22:26 21 Январ 2021
Эфир
  • RUB142.66
  • EUR12682.88
  • USD10500.81
Сиёсат
Ҳавола олиш
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан келди (15)
58661

22-23 март кунлари Остона шаҳрига амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Казинформ" халқаро ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоб беришга рози бўлди

ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Интервью давомида Ўзбекистон раҳбари Қозоғистонга қандай ҳиссиётлар билан учаётгани, бугунги кундаги қозоқ-ўзбек муносабатлари ва бошқа саволларга жавоб берган, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

– Ҳурматли Шавкат Миромонович, бу сизнинг Қозоғистонга Ўзбекистон президенти сифатида амалга оширадиган илк ташрифингиз. Остонага қандай ҳиссиётлар билан учмоқдасиз?

Дарҳақиқат, Қозоғистонга давлат ташрифи бизнинг тарихий ривожланишдаги умумийлик, маданий, урф-одатлар ва ягона дин туфайли алоҳида характерга эга икки томонлама муносабатларимиздаги муҳим сиёсий воқеадир.

Абадий дўстлик, Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим эса Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари даражаси қанчалар юқорилигини кўрсатади. Бир қатор минтақавий ва халқаро масалаларда давлатларимизнинг позициялари умумий. Ўзбекистон ва Қозоғистон бу минтақадаги хавфсизлик ва тинчлик мустаҳкамланишида ўзини бирдек масъул ҳис этадиган икки давлатдир.

Халқаро доирада Қозоғистоннинг нуфузи ортаётгани бизни қувонтиради. Бу давлат БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси, бу эса мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятда тутган муҳим ўрнини кўрсатади.

Ўзбекистонда Нурсултон Абишевич Назарбоевни биродар Қозоғистоннинг раҳбари сифатида яхши билишади ва ҳурмат қилишади. Бу инсоннинг шахсий фазилатларини юқори баҳолашади. Бу фазилатлар у ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, ўз дўсти Ислом Каримовни хотирлаш учун юртимизга келганида намоён бўлган эди.

Ишончим комилки, Қозоғистонга ташриф ўзаро муносабатларимиз ривожида янги қадам қўйишга имкон беради. Биз давлатларимиз халқлари бу учрашувдан кўп нарса кутаётганини яхши биламиз ва умид қиламанки, бу ишончлар оқланади.

— Сизнинг раҳбарлигингизда қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири 2017−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси бўлди. Ҳужжатда асосий эътибор халқ билан мулоқот ва инсон манфаатларига қаратилган. Мамлакатни ривожлантиришда нима учун айнан шу жиҳатлар биринчи галдаги мақсадлар сифатида танланган?

Маълумки, биринчи президентимиз раҳбарлигида мустақил Ўзбекистон бозор иқтисодиёти қурилишини бошлади ва кўплаб ютуқларга эришилди.

Ҳаёт давом этмоқда, мамлакатнинг истиқболдаги ва муқаррар ривожланишини таъминланиш учун кўп ишларни амалга ошириш талаб этилади. Ҳаракатлар стратегияси эса Ўзбекистон яқин 5 йилда қай тарзда тараққий этишини белгилаб беради.

Бу ҳужжат дастури давлат қурилиш соҳалари, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни, иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминловчи таклифлар, ижтимоий соҳалар ривожи, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи алоқалар ривожини таъминлаш чораларини қамраб олган.

Эътиборингизни шунга қаратишни истардимки, Стратегия — бу кабинетдаги фикрлар маҳсули эмас. Бу ҳужжат лойиҳаси халқ томонидан маъқулланди, даставвал жамоатчилик муҳокамасидан ўтди, бу муҳокамалар давомида минглаб таклифлар ва янги ташаббуслар берилди ва уларнинг аксарияти якуний таҳрирда ўз аксини топди.

Стратегиянинг муҳим қисми — 2017 йил мамлакатимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинганидир. Бу билан ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш нафадар долзарблигига изоҳ берилган. Ҳаммаси ўтган йил охирида халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро мулоқотнинг янги механизми бўлмиш — виртуал қабулхона очилишидан бошланди. Бугунги кунгача қабулхонага ярим миллиондан зиёд инсонлар мурожаат қилди ва уларнинг барчаси кўриб чиқилиб, уларнинг ҳар бирига у ёки бу шаклда жавоб қайтарилди.

Аминманки, бугунги кунда халқ билан мулоқот қилмасдан, муваффақиятли ривожланишни таъминлай олмаймиз. Бунинг интиҳодаги маъносини оддий формула билан изоҳлаш мумкин: халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши лозим ва ўйлайманки, буни Ўзбекистонда айни кунда амалга оширилаётган ишларда кўриш мумкин.

–  Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик даражаси ва сифатига боғлиқ. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бугунги кундаги муносабатлари ҳолатини қандай баҳолайсиз?

– Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари Марказий Осиёнинг барқарор ривожланида муҳим аҳамият касб этади. Ўз вақтида давлатларимиз ўртасида Стратегик ҳамкорлик ҳақида битим имзолангани бежиз эмас. Минтақамизнинг янги тарихида бўлиб ўтган энг мураккаб даврларда, бошқалардан фарқли ўлароқ, биз давлатлараро жиддий низолардан холи бўлдик ҳамда тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолдик.

Марказий Осиё тараққиёти ҳақида гапирар эканмиз, биз яхши тушунамизки, исталган йирик минтақавий лойиҳалар, транспорт-коммуникация ёки энергетик характердаги лойиҳаларни давлатлар ўртасидаги фаол ҳамкорлик ва фаол интеграллашувсиз амалга ошириб бўлмайди. Бугунги кунда Марказий Осиё халқаро миқёсдаги энергетик ва транспорт лойиҳаларидаги муҳим ўйинчига айлангани — бу минтақа давлатлари юритган фаол ташқи сиёсат натижасидир.

Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги эвазига минтақа Ғарбни Шарқ билан, Шимолни Жануб билан боғлайдиган муҳим транспорт йўлаклари чорраҳасига айланди. Образли қилиб айтадиган бўлсак, Буюк Ипак йўли тикланмоқда ва биз кўп асрлар аввал бўлгани каби Евроосиё транспорт артериясининг юрагида жойлашганмиз.

Мамнуният билан қайд этишни истардимки, Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан ҳисобланади.

Албатта, глобал инқироз товар айланмаси жадаллигига таъсир кўрсатмасдан қолмаган. Аммо шу билан бир қаторда мамлакатларимиз ўртасида фойдаланилмай қолаётган имкониятлар кўплигини тан олиш даркор.

Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 230га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда, ўз навбатида Қозоғистонда Ўзбекистон резиденти иштирокидаги 130дан ортиқ корхона ишламоқда. Бу кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш мумкин. Шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ҳам. Бу давлатларимизнинг ишбилармон доиралари томонидан таклиф этилган ва бугунги кунда бир қисми ҳаётга татбиқ этилаётган янги ташаббусларда акс этган.

— Президентлик фаолиятингизнинг илк кунлариданоқ сиз Марказий Осиё минтақасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ташқи сиёсатдаги устувор йўналиш сифатида белгиладингиз. Сизнингча Марказий Осиёдаги ҳудудий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим йўналишлари нималардан иборат?

– Бизнинг мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги асосий йўналишлардан бири бу яқин қўшнилар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Бу табиий интилиш ва бу Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши биз минтақавий сиёсатни қанчалар тўғри олиб боришимизга боғлиқлигини тушунганликдан келиб чиқади.

Ҳаммамиз яхши тушунамизки, Марказий Осиё — бу асрлар давомида географик, иқтисодий ва маданий кенгликларда умумийликка эга бўлиб келган ягона организмдир.

Минтақанинг барча аҳолисини ташвишлантирадиган муаммоларни бир давлатнинг ўзи алоҳида ҳал қила олмайди. Дейлик, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт-коммуникация, экология, сув ресурсларидан оқилона ва одиллик билан фойдаланиш каби масалалар. Марказий Осиё ҳамиша сув захираларига жиддий эҳтиёж сезган. Ҳозирги глобал иқлим исиши ва сувга талаб кучаяётган бир пайтда муаммо тобора мушкуллашмоқда. Агар бугун биз сувнинг ҳар томчисини тежаш ҳақида ўйламасак, авлодлар олдида жиноят қилган бўламиз.

Яна қайтараман, ҳатто сув тежовчи энг яхши технологияларни қўллаб ҳам бир давлат муаммони алоҳида ҳолда ҳал эта олмайди.

Бу масалада Қозоғистон билан якдил фикрга эгамиз ва бу йўналишда ягона стратегияни қўллаш тарафдоримиз. Алоҳида давлат жаҳон бозорига ўз энергия ресурсларини қўшни давлатларни четлаб ўтган ҳолда етказа олмайди. Шунинг учун транспорт йўлларини тартибга соладиган ва янги транспорт йўлакларини ишга туширадиган ҳаммамиз учун манфаатли ягона интеграциялашган тизим яратишимиз керак. Биз барчамиз бундан фақатгина ютамиз.

Ҳудудий ҳамкорлик масаласига қайтадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг бугунги кундаги сиёсатини шундай белгилайман: кескин саволлардан қочмаслик ва ақл билан муросага келиш йўлини излаш.

Қозоғистондаги музокаралар чоғида ҳам ҳудудий ривожланиш масалаларига шундай ёндашамиз. Бу мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўлини қидириш ва улкан минтақавий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдир. Буларнинг барчаси биз учун биринчи даражали аҳамиятга эгадир.

— Сизнинг Нурсултон Назарбоев билан учрашувингиз кун тартибидаги мавзу минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш мавзуси бўлади. Сиз Остона ва Тошкентнинг бу соҳадаги ҳамкорлиги истиқболини қандай кўрмоқдасиз?

— Таъкидлаб ўтишни истардимки, Ўзбекистон ва Қозоғистон халқаро миқёсдаги асосий муаммоларга аксарият ҳолларда бирдек ёндашган. Биз халқаро саҳналарда бир-биримизнинг ташаббусларимизни қўллаб-қувватлаб келганмиз ва ишонаманки, бундан кейин ҳам шундай давом этади.

Бизнинг мамлакатларимизни халқаро ва регионал хавфсизлик масалалари жиддий ташвишга солади. Шу ўринда минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатишда улкан яратувчанлик ишларини амалга ошираётган Қозоғистон ролини биз юқори баҳолаймиз. Шу ўринда Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг тузилишида ҳамда бошқа йўналишларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда Қозоғистон ташаббускор бўлганини қайд этишнинг ўзи етарли.

Дунёдаги тинчлик ва барқарорликка мавжуд трансмиллий таҳдид ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга жавоб чораси холис ва халқаро миқёсда бўлиши керак. Ўйлайманки, ШҲТнинг июнь ойида Остонада ўтказиладиган саммити трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масаласида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Хавфсизлик масалаларида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамиша ШҲТда, бошқа форумлар ва ташкилотларда реал ҳаракатлар амалга оширилиши тарафдори бўлиб келган. Биз ҳамиша хавфсизлик соҳасидаги муаммолар иқтисодий ривожланиш билан тўғридан-тўғри боғлиқлигини яхши тушунганмиз.

Шу туфайли, терроризм ва радикаллашувга қарши кураш фақат хавфсизлик чораларинигина эмас, балки барқарор иқтисодий ривожланиш, тадбиркорлик ва одамларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши зарур.

Бу хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш йўлидаги илк қадам бўлади. Қачонки биз мамлакатимизнинг ҳудудий сиёсати ҳақида гапирар эканмиз, ҳамиша Ўзбекистон билан умумий чегараларга эга Афғонистонни ҳисобга оламиз. Биз барчамиз тушунамизки, Афғонистондаги вазият Марказий Осиё олдида муайян вазифаларни қўяди.

Шунинг учун Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам Афғонистон муаммоси тезроқ ҳал қилинишидан манфаатдор ҳисобланади. Афғонистонда тинчликка эришиш учун аввало барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш зарур. Биз эса бу жараёнда иштирок этишимиз керак. Албатта, бу ўринда Афғонистондаги қўшма инфратузилмавий лойиҳалар муҳим ролни бажаради. Хусусан, Трансафғон транспорт йўлаги минтақа мамлакатларини Жанубий Осиё, Форс бўғози ва Яқин Шарқдаги портларга олиб чиқиши мумкин. Менимча, Афғонистонда энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатда тинчликка эришиш жараёнида муҳим омилга айланади.

Интервью якунида Ўзбекистон президенти Қозоғистон халқини Наврўз байрами билан табриклаган ва қозоғистонликларга фаровонлик тилаган.

Мавзу:
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан келди (15)
Теглар:
интервью, Ўзбекистон, Мирзиёев, Қозоғистон

Асосий мавзулар