ва Ўзбекистон томонида қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб келаётгани учун миннатдорчилик билдирган.

"Кейинги йилларда Ўзбекистондаги заводларда ишлаб чиқарилаётган автомобиль ва техникалар харидоргир бўлмоқда. Ўзбекистондаги корхоналар кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам улкан тажрибага эга. Бунинг эвазига икки томонлама товар айланмасини сезиларли даражада ўстириш имконияти мавжуд", деган туркманистонликлар раҳбари.

Музокарада ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишга солиш, савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг тўғридан-тўғри ҳамкорлигини ривожлантиришга келишиб олинди.

Трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзу:
Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий сафари (11)

Асосий мавзулар