02:57 21 Сентябр 2018
Эфир
  • RUB118.05
  • EUR9347.75
  • USD8039.00
Мухаммаджон Кодиров

Ўқитувчи зўрға юрибди, уни ҳурмат қилиш керак - доцент Қодиров янги қарорга изоҳ берди

Спутник
Сиёсат
Ҳавола олиш
383892

Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди, доцент Муҳаммаджон Қодиров Спутник мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш учун қабул қилинган қарор борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди

ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон янги ўқув йилидан бошлаб мутлақо бошқача, аниқроқ қилиб айтганда жаҳон таълим стандартларига мос тушадиган таълим тизимига ўтмоқда.

Ўзбекистон президенти томонидан 5 июнь куни имзоланган "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги янги қарор, жамоатчилик, қолаверса олий ўқув юртларида фаолият юритиб келаётган профессор-ўқитувчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Қарордаги баъзи бандларга эътирозлар ҳам йўқ эмас.

Хусусан, ҳужжатда келтирилган "2019 йил 1 мартгача бўлган муддатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида "талабанинг ўзлаштириш даражаси — профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони" тамойилини жорий қилишнинг аниқ механизмларини белгилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиши" белгиланган банди нафақат ўқитувчиларнинг ўзлари, балки бу янгиликдан хабардор этилган фуқароларда ҳам кўплаб саволларни туғдирмоқда.

Ушбу янгилик ОАВларда эълон қилингач, Фейсбук ижтимоий тармоғида қуйидаги изоҳлар қолдирилди:

"Шу кунларда университетда ўқийдиган ёш ўқитувчи бу борада менга шундай деди: "Энди нима қилдик? Уқувсиз талабаларга баҳосини ошириб қўйишга мажбур бўламиз-да. Шуларни деб, ишсиз қолмаймизку! Бу муаммонинг нотўғри ечими", — деб ёзган фойдаланувчилардан бири. Шунингдек, бошқа фойдаланувчилар ҳам, бу кетишда ўқитувчиларга оғир бўлиши ҳақида ўз фикрларини ёзиб қолдиришган.

Ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамалардан кейин Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Дилмурод Набиев "Ёшлар" телеканалига берган интервьюсида янги қарор бўйича расмий шарҳларни келтириб ўтди.

Хусусан, ҳужжатдаги "табаланинг ўзлаштиришига қараб домланинг рейтинг даражаси белгиланиши" бандига тўхталар экан, бу орқали ўқиш сифатини ошириш мақсад қилинганлигини айтиб ўтди.

"Бизлар битта профессор-ўқитувчини 5 йилга танлов асосида ишга олардик. У яхши ишлайдими, ёмон ишлайдими сифатли дарс беряптими ёки сифатсиз ишлайверарди. Энди ҳар йили ўқув йили якуни бўйича профессор ўқитувчини фаолиятига баҳо берамиз", — деб аниқлик киритди вазир ўринбосари.

Шарқшунослик институти ўқитувчиси, фалсафа фанлари номзоди, доцент Муҳаммаджон Қодиров Спутник мухбири билан суҳбатда домлаларни баҳолаш рейтинги жаҳондаги таълим стандартларида кенг қўлланилишини айтиб ўтди.

"Ўқитувчи нима қилади? Дарсини ўтади, ўзлаштиришинг ёмон деб, талабани қулоғини тагига қўйиб юбормайди-ку! Ўқитувчи талабага ўз насиҳатларини беради, аммо унинг насиҳатлари талабага таъсир ўтказмаса, талаба домланинг айтганини қилмаса… Ўқитувчи бугун зўрға ишлаб юрибди, ўқитувчини ардоқлаш керак", — деди Қодиров. 

Қодировнинг фикрича Фейсбук фойдаланувчилари қарорнинг айнан ўша банди субъективизмни келтириб чиқаришидан норози бўлишмоқда.

"Ислом университетида ўз вақтида ўқув йили охирида домлаларни холис баҳолаш мақсадида бошқа олий ўқув юртларидан мутахассислар чақирилиб, талабалар ўртасида "Қайси ўқитувчининг дарсидан сизлар розисизлар?" деган мазмунда сўровнома ўтказиларди. Яъни талабаларнинг ўзлари баҳо бериш орқали ўша олий ўқув юртида у ёки бу домлани қолдириш керакми-йўқми, шу масалани ҳал этишарди. Бу тажриба Европа ва АҚШ олий ўқув юртларида ҳам кенг қўлланилади", — деб таъкидлади доцент.

Қодировнинг сўзларига кўра, хориждаги олий ўқув даргоҳлари ўқув йили бошида ўқитувчи билан бир йилга шартнома имзолайди. Ўқитувчининг шартнома муддати якунланишига бир ой қолганида, у лекция ўқиб юрган масканларда талабалар ўртасида "Мана шу курсни кераги борми?", "Шу ўқитувчи ўтаётган дарслардан қониқиш хосил қиляпсизларми", деб сўровномалар ўтказилади ва талабалар ўша ўқитувчига ёзма баҳо берадилар.

"Албатта, талабалар берадиган баҳо фақат ректоратда (талабаларнинг орасида эмас) муҳокама қилинади. Агар талабаларнинг ярми "бизга керак эмас", деб ёзиб беришган бўлса, ўша олий ўқув юрти домла билан хайрлашади. Домла билан ҳисоб-китоб қилиниб, сиз ўтадиган курс тугади, яна бошқа курслар бўлса, эълон қиламиз интернетда, келаверасиз, сизга жавоб дейилади, бўлди. Ўқитувчини иккинчи йилга ишга олиб қолишмадими, у бундан хулоса чиқаради, келгусида аудиторияни ҳам ҳисобга оладиган бўлади, ўз устида янада қаттиқроқ ишлайди", — деди Қодиров ва ўз вақтида, яъни собиқ Иттифоқи даврида институтда ишлайдиган домлалар бир пара дарс ўтиш учун бир кун, баъзан икки кунлаб тайёргарлик кўришганини қўшимча қилди.

Қодировнинг сўзларига кўра, талабаларнинг дарсга қатнашмаслиги бугунги кунда кўпчилик ўқитувчиларнинг хафсаласини қайтармоқда, "Аммо бу бошқа масала, мисол учун менинг лекцияларимни тенг ярмини қолдирган талабага мен ҳеч қачон яхши баҳо қўймайман. Шундай экан, мана шундай ҳолатлар ҳам ҳисобга олиниши, ўқитувчи бу ерда ҳамма учун "калтак емаслиги" лозим", — деб фикр билдирди Қодиров ва ўқитувчига "зиён етказмаган ҳолда" баҳолаш тизими Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилса, бу албатта, фақат ижобий натижалар келтиришини таъкидлади.

Асосий мавзулар