02:37 22 Сентябр 2018
Эфир
  • RUB118.05
  • EUR9347.75
  • USD8039.00
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев муштумзўр раҳбарларга қарши курашишга ваъда берди

© Пресс-служба президента РУз
Сиёсат
Ҳавола олиш
2965120

Интернетда Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев ўз қўл остидагиларини сўкиб, ҳақоратлагани ҳақида хабарлар тарқалиб кетди

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik. Ўзбекистондаги маҳаллий ва чет эл интернет нашрларида Андижон шаҳар ҳокими ўз эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб, қўл остидагиларга зуғум ўтказаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 ноябрда ўтказилган видеоселектор давомида раҳбарларнинг муштумзўрлиги давлат сиёсатига зид эканлиги ҳақида тўхталиб ўтган эди.

"Агар раҳбарлар намуна бўлмаса, эртага биз одамларни эргаштира олмаймиз. Бугун орамизда ана шундай фазилатларга эга бўлган: халқимизнинг ҳурмат ва эҳтироми, ишончига сазовор бўлаётган кўпчиликни ташкил этади ва биз улар билан, албатта, фахрланамиз. 

Лекин афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ўз масъулиятини унутиб, оёғи ердан узилган, "Мен раҳбарман, нима қилсам ҳам, меники тўғри", деган хато фикр билан ғўдайиб юрган айрим одамлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлаётгани, ҳаақорат қилиб, ҳатто қўл кўтараётгани ҳақида кўплаб маълумотлар келиб тушмоқда.

Бу бизга номаъқул нарса.

Бу иллатни йўқ қилиш керак.

Вақт-соати ўтди, одамлар кўтармайди энди. Бундай раҳбарлар ўзининг кибр-ҳавоси, бошқаларни менсимаслиги, ўзбошимчалиги ва қўполлиги билан одамларни, жамоатчиликни бирлаштириш ўрнига, аксинча, жамиятимизда бирдамлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини бузишга сабаб бўлаётгани бизда катта ташвиш уйғотмоқда.

Ўзини йўқотиб, манманликка берилиб кетган бу шахслар нафақат ўз обрўсини, энг ёмони, унга мансаб бериб қўйган давлатнинг унга ишонч билдирган халқнинг обрўсини тўкмоқда.

Агар раҳбарнинг ўзи шундай ножўя ишларга қўл урса, бошқа ходимлар, айниқса, катта умид билан ҳаётга кириб келаётган беғубор ёшларимиз улардан нимани ўрганади?

Агар кимдир бундай шармандали берилган топшириқ ёки режани бажариш билан боғлаб ўзини оқламоқчи бўлса, шуни қулоғига яхшилаб қуйиб олсин: иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа — одамларнинг шахсига тегиш бошқача нарса. 

Қўл остидагилар сизга фақат иш юзасидан бўйсуниши, қолган масалаларда сиз билан теппа тенг ҳуқуқ эгаси эканлигини асло эсингиздан чиқарманг.

Қонунларимизда бундай ҳатти-ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани, жазо муқаррар эканлигини ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ", — деган эди президент.

Мирзиёев ўзбек халқи ориятли, номусли халқ эканини яна бир бор эслатиб қўйиб: "халқ барча нарсага чидаши мумкин, лекин такрор ва такрор айтаман, адолатсизлик ва ноҳақликка асло чидай олмайди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади.

Бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, президент сиёсатига қарши чиқиш дея баҳоланади ва айбдорларга, албатта, тегишли жазолар қилинади", — дея қўшимча қилган эди.

Асосий мавзулар