08:38 17 Январ 2021
Эфир
  • RUB141.29
  • EUR12796.16
  • USD10473.20
Сиёсат
Ҳавола олиш
Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент халқаро анжумани (41)
96751

Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган тадбирда сиёсатчи Владимир Норов "Афғонистон можаросининг келиб чиқиши ва уни тинч йўл билан хал қилиш бўйича халқаро ташаббуслар" мавзусида маъруза ўқиди

ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Афғонистондаги ҳозирги ҳолат — қўшни мамлакатлар ва манфаатдор қудратли давлатларнинг конструктив иштирокисиз можарони ҳал этишнинг имкони йўқлигидан далолат бермоқда, деди бугун Симпозиумлар саройида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов.

Ўз чиқиши давомида Норов Афғонистон урушининг уч босқичи, "Толибон"нинг "Ислом давлати"дан фарқи ҳамда Афғонистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган мамлакатда вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатлар ҳақида тўхталди.

"Афғонистондаги вазиятнинг охирги 40 йил давомидаги таҳлили шундай хулоса қилиш имконини беради-ки, мамлакатдаги қуролли можаролар тарихи ўзининг 3та ривожланиш босқичига эга", — деди Норов.

Биринчи босқич: совет қўшинининг киритилиши

1979 йилнинг декабрида чекланган совет ҳарбийлари Афғонистонга киритилгач, 1989 йилга қадар бу давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида зиддиятлар кучайиши кузатилган. Ўша вақтда Афғонистон ҳудудида "Афғон уруши" номини олган ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган, лекин ҳақиқатда бу фуқароларнинг қуролланган қаршиликлар кўрсатган даври бўлган. 

Вывод советских войск из Афганистана
© Sputnik / Александр Лыскин
Вывод советских войск из Афганистана

1989 йилнинг февралида СССР қўшинлари Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилгач, мамлакатдаги вазият кескин ўткир тус олган.

Ўша вақтда қуролланган мухолифат кучлар ўз таъсирини кенгайтириб бораётган бир шароитда, Афғонистон президенти Муҳаммад Нажибуллоҳ ҳокимият тепасида 3 йилгача қолишга муваффақ бўлган. 1991 йилда СССР тарқалиб кетгач, ҳар қандай турдаги ёрдам кўрсатилиши тўхтатилган бир вақтда президент Нажибуллоҳ 1992 йилда истеъфо беришга мажбур бўлган ва совет қўшинлари Афғонистонни тарк этгач ҳукумат тепасига Бурҳонуддин Раббоний бошчилигидаги оппозиция вакиллари келишган.

Иккинчи босқич: "Толибон"нинг вужудга келиши

Норовга кўра, Афғонистонда зиддиятлар ўткир тус олишининг иккинчи сабаби — мамлакат ҳарбий сиёсий харитасида "Толибон" ҳаракатининг вужудга келиши билан боғлиқ. Уларнинг вужудга келиши ва кенгайиши Афғонистон жанубидаги Қандағор провинциясидан бошланган.

"Даставвал сони унчалик кўп бўлмаган ҳаракатга шиддат билан янги-янги кучлар келиб қўшилган ва унинг сафи янги тарафдорлар билан кенгайиб борган. 1995 йилга келиб толиблар мамлакатнинг тенг ярим ҳудудини назоратга олган. 1996 йилга келиб улар Афғонистон пойтахтини эгаллаб олдилар ва Афғонистонни Ислом Амирлиги деб эълон қиладилар", — деди Норов.

Боевики группировки Талибан. Архивное фото
© AFP 2018 / Noorullah Shirzada
Боевики группировки Талибан. Архивное фото

Сиёсатчининг айтишича, Бурҳонуддин Раббоний ҳукумати тарафдорлари янги ҳукуматга оппозицияда эди — "Толибон"нинг уларга қарши кураши 1996 йилдан 2001 йилгача давом этган.

Шуни қайд этиш керакки, "Шимолий альянс" номи остидаги бирлашган кучлар "Толибон"нинг босқинчилик ҳаракатларини тўхтатишга муваффақ бўлган ва шу тариқа 1997 йилнинг бошидан Афғонистонда ўзига хос "кво" мақоми шаклланган. Бунда томонларнинг бирортаси бутун мамлакатда назоратни ўз қўлига ололмаган эди. Шу боис, улар ўртасида позиция учун кураш давом этиб келаётганди.

1990 йиллар бошларида Афғонистондаги нотинчлик Марказий Осиё минтақаси учун катта бўлган таҳдилар манбаи эди — булар терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва ноқонуний қурол савдоси.

Мана шундай шарт-шароитларда Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратилган қатор ташаббуслар билан чиқиш қилди.

Хусусан, БМТ шафелиги остида Афғонистоннинг қўшнилари ва дўстлари — "6+2" форматида алоқа келишув гуруҳини тузиш ташаббуси. Бунда Афғонистон билан тўғридан тўғри чегарадош бўлган давлатлар: Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон шунингдек, АҚШ ва Россия иштирок этди.

1998 йил 21 сентябрда Нью-Йоркда Ташқи ишлар вазирлар даражасида "6+2" форматида учрашув ташкиллаштирилди.

1999 йил 19-20 июлда БМТ шафелигида "6+2" гуруҳининг олий даражада Тошкент учрашуви бўлиб ўтди. Бунда алоқа гуруҳининг аъзоларидан ташқари афғон можаросининг асосий иштирокчилари — "Шимолий альянс" ва "Толибон" ҳаракати вакиллари  қатнашдилар.

Тошкент анжуманидан сўнг ҳеч қандай натижа бермаган куч методидан воз кечиш ва зиддиятни тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойили ҳақида халқаро консенсус қабул қилинди.

Томонлар вазиятнинг янада чуқур илдиз отишини — бутун дунё ҳамжамиятининг ҳамкорликдаги ва фаол ҳаракатлари орқали тўхтатиш имкони борлигини тан олдилар. Музокара иштирокчилари узоқ муддатли тинчлик фақатгина афғон халқининг ўзини ҳаракати орқали ўрнатилиши мумкинлигини бир овоздан қайд этдилар.

Учинчи босқич: АҚШ қўшинининг киритилиши

Афғон можаросининг учинчи босқичи 2001 йил  11 сентябрда Вашингтонда содир этилган терактлардан кейин янги шаклларга эга бўлди, деди Норов.

Сиёсатчининг айтишича, Америка Қўшма Штатлари ва у бошчилигида тўпланган халқаро коалиция БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йил 20 декабрдаги резолицияси асосида Афғонистонда ҳарбий операцияни бошлаган. Аммо сўнгги 17 йил давомида Афғонистонда юз бераётган қуролланган тўқнашувлар тинчлик ва барқарорлик ўрнатишда ҳеч қандай натижа бермаган. 

Военнослужащие НАТО осуществляют посадку в вертолет
© Flickr / Official U.S. Navy Page
Военнослужащие НАТО осуществляют посадку в вертолет

Бундан ташқари Афғонистон ҳудудида кейинги вақтларда Афғон ҳукумати ҳамда бутун дунёда халоватсизликни келтириб чиқараётган ёвуз куч пайдо бўлди — бу ерда гап "Ислом давлати" деб аталмиш уюшма ҳақида бормоқда. 

"Агар "Толибон" асосан пуштунлар ҳаракати бўлса ва унинг етакчилари ўз олдиларига ҳеч қачон экспансиявий (босиб олиш, кенг тарқалиш) вазифаларини қўймаган бўлса, "Ислом давлати" улардан фарқли ўлароқ Бутунжаҳон халифалик давлатини тузишга ҳаракат қилмоқда.

Афғон инқирозининг узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган, тугал билмас характерига қарамай, мамлакат ҳукумати халқаро иштирокчилар ва кузатувчиларни жалб этган ҳолда уни ҳал этишнинг муносиб ва ўзаро манфаатли йўлларини топишга ҳаракат қилмоқда.

Афғонистондаги ҳозирги ҳолат — қўшни мамлакатлар ва манфаатдор қудратли давлатларнинг конструктив иштирокисиз можарони ҳал этишнинг имкони йўқлигидан далолат бермоқда", деди ўз чиқиши якунида Норов.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон бўйича Тошкент анжумани 26-27 март кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ТИВ хабарига кўра, 12 март санасига қадар ўзларининг дипломатик каналлари орқали форумда иштирок этишларини Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия ТИВ раҳбарлари, Европа Иттифоқининг хорижий масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Афғонистондаги БМТ махсус вакили тасдиқлаганлар.

АҚШ томонидан анжуманда Давлат котибининг биринчи ўринбосари иштирок этади.

23 март кунидан бошлаб Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот маркази иш бошлади. Матбуот маркази кунига 24 соат ишлайди.

Ушбу мносабат билан ўтказилган бугунги тадбирда матбуот маркази раҳбари — конференция матбуот-котиби Шерзод Қудратхўжаев, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил марказ директори Элдор Орипов, тарих фанлари доктори, профессор Шерзод Абдуллаев ва бошқалар Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган мазкур нуфузли анжуманнинг Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш ва қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнларидаги аҳамияти ҳақида тўхталди.

Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясини ёритишда 300 га яқин маҳаллий ва 20 дан ортиқ хорижий ОАВ вакиллари қатнашади. 

Журналистларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида бўладиган конференциянинг асосий тадбирлари матбуот марказига тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Бундан ташқари, марказ замонавий компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар билан жиҳозланган. Юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли узатиш орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд.

Мавзу:
Афғонистон бўйича юқори даражали Тошкент халқаро анжумани (41)

Асосий мавзулар