15:38 07 Апрел 2020
Эфир
  • RUB121.10
  • EUR10637.67
  • USD9554.22
Сиёсат
Ҳавола олиш
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи (19)
172580

"Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман", - деб айтган президент учрашув чоғида

ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ўзбекистонликлар билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳукумат портали хабар қилди.

"Буюк мутафаккирлар замини бўлган Ўзбекистон фарзандлари бугунги кунда ҳам юксак билим ва салоҳиятини дунёга намоён этмоқда. Жумладан, кўплаб юртдошларимиз АҚШда яшаб, ўз соҳаларида катта муваффақиятларга эришмоқда. Улар орасида олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, талабалар бор", — дейилади хабарда.

Ўзбекистон президенти Америка Қўшма Штатларида юртдошлар билан учрашиб турганидан ғоят хурсандлигини изоҳор қилган.

"Мен ушбу ташриф чоғида сизлар билан чин дилдан, самимий суҳбатлашишни аввалдан режалаштириб қўйган эдим. Ватандан йироқда, мусофирчиликда ўз ўрнини топиш ва ҳақли эътироф қозониш нақадар машаққатли эканини барчамиз яхши англаймиз. Бундай катта ютуқларга эришиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бугун сизлар билан очиқ мулоқот қилиб, сизлар билан яқиндан танишиш, мамлакатимиз олдида турган катта-катта вазифаларни амалга ошириш борасидаги фикр ва мулоҳазаларингиз, таклифларингиз билан ўртоқлашиш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман", — деб қўшимча қилган Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг аҳамияти ҳақида сўзлаган. Суд-ҳуқуқ, молия, кичик бизнес, туризм, тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар тўғрисида маълум қилган.

Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, илм-фан ва таълимни ривожлантириш, замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича улкан ишлар бошлангани таъкидланди. Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида сўз борган.

Мирзиёев учрашувга келган ҳар бир ўзбекистонлик ҳаёти ва фаолияти билан қизиққан.

Шавкат Мирзиёев ватандошларни Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдор бўлиш, замонавий билим ва тажрибаларини мамлакатимиз ривожига йўналтиришга даъват этган.

"Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, деди давлатимиз раҳбари. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман", — деб айтган президент.

Сўнгра, барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман, деб қўшимча қилган.

Учрашувга йиғилганлар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини қайд этган. Хорижда яшаётган юртдошларга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдиришган. Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашган.

Мавзу:
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи (19)

Асосий мавзулар