01:35 21 Июл 2018
Эфир
  • RUB124.54
  • EUR9100.06
  • USD7787.81
Қўл бериш

Ўзбекистон ва Россия олдида янги истиқболлар эшиги очилмоқда

© Sputnik . Sputnik
Сиёсат
Ҳавола олиш
71510

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерацияси Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, МДҲга аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик давлатлараро жамғармаси (ГҲДЖ) бошқарувининг ҳамраиси Михаил Швидкой билан учрашув бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Мазкур учрашув якуни бўйича РФ Президентининг махсус вакили икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар қилди "Жаҳон" АА.

"Ўзбекистон ва Россияни илм-фан, таълим, ёшлар ўртасидаги алмашувлар, спорт цингари соҳаларда азал-азалдан ўзаро яқин муносабатлар бир-бирига боғлаб келади. Ўз-ўзидан аёнки, бугунги кунда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки бу йўналишдаги ҳамкорлик очиқ, таъсирчан бўлиб, инсонларнинг манфаатларига дахл қилади.

Ҳозирги пайтда мамлакатларимизда Ўзбекистон ёки Россия маданияти фестивалларини тиклашгина эмас, балки маърифий дастурларни кенгайтириш ҳам энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ёш ўзбек олимлари Россиядаги халқаро аҳамиятга молик бўлган турли лойиҳаларда фаоллик кўрсатишмоқда. Масалан, халқаро илмий марказ — Дубнадаги Ядро тадқиқотлари бирлашган институтида ўзбекистонлик истиқболли тадқиқотчилар назарий машғулотларда иштирок этишаётгани баробарида ядро қурилмаларида ҳам иш олиб боришаётгани юқори баҳога лойиқдир. Бундан ташқари, мамлакатларимиз Фанлар академиялари тарих институти йўналишида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбекистоннинг ёш маданият, илм-фан ва таълим намояндалари кўп томонлама дастурларда иштирок этишмоқда. Хусусан, таниқли спорт устаси ва Давлат думаси депутати Ирина Роднина раҳбарлигида Краснодарда ўтказиладиган мактаб олимпиадасида ўзбек ўқувчилари фаоллик кўрсатишмоқда. Собиқ жаҳон чемпиони Анатолий Карпов олиб борган Михаил Ботвинников номли мусобақада ҳам ўзбек ёш шахматчилари муваффақият билан иштирок этдилар.

Биз собиқ иттифоқ ҳудуди мамлакатларидаги илм-фан, таълим ва маданият соҳасининг таниқли намояндалари мукофотланадиган "Ҳамдўстлик юлдузлари", ёш олимлар, маданият ва таълим арбобларини рағбатлантиришга йўналтирилган "Дебютлар ҳамдўстлиги" сингари муҳим тадбирларда ҳам Ўзбекистон вакиллари қатнашишига умид қиламиз.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳамма имкониятлар мавжуд, деб ўйлайман. Биз маданий аҳамиятга молик бўлган муҳим воқеани — жуда кўп йиллардан буён Нукусдан биринчи марта Москвага келадиган машҳур Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи кўргазмасини сабрсизлик билан кутмоқдамиз.

Биламизки, бу музей коллекциясидан амалий санъатнинг нодир ёдгорликлари, илғор ўзбек, қорақалпоқ ва рус рассомларининг ноёб бадиий санъат дурдоналари, қорақалпоқ халқининг беназир этнографик асарлари ҳамда жуда қизиқарли археология осори-атиқалари жой олган. Бу, албатта, Ўзбекистон ва Россия олдида янги истиқболлар ва имкониятлар очилаётганининг рамзидир.

Сўзим интиҳосида шуни айтишни истардимки, 25 йил давомида ҳар бир мамлакатнинг халқаро сиёсат бўйича ўз қарашлари, у ёки бу жараёнлар юзасидан ўз нуқтаи назарлари юзага келган бўлса-да, маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасида бизнинг умумий жиҳатларимиз кўп эканлигига менинг ишончим комил. Биз бир-биримизнинг анъаналаримизни, тарихимиз ва маданий ўхшашликларимизни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро ҳамкорлик учун очиқмиз. Умид қиламанки, бу шундай давом этади".

Асосий мавзулар