ТОШКЕНТ, 26 сен — Sputnik. "Россия мамлакатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор", — деди Мирзиёев билан учрашувда 25 сентябрь куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Россия қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачев.
Мамлакатлар ўртасида мавжуд бўлган "яшил йўлак" доирасида Россия бозорига етказиб берилаётган ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларининг тури ва ҳажми кенгайиб бормоқда. Россия ташкилот ва компаниялари ҳар йили Ўзбекистонда ўтказилаётган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу ойнинг бошида бўлиб ўтган навбатдаги ярмарка якунида умумий қиймати 500 миллион доллардан ортиқ бўлган экспорт шартномалари имзоланди.
Агросаноат мажмуида қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Интенсив боғдорчилик, иссиқхоналар хўжалиги, чорвачиликни ривожлантириш, селекция ва уруғчилик соҳалари шулар жумласидандир. Мамлакатлар илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Аграр соҳада кооперацияни кучайтириш ва қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, уруғлик ва ветеринария препаратлари тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди. Малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Россия қишлоқ хўжалиги вазири Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия президенти Владимир Путин ва Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.