17:46 20 Август 2019
Эфир
  • RUB138.47
  • EUR10092.14
  • USD9061.00
Визит Официального представителя МИД РФ Марии Захаровой в Узбекистан

Мария Захарова Тошкентда: ўзбекона лутф, очиқ жавоблар ва дипломат бўлиш сири ҳақида

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Сиёсат
Ҳавола олиш
102310

Мария Захарова Россия ТИВ ахборот ва матбуот департаменти директори лавозимини эгаллаганидан буён, унинг ҳар ҳафта ўтказиладиган брифинглари Россия ва хорижий ОАВларда тобора оммалашмоқда

ТОШКЕНТ, 26 окт - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Россия дипломатияси "юзи", Россия Ташқи ишлар вазирлиги ахборот ва матбуот департаменти директори, 1-тоифали Фавқулодда ва Мухтор элчи - Мария Захарова бугун халқаро иқтисод ва дипломатия университетига ташриф буюрди.

Мария Захарова талабалар тўпланган залга қадам қўяр экан, Ўзбекистонга ҳар гал келганида ўзбекона лутф, меҳмондорчиликдан бошқача завқ олиши ҳақида сўз очди ва ҳозиргина дунёдаги энг мазали таомлар билан уни сийлашганини қўшимча қилди.

Захарова - Россия дипломатияси тарихида Россия ТИВ расмий вакили лавозимига тайинланган биринчи аёл. У ижтимоий тармоқларда ўта фаол ва айнан у ўз расмий аккаунтларида ёзиб қолдирадиган постлардан чет эл ОАВлари тез-тез цитаталар келтириб туришади.

Тошкент халқаро аэропортидан ҳайратланган дипломат

Дипломатнинг айтишича, самолёт трапидан Ўзбекистонга илк қадам қўйиши билан Тошкент халқаро аэропортининг таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганидан ҳайратланган. 

"Мен таажжубландим - бу нима, янги аэропортми, дедим ҳатто. Менга эса "Йўқ, ўша, аввалги аэропорт деб жавоб беришди", - дея таассуротлари билан ўртоқлашди у.

Россия ТИВ вакилининг сўзларига кўра, у Ўзбекистонга тунда учиб келган ва рўй берган ўзгаришлар туфайли аэропортни умуман таниёлмаган. Чироқлардан тортиб, таъмирлаш ишларигача ҳамма-ҳаммасида катта ўзгаришлар рўй берган...

Шоираликка даъвогар эмасман...

Бўлғуси дипломатларга таништирилар экан, эгаллаб турган лавозимидан ташқари, Мария Захарова шеърлар ҳамда қўшиқларга матнлар ёзиб туриши ҳам айтиб ўтилди. Россиялик дипломат ўзига берилган бу таърифга шундай жавоб қайтарди:

"Мен шеър ёзишга жиддий қизиқиш билан қарамайман, шунчаки, кўнглимда туғилган сатрларни қоғозга тушираман. Анна Ахматова, Александр Пушкинларни ҳақиқий шоир дейиш мумкин, мен эса шунчаки эрмак қиламан".

Ўзбекистонга ташрифидан мақсад

Захарова дипломатия университети талабалари олдида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистонга "маъруза ўқиш учун келмаганлигини" айтди.

Визит Официального представителя МИД РФ Марии Захаровой в Узбекистан
© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Визит Официального представителя МИД РФ Марии Захаровой в Узбекистан

"Агар сизлар қарши бўлмаларингиз сизлар билан савол-жавоб форматида мулоқот қилар эдим", деди Россия ТИВ делегацияси таркибида келган дипломат.

Захарова университетга таклиф учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, ташрифидан мақсад - Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари линияси бўйича иккинчи маслаҳатлашувлар бўлганини, биринчи маслаҳатлашув бир йил муқаддам ўтказилганини айтиб ўтди.

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи ва иккиёқлама муносабатлар ҳақида

Мария Захарова, университет талабалари томонидан берилган Россия ва Ўзбекистон муносабатлари, яқинда бўлиб ўтган Россия президентининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги саволга жавоб берар экан, икки давлат муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилганини қайд этди.

"Ушбу ташриф ва унинг доирасидаги музокаралар иккиёқлама муносабатларда тарихий ва жуда муҳим босқич бўлди, бу шубҳасиз. Бўлиб ўтган жараёнга шундай тавсиф бериш энг тўғри бўларди. Бу шунчаки протокол ташриф эмас ва у шунчаки расмиятчилик учун амалга оширилгани йўқ. Иккиёқлама муносабатларга янгича сифат берилди. Ўртадаги стратегик шериклик ҳақида амал қиладиган ҳужжатларни санаб ўтмасдан, оддий тилда гапирадиган бўлсак, ҳозирда икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди. Эндиликда шу учрашувда бўлиб ўтган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш керак, холос", - деди дипломат.

Трамп, Жон Болтон ва кабутарлар...

Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар халқаро сиёсатга бевосита таъсир кўрсатади. Ушбу масала Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари эътиборидан четда қолмади.

Хусусан, талабалардан бири Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага яқинда АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Жон Болтон Москвага уч кунлик ташрифни амалга оширгани ва бу учрашув пировардида нималар рўй бериши мумкинлиги ҳақида савол берди.

Мария Захарова саволга жавоб берар экан, бу мавзуда жуда кўп гапирилганини айтди ва шу билан бирга ташриф ҳақиқатда "мазмунли" бўлганини таъкидлади. "Жаноб Болтон Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашди. Лекин шу билан бирга у Россия Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлигида учрашув ўтказди ва шундан сўнг Болтон Россия президенти томонидан қабул қилинди", - деди Захарова ва бу ҳақда турли экспертлар фикри эълон қилингани, қолаверса учрашувлар давомида икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ҳақида келишув бўлгани ҳақида қўшимча қилди.

Захарова, шунингдек, Россия ТИВ раҳбарининг ушбу учрашув якунлари юзасидан берган интервьюси тўлиқ ҳажмда "Россия-1" телеканали орқали чиқишини маълум қилди.

Россия ТИВ вакилининг айтишича, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар қачон нормал ҳолатга келиши ҳақидаги саволлар жуда кўп берилади. 

"Тўғри таъкидладингиз, кўпгина глобал масалаларнинг ечими мана шу иккиёқлама муносабатларга боғлиқ. Афсуски, улар томонидан халқаро муносабатларга "блок билан ёндашув" кўпроқ бўлади. Ва шундай вақтларда уларда халқаро муносабатларда демократия масаласи ўртага ташланмайди, ҳатто. Биз эса ҳамкорларимиз ва қўшниларимиз ташқи сиёсатига ҳурмат билан ёндашамиз. Бизлар кўпчилигимиз битта халқаро ташкилотга аъзолигимизга, мисол учун ШҲТга аъзолигимизга қарамай, ташқи сиёсатдаги позицияларимизда бўладиган фарқларга ҳурмат билан муносабатда бўламиз. Баъзан айрим масалаларда қарашларимиз айро тушиши мумкин. Ва бундай ҳолатлар биз учун нормал ҳисобланади. У ерда (АҚШда демоқчи) "блок ёндашув" амал қилади, шу боис Россия ва АҚШ муносабатлари ўзига хос "камертон" бўлиб, Вашингтон ўз шерикларини шунга мослаштиради", - деди Захарова.

"Россия яхшилаш эмас, балки икки ўртадаги муносабатларни ёмонлаштирмасликка тайёр эди. Биз ҳар доим бир гапни такрорлаймиз ва бу жумла балки меъдага ҳам тегиб кетгандир: бу бизнинг танлов эмас. Ҳа, муносабатларни ёмонлаштириш бу бизнинг танлов эмас. Агрессивлик, қўрқитиш, шантаж даражасидаги тинимсиз таҳдидлар... Ҳар ойда турли халқаро ташкилотлардан чиқиш ҳақидаги ташаббуслар билан биз чиқаётганимиз йўқ. Лекин Америка Қўшма Штатларида ҳозир мана шундай тарихий жараён кечмоқда. Биз уни "ўзликни англаш", деб характерлаймиз. Эҳтимол бу ички кризис ҳолат туфайли юзага келгандир. Шу боис биз буни ҳам тушунамиз. 

Лекин биз муносабатларни мутлақо бошқача қуриш керак, деб ҳисоблаймиз. Улар масъулиятга асосланган бўлиши керак", - деди дипломат.

Захарова 300 кунлаб расмийлаштирилаётган визалар масаласига ҳам тўхталди.

"Америка Россия фуқаролари учун визаларни 300 кун давомида расмийлаштиради. Майли текширув жараёни бўлсин. Бу текширув жараёни қай тарзда амалга оширилади? Нима, россияликлар анкеталари кабутарлар оёқларига боғланиб Америка Қўшма Штатларига учирилмаса керак? Булар барчаси компьютерлаштирилганку", - дея фикрларини билдирди дипломат.

Дипломат бўлиш учун...

Бўлғуси дипломатларни қандай қилиб яхши дипломат бўлиш мумкинлиги ҳақидаги савол ҳам қизиқтирмай қолмади.

Захарова бу савол жуда кўп берилишини, жумладан Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровдан ҳам бу ҳақда кўп сўралишини таъкидлаган ҳолда қуйидагиларни маълум қилди:

"Дипломатия - бу энг аввало касб эканлигини англаб олинг. Бу билимингизга асосланган маҳоратдир. Бу касб  билим, профессионаллик ва профессионал муносабатга асосланади", - деди у.

Захарова ёш дипломатларга ўз ватани тарихи, жаҳон тарихини, халқаро муносабатлар тарихини чуқур ўрганишни, бундан ташқари одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, муроса қилиш санъатини кундалик ҳаётда чархлаб боришни маслаҳат берди.

Асосий мавзулар